Истиво масаласи
“Аллоҳ таоло осмонда” деб эътиқод қилувчилар томонидан кенг фойдаланиладиган оятлардан яна бири “Тоҳа” сурасининг 5-оятидир. Унда шундай дейилади: “(У) Арш узра муставий бўлмиш Раҳмондир”.
Айнан шу маънони ифода этувчи оятлар Қуръони каримда олти ўринда учрайди. Жумладан, “Аъроф” сураси 54-оят, “Юнус” сураси 4-оят, “Раъд” сураси 52-оят, “Фурқон” сураси 59-оят, “Сажда” сураси 54-оят, “Ҳадид” сураси 4-оят. Қайд этиш лозимки, мазкур оят тарихда мушаббиҳа оқимининг ҳам асосий далилларидан бири бўлган.
Бугунги кунда эса сохта салафийларнинг “Аллоҳ таоло осмонда” деган таълимотини асосий таянчи ҳисобланади. Араблар “истиво” сўзини “жисмни бир нарсага ўтириши ёки ўрнашиши”га нисбатан ишлатадилар. Сохта салафийлар оятни қандай бўлса шундай тушунишимиз керак, ақлни ишлатмаслигимиз лозим дейдилар. Агар мазкур оятдаги “иставо” сўзини луғавий маънода ишлатилса, наузан биллаҳ, Аллоҳ таолога жисм ва макон нисбати берилиб қолади.
Шу ўринда уларга мазкур оятни қандай бўлса шундайлигича тушуниш керак экан, “Ҳадид” сурасидаги “Сизлар қаерда бўлсангизлар, У сизлар билан биргадир” оятини, “Қоф” сурасидаги “Биз унга бўйин томиридан ҳам яқинроқдирмиз” оятини, “Фажр” сурасидаги “ва Раббингиз (ҳукми) ва фаришталар саф-саф бўлиб келганда” оятини ҳам зоҳирий маънода талқин қилинглар, деб мурожаат қилиш ўринли бўларди, албатта.
Имом Табарий “Иставаа ъалал Арш” оятига ўзининг “Тафсири Табарий” асарининг биринчи жилдида алоҳида эътибор қаратган ва оятнинг изоҳига доир турли таъвилларни, изоҳларни бир жойга жамлаб, хулоса қилишга уринган. Умуман олиб қараганда Имом Табарий оятни шундай изоҳлаган:
علا عليها علوَّ ملك وسلطان لا علو انتقال وزوال
(Аллоҳ таоло осмонга (подишоҳ ўз) мулки ва султонлигига олий бўлиши каби олий бўлди. Бир жойдан иккинчи жойга кўчиш ёки ўтиш маъносида олий бўлмади).
Бунга жавобан салафийлар “иставо”ни Аллоҳни шаънига муносиб тарзда Арш узра истиво қилди деб тушунамиз десалар. Уларга: “Ундай бўлса, “жиҳат”, яъни Аллоҳ таоло осмонда деган маънони оятни қаеридан оляпсизлар” деймиз. Чунки, биз ҳам Аллоҳ таоло Арш узра ўзига муносиб тарзда истиво қилди, деб тушунамиз ва “Аллоҳ таоло осмонда жойлашган” ёки “Аллоҳ таоло юқорида жойлашган” деб, Унга жой, макон нисбатини бермаймиз.
Бу оятни “Аллоҳни шаънига муносиб тарзда Арш узра истиво қилди” деб тушунишда ва талқин қилишда салафийлар аҳли сунна вал жамоа билан бир йўлда, лекин Аллоҳ таолога “жиҳат ва томонни” исботлашда, аҳли сунна вал жамоа мазҳабидан чиқиб кетадилар.
Муҳаммаджон Абдураҳманов