Яратилиш санаси 09.04.2021

Рўза одоблари

Рўза  исломда фарз бўлган беш рукннинг учинчиси бўлиб, араб тилида  “Сиям” деб аталади. Луғатда эса ўзини бир нарсадан тиймоқликни билдиради. Демак рўза бандага энг гўзал амал эканини билинмоқда, ҳатто ватандошимиз Имом Бухорий ривоят қилиб бир ҳадисни келтирадилар:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Росулуллоҳ Соллаллоҳу алайҳи вассаллам айтдилар: “Аллоҳ азза ва жалла: Ҳар бир инсоннинг амали ўзи учундир.Лекин рўза мен учундир. Унинг мукофотини ўзим бераман деди”. 

Рўза  дўзахдан тўсиқдир. Агар сизлардан бирингиз рўза тутса, фаҳш ҳамда бефойда сўзларни гапирмасин. Агар бирор киши сўкса ёки уришса “Мен рўзадорман” десин. Муҳаммаднинг жони унинг қўлида бўлган зотга қасамки, рўзадорнинг оғзидан ўзгариб қолган ҳиди Аллоҳ таолонинг ҳузурида мушкнинг ҳидидан ҳушбўйроқдир. Рўзадорга икки хурсандчилик бор. Бири: Оғзини очганида, Иккинчиси  роббисига йўлиққанида” (Имом Бухорий).

Сарвари коинот кўп нарсаларни ажрларини хабарини айтмоқдалар. Бу буюк бахт, катта саодатдир - ҳар бир инсон учун, албатта.

Рўзадан бошқа пайтда инсон бир кунда 3-4 марта овқатланади. Баъзилар ундан ҳам кўпроқ овқатланиши оқибатида ошқозонда турли хил касаликлар келиб чиқади. Рамазон ойида эса ошқозон ортиқча меҳнат фаолиятидан бўшаб дам олади.  Шунинг учун ҳам сарвари коинот айтадилар: “Рўза тутинглар, саломат бўласизлар”  деб рўза одамларнинг  танасига шифо келтиришини хабарини бермоқдалар. (Имом Термизий ривояти)

Рўза нафақат  тана шифоси, балки руҳ шифоси ҳамдир. Жасад моддий-оламнинг маҳсули бўлса, руҳ маънавий-оламнининг маҳсулидир. Шунинг учун ҳар бир одамнинг ҳақиқий вазифаси жасадни эмас, руҳни тарбиялашдан иборат. Рўза одамнинг танасига шифо бериб, руҳни аҳлоқли қилиб тарбиялар экан, рўза тутган инсон фақатгина емоқ–ичмоқдан тийилиш билан  кифояланмасдан  қуйидагиларга амал қилмоғи лозим:

–– ёлғон сўзлаш, чақимчилик, жанжал  ва бўҳтонлардан тийилиш;

–– бошқаларнинг обрўсини тўкишдан сақланиш;

–– дилозорлик ва қўпол сўзларни сўзламаслик;

–– кичикларга ва ожизларга раҳм-шафқатлик бўлиш;

–– катталарга ҳурмат эҳтиромда бўлиш;

–– қариндош-уруғларга силаи-раҳмда бўлиш;

–– бемор ва кексаларни зиёрат қилиб дуоларини олиш;

–– ўғрилик, қаллоблик ва риёкорлик қилмаслик;

–– салбий оқибатларга олиб борувчи нарсалардан  ўзини тийишликдир.

Ушбу келтирилган нарсаларга амал қилиб рўза тутилса ҳам руҳан, ҳам жисмонан рўза тутишга эришамиз. Барча юртдошларимизга ушбу Рамазон ойини яна бир бор муборакбод этиб, юртимизда тинчлик ва осойишталик  ҳукмсуришини яратгандан сўраб қоламиз.

 

Исақов ОЛИМЖОН,

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти ўқитувчиси