Яратилиш санаси 06.11.2026

Ўқувчиларнинг илмий дунёқарашини шакллантиришда ақлий тарбиянинг ўрни

Ҳозирги жадал тараққиёт даврида ёш авлодга фақат тайёр билимларни беришнинг ўзи етмайди. Педагогика фани олдида турган энг асосий вазифалардан бири— ўқувчиларнинг илмий дунёқарашини шакллантириш, уларда мустақил фикрлаш ва таҳлилий кўникмаларни ривожлантиришдир. Бу жараённинг марказида эса ақлий тарбия туради.

Ақлий тарбия — инсон мияси ва фикрлаш механизмини «чархлаш», уни янги билимларни онгли равишда қабул қилишга, мустақил таҳлил қилиш ва мантиқий хулоса чиқаришга тайёрлашдир.

Замонавий педагогикада ўқитувчи ўқувчига фақат тайёр формулага сонларни қўйишни ўргатиб қўя қолмайди. Аксинча, унга: «Нима учун бундай? Уни яна қандай усуллар билан ечиш мумкин?» деган муаммоли топшириқлар беради. Натижада ўқувчи масалани турли йўллар билан ҳал қилишга уринади, таҳлил қилади, хатоларини ўзи излаб топади ва энг тўғри ечимга ўзи етиб боради.

Педагогик ёндашувнинг гўзал намунаси
Ақлий тарбия ва усулий ёндашувлар тарихига назар ташласак, бу услубнинг асрлар оша амалда самарали қўлланиб келганини кўрамиз. Бунга Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган қуйидаги ҳадис яққол мисол бўла олади: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бану Фазора қабиласидан бир араб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб: «Хотиним қора тусдаги бола туғди (мен бундан гумонланаман)», деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан: «Туяларинг борми?» дедилар.
У: «Ҳа», деди.
«Уларнинг ранглари қанақа?» — сўрадилар у зот.
У: «Қизил», деди.
«Ораларида кулранг-қорамтир туялар ҳам борми?»
У: «Ҳа, бор», деди.
«Бу ранг уларга қаердан келиб қолган деб ўйлайсан?» — деб сўрадилар.
У: «Эҳтимол, аждодларидаги (томиридаги) ранг ўтиб қолгандир», деди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бўлмаса, сенинг бу ўғлингга ҳам аждодларидаги ранг ўтган бўлиши мумкин-да», дедилар ва унга бунга шубҳа қилишга йўл қўймадилар.

Ушбу ривоятдан чуқур педагогик ва илмий хулосалар келиб чиқади:
Аналогия ва қиёслаш усули: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобийга тайёр биологик ёки генетик ҳукмни шунчаки айтиб қўя қолмадилар. Унинг ўз кундалик ҳаётига таниш бўлган соҳа — туячилик оламидан мисол келтирдилар. Мурожаат қилган киши туялардаги генетик белгиларнинг насл суришини ўзи таҳлил қилиб, қиёслади ва кейин ўз фарзанди ҳақида мантиқий хулосани ўзи чиқарди.

Бу — педагогикада эвристик таълим ва муаммоли ўқитишнинг энг юқори поғонаси бўлиб, инсонни тавсиявий эмас, балки мустақил фикрлашга ундайди.

Ўқувчиларда илмий дунёқарашни шакллантиришда уларга тайёр билимларни сунъий равишда сингдириш эмас, балки уларда танқидий ва мантиқий фикрлашни уйғотиш муҳимдир. Қадимдан синовдан ўтган бундай намунали педагогик ёндашувлар бугунги кунда ҳам таълим-тарбия жараёнининг негизи бўлиб хизмат қилиши керак.

Абдураҳманов Муҳаммаджон
таълим муассасаси ўқитувчиси