Қуръони карим таърифи
“Улумул Қуръон” китоби соҳиби Доктор Муҳаммад ибн Лутфий ас-Сабоғ Қуръони каримни қуйидагича таърифлайдилар:
القرآن هو كلام الله المعجز , ووحيه المنزل على نبيه محمد صلى الله عليه وسلم , المكتوب في المصاحف , المنقول عنه بالتواتر , المتعبد بتلاوته [1].
“Қуръон Аллоҳ таолонинг муъжиз (ожиз қолдирувчи) каломи, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга ваҳий орқали нозил қилинган, мусҳафларда битилган, мутавотир йўл билан нақл қилинган, ибодатда ўқиладиган”.
Ушбу таърифни яхши тушуниб етишимиз учун бир оз шарҳлашга тўғри келади.
"Ожиз қолдирувчи каломи", деган сифат ҳам фақатгина Қуръони каримнинг ўзига хос сифатлардан биридир.
Қуръони карим ҳар жиҳатдан оламларни ожиз қолдирувчидир яъни, инсонлар ҳар қанча уринсалар ҳам унга ўхшашини ижод қила олмайдилар.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда:
“Агар биз бандамизга туширган нарсадан (Қуръондан) шак-шубҳада бўлсанглар, у ҳолда шунга ўхшаш биргина сура келтиринглар ва Аллоҳдан ўзга гувоҳларингизни чақиринг, агар ростгуй бўлсаларингиз”, деган.[2]
Одамлар ҳар қанча уринмасинлар, бу ишнинг уддасидан чиқа олмаганлар ва чиқа олмаяптилар ҳам. Аллоҳ таоло Қуръони каримни Ўзининг энг афзал ва энг сўнги пайғамбари бўлмиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асосий мўъжизаси қилди. Аввал ўтган Пайғамбарларнинг мўъжизалари моддий мўъжизалар бўлиб, ҳар бир Пайғамбарнинг бу дунёда туришига боғлиқ қилинган эди.
Ўтган Пайғамбарлар бу дунёдан ўтишлари билан у зотларга берилган мўъжизалар уларнинг шариатлари вақтинча бўлгани сабабли ўз кучини йўқотган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шариатлари қиёматгача боқий бўлгани сабабли, асосий мўъжизалари Қуръони карим ҳам қиёматгача боқий қилинди.
[1] “Ламҳа фи улумил Қуръон”. – Б. 1.
[2] Бақара сураси, 23-оят.
Қаюмов Софватуллоҳ
таълим муассасаси ўқитувчиси