Яратилиш санаси 21.05.2026

Абуллайс Самарқандий

Абуллайс Наср ибн Муҳаммад ас-Самарқандий Самарқанднинг забардаст олимларидан бири эди. У "Ал-Фақиҳ" лақаби билан ҳам машҳур бўлган. Бу лақабни олиши тўғрисида ушбу ҳодиса келтирилади:

Абуллайс Самарқандий "Танбеҳ ул-ғофилин" китобини ёзиб бўлганидан кейин ўз китобини олиб Пайғамбаримизнинг равзалари — қабрларига келиб шу ерда тунаб қолади. Кечаси тушида Пайғамбаримиз унга ўша китобни кўрсатиб "Китобингни олгин, эй фақиҳ!", деб марҳамат қилаётганини кўради. Мана шундан кейин Абуллайс Самарқандий ушбу лақабни табаррук деб юрар экан.

У шунингдек, "Имомулҳудо" лақаби билан ҳам машҳур бўлган. Бу лақаб билан Абу Мансур Мотуридий ҳам танилган эди.

Унинг туғилган йили ҳақида аниқ маълумот йўқ. Вафотининг тарихи ҳақида ҳам кўрсатилган саналар фарқлидир.

Абуллайс Самарқандий биринчидан ўз отаси Муҳаммад ибн Иброҳимдан дарс олган. Унинг устозлари: Абу Жаъфар ал-Ҳиндувоний, Ал-Халил ибн Аҳмад ас-Сажазий, Муҳаммад ибн ал-Фазл ал-Балхий ва бошқалардир.

Унинг шогирдлари: Луқмон ибн Ҳаким ал-Фарғоний, Абу Молик Наим ал-Хатиб, Муҳаммад ибн Абдурраҳмон аз-Зубайдий, Абу Саҳл Аҳмад ибн Муҳаммад, Абу Абдуллоҳ ал-Ҳаддодий ва бошқалар бўлган.

"Абуллайс ўз даврида етук забардаст аллома, фақиҳ, муҳаддис, муфассир, зоҳид киши бўлган. У ёзган китоблар унинг турли илмларда мутахассислигини ва шу илмларда юқори даражаларга эришганлигини кўрсатади.

Абуллайс Самарқандий ўзининг кўп қиррали шахсияти ва кўп сонли илмий ижоди билан замондошларидан ажралиб турган.

У тафсир илми бўйича "Баҳрул-улум" китобини, фиқҳ илми бўйича "Хизонатул-фиқҳ", "Уюнул-масоил", "ал-Муқаддима", "ан-Навозил", "Таъсисун-назоир", "ал-Мабсут", "ан-Наводир ул-фиқҳийя", "Шарҳул-жомеъ ал-кабийр", "Шарҳул-жомеъ ас-сағийр", "Муқаддима фи баъзил-кабоир вас-сағоир", "Фатово" асарларини, зоҳидлик ва тақво борасида "Танбиҳ ул-ғофилин", "Бустонул-орифин", "Қурратул-уюн ва муфарриҳул-қал-бил-маҳзун", эътиқод-калом илми бўйича "Усулуд-дин", "Баён ақидатил-усул", "Асрорул-ваҳий", "Рисола фил-маърифа вал-иймон", "Рисола фил-ҳукм", "Қувватун-нафс фи маърифатил-арконил-хамс" китобларини ёзган[1].

[1] Ислом ҳуқуқшунослиги. Ҳанафий мазҳаби ва Ўрта Осиё фақиҳлари. Абдулҳаким Жўзжоний. Тошкент ислом университети, 2000.

Абдуллаев Азимжон 

таълим муассасаси ўқитувчиси