“Фиқҳ ас-сийра” асарининг аҳамияти (2-қисм)
Aсарда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг етим ҳолда дунёга келганлари, қўй боқишлари, Хадича онамиз розияллоҳу анҳога уйланишлари, Каъбанинг қурилишидаги иштироклари, ваҳий нозил бўлишидан олдин кўп узлатда бўлганлари каби сийратнинг ҳар бир воқеасидан сўнг унинг ҳикматлари атрофлича баён қилинган.
Асарда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга Ҳиро ғорида илк бор ваҳий нозил бўлгани ҳақидаги ҳадис келтирилгач, ваҳийнинг илк нозил бўлиш ҳолатларидаги кўпгина ҳикматлар баён қилинади. Муаллиф илк ваҳий нозил бўлиши ҳолатларининг ўзи “Муҳаммад мутафаккир бўлган, яккахудолик эътиқоди унинг ғордаги узоқ тафаккури маҳсулидир, арабларни бирлаштариш мақсадида ушбу эътиқодни ўйлаб чиққан”, деб айтадиганларнинг гапларини ботилга чиқаради:
“Ваҳийнинг бошланиши ҳақидаги ҳадис ислом дини эътиқоди ҳамда шаръий масалаларнинг манбаидир. Уни фаҳмлаб, унга ишониш Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган бошқа ғайб хабарларига ҳам ишонишга асос вазифасини ўтайди. Чунки ваҳий ўз ақли билан фикр юритиб, ўз раъйи билан иш юритадиган инсондан фақат Парвардигорининг буйруғини ўзгартирмасдан, кам ҳам, зиёда ҳам қилмасдан етказаётган инсонни фарқлаб, ажратиб беради.
Шунинг учун ҳам исломга нисбатан шаккоклик уйғотиш билан шуғулланувчилар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларидаги ваҳий мавзусига, уни оддий илҳом ёки хаёлий сўз тўқиш, деб тушунтиришга бор кучлари билан уринадилар. Сабаби, улар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг ҳузуридан келтирган нарсаларга мусулмонлар имон келтиришларига асос бўлган манба ваҳий эканини жуда яхши биладилар. Улар бундай ғаразли ғояларини амалга ошириш йўлида хаёлларига келган, куракда турмайдиган сафсаталарни айтишади. Масалан, улардан бири: "Муҳаммад доимий ўй-фикр билан банд бўлган. Ўйлаб-ўйлаб ўйига етгандан кейин қалбида бир ақидани шакллантирган ва бу ақида бутпарастликни йўқ қила олади деган фикрга келган", деса, яна бири: "У киши Қуръонни ҳам, Ислом асосларини ҳам роҳиб Баҳийродан ўрганган", дейди.
Абдураҳимов Баҳромжон,
таълим муассасаси ўқитувчиси