Яратилиш санаси 12.11.2021

Бемазҳаб «салафий»ларнинг китобларга хиёнати

Аллоҳ таоло ўзининг Каломи мажидида яҳудийларнинг шаънида кўплаб оятлар нозил қилган. Уларнинг сифатлари ҳақида, қилмишлари тўғрисида огоҳлантиришлар баён этган.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда яҳудийларнинг қилган бу қилмишларидан хабар берар экан, мусулмонлар бундай ишлардан огоҳ бўлмоғи лозимлигини, гўё Қуръонга нисбатан, ҳадисга нисбатан, оят ва ҳадислар мазмунидан келиб чиқиб ёзилган китобларга нисбатан яҳудийларга ўхшаб таҳриф ва бузуқ таъвил қилмасликларини уқтиради.

Зеро, ўша аҳли китоблар сингари мусулмонлар ҳам бундай ишларни қилмасликларига кафолат йўқ. Тўғри, шу пайтгача Аллоҳ таолонинг ваъдаси (ўз каломини ўзи асраши тўғрисидаги оят: Ҳижр сураси, 9-оят) туфайли Қуръони карим таҳриф ва бузуқ таъвилдан асраб келинди. Қаерда ва қачон Аллоҳнинг китобига нисбатан хиёнат сезилса, мусулмонлар якдиллик билан оламни ғавғога тўлдириб, ўша хиёнатни фош этиб, олдини олиб, йўқотиб борганлар. Ҳеч қачон Қуръонга нисбатан қилинган хиёнат – ўзгартириш ва таҳриф жазосиз қолмаган.

Бемазҳаб тоифалар, бизнинг давримизга келиб китобларнинг замонавий нашрларини амалга оширар эканлар, хиёнат йўлини тутишни ўзларининг иш услублари қилиб олдилар. Яъни, улар:

1) китоблардаги маълумотларни ўзгартириш; 

2) уларга сохта маълумотларни қўшиб нашр қилиш; 

3) китоблардаги асил маълумотларни даврга, замонга ва эътиқодга туғри келмайди, деган баҳоналарда олиб ташлаб нашр қилиш йўлини тутдилар.

Бу хилдаги хиёнатларини уялмай-нетмай ноширларга ёки нашриётлардаги оддий ходимларга ҳам юклаб қўяётган ҳолатлар йўқ эмас. Умуман, бугунги замонамизнинг таниқли олимларидан бири Муҳаммад Аввома буни «Маолими иршодия» асарида давримизнинг илмдаги энг катта офатлардан бири деб биладилар.

Жумладан, у зот қуйидаги гапларни ҳам айтганки, уни батафсилроқ келтириш фойдадан холи эмас: Биз нашр ишлари кенг тарқалган дунёга мубтало бўлдик ва мазкур покиза порлоқ илмий меросга ҳар хил нарсани аралаштириб ташладик. Бу эса қаттиқ балодир, илмда ва динда қаттиқ зарардир.

Бу зарар қўлёзмалар давридаги ҳосил бўлган зарардан каттароқ ҳисобланади. Мана шу сабаблар илмни уламолардан олишнинг зарурлигини янада кўпроқ таъкидлайди. Уламолар ўзларидан олдинги табақалардан қўлма-қўл ўтиб келган илмнинг меросхўрларидирлар”.

Муҳаммад Аввома: «қаттиқ балодир, илмда ва динда қаттиқ зарар» деб келтирган ишни салафий-ваҳҳобийлар атайин уюштириб келадилар. Бу хилдаги мисоллар китобатчиликда жуда куплаб учрайди. Юқоридаги маълумотлардан кўриниб турубдики бизнинг китобларни нашр қилаётган салафию ваҳҳобийлар нақадар хиёнаткор эканлиги маълум бўлади.

Улар аҳли суннат ва жамоатнинг – мазҳабга тақлид қилувчи уламоларнинг китобларини замонавий нашрларда чоп қилар эканлар, мазкур китоблардаги маълумотларни ўзгартиришдан ҳам, айрим жойларини олиб ташлашдан ҳам, баъзи бир ёлғон, тўқима, туҳмат ва бўҳтонларни қўшишдан ҳам тап тортмасликларини аллақачон исботлаб бўлганлар.

Бунда китоб сўзбошисида ёки муайян жойларида китоб қисқартирилгани айтиб ўтилиши лозим бўлади. Айрим мавзулар ва маълумотларни эса ўз ҳолича бериб, уларнинг тарихийлигига урғу берилган изоҳлар, ўтган даврларда юзага чиққан масалалар эканини айтиб ўтиш мумкин.

Шундай қилиб, ушбу тақриротлардан маълум бўладики, мусулмонлар, мусулмон уламолари доимо огоҳ бўлмоқлари даркор. Қуръони каримни нотўғри талқин қилаётганлардан мусулмонларни огоҳлантирмоқлари, халқ орасида мавзуʼ, тўқима ҳадислар пайдо бўлишининг олдини олмоқлари, ва ниҳоят, шариатимизнинг устувор китобларига суяниб ёзилган муътамад китобларни, ота-боболаримиз асрлар давомида ўқиб келишган асарларни таҳриф ва бузуқ табдилларидан сақланишига ҳаракат қилмоқлигимиз лозим ва лобуддир.

Рашидов Аброрхўжа