Яратилиш санаси 06.05.2021

Нафс ва ахлоқ тарбияси

Нафс ва ахлоқ тарбияси жиддий ва мушкул иш. Ҳатто ахлоқ ҳақида тинмай гапирадиганлар ҳам амалий ишга келганда ўзларини олиб қочадилар. Чунки бу бир-икки кунда ёки ойда ниҳоясига етадиган иш эмас. Тез кунларда чиройли натижага эришиш мушкул.

Яна бир тоифа борки, улар ахлоқни ўзгартириб бўлмайди, чунки табиат ўзгармайди, деб ҳисоблайдилар ва ўзларини бу юмушдан четга оладилар. Имом Ғаззолий ҳазратлари бу масалани ҳам атрофлича ўрганиб, таҳлил қилиб, тўғри хулосаларни баён этганларки, биз ҳам бунга эътиборни қаратсак чакки бўлмас:

Ахлоқни ўзгартириш мумкин эмас, деб ишонувчилар икки қарашни далил сифатида келтирадилар. Биринчиси, хулуқ зоҳирнинг сурати бўлганидек, хулқ ботиннинг сурати эканлиги. Яъни, хилқатни – ташқи кўринишни ўзгартириб бўлмайди. Масалан, бўйи паст одам новчаликни қанчалик хоҳламасин, бўйини узайтира олмайди. Найнов қанча истамасин, бўйини қисқартиролмайди. Хунук киши ўзини чиройли қилолмайди. Шундай мисолларга асосланган кишилар “Ботин ҳам шу асосга қурилган. Демак, хулқни ўзгартириб бўлмайди”, деб ишонадилар.

Иккинчи қарашга кўра, улар айтадилар: “Гўзал хулқ шаҳват ва ғазаб оловини ўчиради, дейишади. Аслида, шаҳват ва ғазаб мижоз ва табиатнинг тақозоси. Одамзод бу ҳиссиётлардан ҳеч қачон узилолмайди. Демак, улардан узилиш учун қилинган ҳаракат бекорга вақтни йўқотишдан бошқа нарса эмас. Чунки бу ерда қалбнинг ўткинчи лаззатларга мойил этишини қирқиш талаб этилаётир. Бу мумкин бўлмаган ишдир!”

 

Луқмонжонов Абдулбосит

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти талабаси