Ҳайз ва нифос (2-қисм)
وتتوضّأ المستحاضة ومن به سلس البول أو استطلاق بطنٍ أو انفلات ريحٍ أو رعافٌ دائمٍ أو جرحٌ لا يرقأ لوقت كلّ فرضٍ.
Истиҳоза қони кўрган аёл, бавли томчилаб турадиган ёки доимий ел келиб турадиган ёки ичи кетиб турадиган ёки доимий бурни қонаб турадиган ёки жароҳатидан тинимсиз (йиринг) оқадиган киши ҳар бир (фарз) намоз вақти учун янгитдан таҳорат олади.
Изоҳ: Бундай кишилар соҳиби узр дейилади. Соҳиби узр ҳар бир фарз намоз вақти учун янги таҳорат олади.
ويصلّون به فرضًا ونفلًا.
Ана шу таҳорат билан нафл ва фарз намозларини ўқиши мумкин.
Изоҳ: Масалан, соҳиби узр пешин вақти учун таҳорат олган бўлса, то аср вақти киргунча у пешин фарзини, қазо намозларини ва қўшимча нафл намозларни ўқиши жоиз. Унга пешин вақти чиққунча таҳоратли одамга жоиз бўлган амалларни бажариши мумкин.
ويبطل بخروجه فقط.
Намоз вақтининг чиқиши таҳоратини ботил қилади.
Изоҳ: Масалан, соҳиби узр бўлган киши пешин вақти учун таҳорат олса, унинг таҳорати пешин вақти чиққанда бузилади. Узридан бошқа таҳоратни бузувчи сабаблар ҳам таҳоратни бузади.
وهذا إذا لم يمض عليه وقت فرضٍ إلّا وذلك الحدث يوجد فيه.
Юқоридаги ҳукм бирор фарз намозни вақти ичида узридан холи ҳолатда ўқий олмаган киши учундир.
Изоҳ: Соҳиби узрни аниқлаш йўли: энг қисқа намознинг вақти, масалан, шомни танлайди ва қуёш ботиши билан то қизил шафақ ғойиб бўлгунча бир марта таҳорат олиб, фақат шомнинг фарзини адо қила оладиган вақт топишга ҳаракат қилади. Айтайлик, шомнинг фарзини ўқиш учун беш дақиқа вақт кетсин. Агар у шом вақти чиққунча беш дақиқа пок ҳолда туролмай, узри сабабидан таҳорати кетиб қолаверса, соҳиби узр саналади ва қолган намозларда беш дақиқа кутиб ўтириши шарт бўлмайди, балки бир намоз вақти кириб, то чиқиб кетгунича бир марта бўлса ҳам узри топилса бўлди. Шаръий соҳиби узрга айлангач, модомики, ҳар намоз вақтида бир марта бўлса ҳам таҳорати кетиб турар экан, бундай киши соҳиби узр ҳукмида бўлади. Қачонки тўлиқ бир намоз вақтида бирор марта ҳам узр содир бўлмаса соҳиби узрлик ҳукми бекор бўлади.
والنّفاس دمٌ يعقب الولد.
Нифос бола туғилгандан кейин келадиган қондир.
ودم الحامل استحاضةٌ.
Ҳомиладор аёл кўрадиган қон истиҳоза қонидир.
والسّقط إن ظهر بعض خلقه ولدٌ.
Тушиб қолган ҳомиланинг баъзи аъзолари кўринса у бола ҳисобланалади.
Изоҳ: Туққан она нифосли аёлга айланади. Бу билан талоқ қилинган аёл иддаси чиқади. Лекин бундай болага исм қўйилмайди, ғусл қилдирилмайди, жаноза намоз ўқилмайди. У меросга ҳақли бўлмайди.
ولا حدّ لأقلّه
Нифоснинг озига чегара йўқ.
Изоҳ: Туққан аёлдан қон бир соат, бир кун, ўн кун каби кунларда тўхтаб қолса, унинг нифос муддати ана шу тартибда бўлаверади.
وأكثره أربعون يومًا والزّائد استحاضةٌ
Нифоснинг энг кўпи қирқ кун, ундан зиёдаси истиҳоза бўлади.
ونفاس التّوأمين من الأوّل
Эгизак туққан аёлнинг нифоси биринчи туғилган боладан бошланади.
Саминов Аъзамхон,
таълим муассасаси ўқитувчиси