РАМАЗОН ОЙИ МУБОРАК
Диёримизга ойларнинг султони, меҳр-шафқат саховат рамзи бўлган, Қуръони карим нозил бўлган, фазилати жиҳатидан бошқа ойлардан афзал моҳи Рамазон ташриф буюриб келмоқда. Аллоҳ таоло барчамизга ушбу ойни муборак қилиб, Ўзи рози бўладиган кўплаб ибодатларни бажаришимизга муваффақ айласин!
Рўза араб тилида “савм” деб аталиб, луғатда “бир нарсадан ўзини тиймоқлик”ни билдиради. Истилоҳда эса “тонгдан шомгача рўзани ният қилиб, уни очувчи барча нарсалардан ўзини тийиш”дир.
Рамазон рўзаси ҳижратнинг иккинчи санасида фарз қилинган. Аллоҳ таоло Рамазон рўзасининг ҳукм ва ҳикматларини Қуръони каримда батафсил баён қилиб берган: “Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз” (Бақара сураси, 183-оят).
Динимизда ойларнинг ўзига яраша фазилатлари зикр қилинган бўлиб, Рамазон ойи улар ичида алоҳида ажралиб туради. Қуйидаги ҳадиси шарифда шу фазилатларга ишора қилинади: Салмон Форсий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Шаъбон ойи охирида бизларга хутба ўқидилар: “Эй инсонлар! Улуғ, муборак ой сизларга соя солиб турибди. Бу ойда минг ойдан кўра яхшироқ бир кеча бор. Аллоҳ таоло бу ойнинг рўзасини фарз қилди, кечаси бедор бўлишни нафл қилди. Ким унда бирор бир яхшилик ила Аллоҳга яқинлик ҳосил қилса, худди бошқа ойларда фарзни адо қилганга ўхшайди. Ким унда бир фарз амални адо этса (бошқа ойларда) етмишта фарзни адо қилгандек бўлади. Бу ой сабр ойидир. Сабрнинг савоби жаннатдир. Бу ой ўзгаларга меҳр-мурувват кўрсатиш ойидир. Бу ойда мўмин кишининг ризқи зиёдалашади. Ким бирор рўзадорга ифторлик қилиб берса, бу унинг гуноҳларига мағфират ва жаҳаннамдан озод бўлишига сабаб бўлади. Ҳамда ифторлик қилиб берганга ҳам рўзадорнинг ажридан бирор нарса камайтирилмаган ҳолда, ўшанча ажр бўлади”, дедилар. Шунда биз: “Эй, Расулуллоҳ, ҳар биримиз рўзадорни таомлантирадиган нарса топа олмаймиз-ку”, – дедик. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло бу савобни рўзадорга бир ютум сут ё бир дона хурмо ё бир қултум сув билан ифторлик қилиб берган кишига ҳам беради, ким рўзадорни тўйдирса, бу унинг гуноҳларига каффорат бўлади ва Аллоҳ таоло уни менинг ҳавзимдан суғорадики, ундан кейин то жаннатга киргунига қадар чанқамайди. Бу ойнинг аввали раҳмат, ўртаси мағфират, охири жаҳаннамдан озод бўлишдир. Ким рамазон ойида қўл остидаги (хизматчиси)га енгиллик қилса, Аллоҳ таоло уни мағфират қилади ва уни дўзахдан озод қилади”, дедилар (Имом Байҳақий ва ибн Хузайма ривоят қилган).
Бу ойнинг бир қанча фазилатлари борки, уни ўзга ойлардан устун қилади:
- Рамазон ойи – Қуръон ва бошқа илоҳий китоблар: Иброҳим алайҳиссалом саҳифалари, Таврот, Забур ва Инжил нозил бўлган ойдир (Имом Табарий Абу Жалддан ривоят қилганлар). Бу китоблар инсониятган раҳмат ва ҳидоят бўлиб келган. Инсониятни икки дунё саодатига бошлаган. Куфр ва исён зулматидан имон ва тоат ёруғлигига олиб чиққан.
Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди:
“Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир....” (Бақара сураси 185-оят).
Қуръони каримнинг бошқа ўринларида Қуръон нозил бўлган кеча ҳақида айтилади:
“Албатта, Биз уни муборак кечада нозил қилдик. Дарҳақиқат, Биз огоҳлантирувчидирмиз” (Духон сураси 3-оят).
“Албатта, Биз уни (Қуръонни «Лавҳул-маҳфуз»дан биринчи осмонга) Қадр кечасида нозил қилдик” (Қадр сураси 1-оят).
Қуръони карим 23 йил давомида тарқоқ ҳолда нозил бўлган бўлсада, мазкур оятларда бир кечада нозил қилингани хабари берилмоқда. Буни муфассирлар Лавҳул маҳфуздан дунё осмонига бир жумла қилиб туширилиши билан изоҳлайдилар.
- Рамазон ойи – таровиҳ ва таҳажжуд ойидир. Бу ойда фурсатни ғанимат билиш учун одатдаги ибодатларга қўшимча равишда 20 ракат таровиҳ намози суннат қилинган. Бу эса савобларнинг бир неча баробар бўлишига сабаб бўлади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай дейдилар:
“Ким имон билан, савоб умидида Рамазон кечалари қоим бўлса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилади” (Имом Бухорий ривоятлари).
- Рамазон ойи – Аллоҳ таолонинг раҳмати ёғиладиган, жаннат ясантириладиган, дўзах эшиклари ёпиладиган, шайтонлар кишанланадиган ва кўп бандаларнинг гуноҳлари кечириладиган ойдир. Бу ой – гуноҳлари кечириладиган вақтдир. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилади:
“Ким Рамазон ойида имон билан, савоб умидида рўза тутса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилади” (Муттафақун алайҳ).
Бошқа ҳадиси шарифда айтилади:
“Рамазон келганда, Раҳмат эшиклари очилади, жаҳаннам эшиклари ёпилади ва шайтонлар кишанланади” (Муттафақун алайҳ).
- Рамазон ойи – эҳсон ва саховат ойидир. Чунки Рамазонда қилинган ибодатларнинг савоби кўп бўлгани каби, эҳсон ва саховатда ҳам савоб кўп бўлади. Мана шу вақтни ғанимат билиб, ота-она, оила, туғишганлар, қариндошлар, қўни-қўшнилар ва бева-бечораларни ҳолидан хабар олиш айни муддаодир. Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
“Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг сахийси эдилар. Айниқса, Рамазон ойида Жаброил алайҳиссалом билан учрашганларида янаям сахий бўлиб кетардилар. Рамазоннинг ҳар кечасида Жаброил алайҳиссалом билан учрашардилар ва Қуръон ўқиб берардилар” (Муттафақун алайҳ).
- Рамазон ойи – дуолар ижобат бўладиган ойдир. Дуо – ибодатнинг мағзи, мўмин бандани Парвардигори билан боғловчи восита. Аллоҳ таоло унга дуо қилиб, илтижо қилишларини яхши кўради ва дуоларни кўплаб қабул қилади. Айниқса Рамазон ойида дуолар ижобат бўлишига ишоралар бор. Рамазон рўзаси ҳақидаги оятлардан кейин қуйидаги оят келади. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Сиздан (эй, Муҳаммад!) бандаларим Менинг ҳақимда сўрасалар, (айтинг) Мен уларга яқинман. Менга илтижо қилувчининг дуосини ижобат этурман. Бас, улар ҳам Мени (даъватларимни) ижобат (қабул) этиб, Менга имон келтирсинлар, шояд (шунда) тўғри йўлга тушиб кетсалар” (Бақара сураси 186-оят).
Оятда мўминлар учун улкан башорат бордир. У ҳам бўлса – дуо ва илтижо қилувчиларнинг сўровларини ато этишга берилган илоҳий ваъдадир.
Рамазон ойида қилиниши керак бўлган яна бир муҳим ишлардан бири – киши нафсини чиройли хулқлар билан безашга, уларга одатланишга ҳаракат қилиши лозим. Натижада Рамазон ойида ҳосил қилинган яхши кўникмалар: тақво, ихлос, сабр, шукр, қаноат, сахийлик, меҳрибонлик йил давомида бизга ҳамроҳ бўлади.
Аброрхўжа РАШИДОВ
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти ходими