Конституция давлатни давлат, миллатни миллат сифатида дунёга танитадиган-Қомусномадир
Ҳар бир давлатнинг бошқарув тизими тарихан маълум бир ҳуқуқий манбаларга биноан шаклланиб келган. Лекин бу ҳуқуқий манбалар турли кўриниш ва турли иборалар билан номланиб келинган.
Ҳозирги Ўзбекистонимизнинг ҳам худудида илгаридан конституциявий ҳужжатлар, яъни сиёсий тузум моҳиятини белгиловчи асосий меъёрий ҳужжатлар мавжуд бўлган.
Қанча аср ва йиллардан сўнг биз ўз ўрнимизни эгаллашга эришдик. Мустақиллик шарофати туфайли 1992-йил 8-декабрда Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қабул қилинди.
Эркинлик ва озодликни, мустақиллик ва ҳурликни тантанали тарзда ўзида намоён этувчи бу муқаддас ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган қутлуғ санани халқимиз умумхалқ байрами сифатида кенг нишонлаб келмоқда. Мустақиллик Конституцияси жаҳоннинг сиёсий харитасида янги суверен давлат-Ўзбекистон Республикаси пайдо бўлганлигини қонуний тасдиқлаб берди.
Асосий Қонунимиз давлат мустақиллигини мустаҳкамлаб, инсон ҳуқуқи ва эркининг ҳуқуқий кафолати сифатида муҳим аҳамият касб этиб бормоқда. Буни шу азиз Ватаннинг ҳар бир фарзанди юракдан ҳис этади.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси-давлатнинг Асосий қонуни бўлиб, истиқбол сари интилишимизга куч бахшида этувчи ҳужжатдир. У ижтимоий ва давлат ҳаётининг ҳуқуқий асосидир.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси озод ва суверен давлатнинг ҳуқуқий асосларини яратиш билан бирга жамиятимизнинг ҳуқуқий тараққиётида янги даврни бошлаб берди. Конституцияга биноан ўзбек халқининг йўли битта-Озод ва обод ватан, эркин ва фаровон ҳаёт қуриш, мустақилликни мустаҳкамлаб мамлакат равнақини таъминлашдир. Ўзбекистон Конституциясининг ўзига хос мазмуни шундан иборатки, у ўзбек халқининг тарихий ва миллий қадриятларини инсонпарварлик тамойилларини ўзида мужассам этади.
Ўзбекистон янги Конституциясини яратиш ғояси 1990-йил 20-июнда Мустақиллик Декларацияси қабул қилиниши билан бевосита боғлиқдир. Конституцияни яратиш зарурати ўз-ўзидан пайдо бўлгани йўқ. Бунинг албатта, ўз сабаблари бор эди.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилиниши асосий сабаблари: ўзбек халқининг озодлик, эрк ва мустақиллик йўлидаги интилиши;
халқнинг бутун бор имконияти ва салоҳиятини ишга солиш, жамиятнинг барқарор ривожланишини таъминлаш;
иқтисодий ва сиёсий муносабатларни демократлаштириш, суверен давлатнинг ҳуқуқий асосларини яратиш, ҳуқуқий ўзбошимчаликнинг олдини олиш, ўз истиқлол ва тараққиёт йўлини ҳуқуқий жиҳатдан белгилаш зарурияти ва бошқа омиллар ташкил этади.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилиниши тарихда янги бурилиш даври саҳифасини очиб борди. Унинг қабул қилиниши қонунчиликдаги мустақиллик бўлди.
Конституция-халқнинг, миллатнинг юз-кўзи, унинг обрў-эътибори ва нуфузи тимсолига айланди. Шу маънода Конституция ўзбек халқи иродаси, эрки, руҳияти, ижтимоий-сиёсий тафаккури ва маданияти маҳсулидир. Чунки, Конституция лойиҳаси устида икки йил давомида ишланиб, у умумхалқ муҳокамасидан ўтди. Умумхалқ муҳокамаси давомида жами 6 мингдан ортиқ таклиф ва мулоҳазалар билдирилди. Халқнинг фикрлари асосида Конституция лойиҳаси янада бойитилиб сайқал топди.
Конституция халқимизга хос бўлган хусусиятлар:
меҳр-оқибат, одоб-ахлоқ, одамийлик, ўзга миллатларга ҳурмат, ақл-заковатга интилиш, иймон ва эътиқод, орномус, иффат ва ҳаё каби эзгу фазилатларга асосланади.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 128-моддадан иборат бўлиб, 26-бобни бирлаштирувчи 6-бўлимни ўз ичига олади.
Конституциясининг тузилиши мазмуни-фуқаролар ўртасида тотувлик, миллий ва ижтимоий ҳамжиҳатлик, шахс эркинлиги ва сайлов эркинлиги, сиёсий фарқарорлик, фаровонлик ва иқтисодий ўсишни таъминлаш, давлатнинг инсон ва фуқаролар олдидаги ўз бурчини бажаришга эришишга йўналтирилган. Шу билан бир қаторда тенглик, эркинлик, биродарлик, халқлар ва миллатлараро дўстлик, мамлакат ва дунё барқарорлиги каби умуминсоний ғоялар ҳам мужассамдир.
Инсон ҳуқуқлари ва эркинлиги олий қадрият ҳисобланади. Шу билан Конституцияда инсон энг мўтабар мавқега кўтарилади.
Агарда Конституцияга эътибор билан қарасангиз биринчи бўлимдан сўнг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари бошланади. Конституциянинг 2-бўлими инсон ҳуқуқларининг тўлиқ ва ихчам тизимидир. Ундан кейинги 3-бўлим жаҳондаги бирорта конституцияда йўқ. Мазкур бўлимнинг асосий мақсади: фуқаролик жамияти анъаналарини шакллантириш, жамоат бирлашмалари ва ижтимоий муносабатларнинг соғлом равнақини таъминлашдир. Бундан кейинги бўлимларда давлат тузилиши ва давлат органларига оид қоидалар баён этилади. Демак, Конституция “Инсон-жамият-давлат” йўналишида тузилган бўлиб, унда инсон манфаати биринчи ўринга қўйилган.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг бош ва устувор тамойиллари: барча фуқароларнинг тенг ҳуқуқлилиги, бирон бир миллатга дахлдорлиги, диний эътиқодидан қатъий назар, жамиятда шахс устунлиги ва ижтимоий адолат барқарорлигини таъминлаш; миллий озчиликни ташкил этувчи аҳоли қатламларига эътибор билан қараш, уларнинг тили халқ анъаналари ва урф-одатларини ҳурмат қилиш; уларнинг ўзига хослиги ва тараққиётини сақлашга зарурий шарт-шароитлар яратиш каби йўналишларни ўз ичига олади.
Абдулазиз Бобамирзаев