Яратилиш санаси 08.03.2023

ЭНГ ФАЗИЛАТЛИ АМАЛ

Аллоҳ таоло ер юзида жорий қилган одат шуки, одам болаларининг барчаси ота-онадан дунёга келади. Ота-онани танлаш имкони йўқ, бу – илоҳий бир тақдир. Бунинг устига Аллоҳ таоло ота-онага итоат қилишни фарз қилиб қўйган. Шундай экан, ҳар бир шахс Аллоҳ таолонинг амрига бўйсуниб, бу илоҳий қисматга рози бўлиб, ота-онасига чиройли муомала қилиши, уларнинг розилигини олиши ва итоат қилиши шартдир. Ота-онага яхшилик қилишнинг зарурлиги ва фазилати ҳақида Аллоҳ таоло шундай дейди: “Раббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. (Эй инсон!) Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга “уф!” дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт” (Исро  сураси, 23‑оят).

Уларга ёқимли сўз” деганда ота-онани номи билан чақирмаслик, балки “отажон”, “онажон” каби сўзлар билан ўзига хос муомала қилиш, уларни ранжитадиган гапларни гапирмаслик, улар олдида ўзини ниҳоятда ҳокисор тутиш кабиларни тушиниш керак.

Инфоқ-эҳсон қилишга ҳам энг ҳақли зотлардан бири – ота-онадир. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилади: 

яъни: “Сиздан (эй, Муҳаммад!) қандай эҳсон қилишни сўрайдилар. Айтинг: “Ниманики хайр-эҳсон қилсангиз, ота-она, қариндошлар, етимлар, мискинлар ва мусофирларга қилингиз!...”” (Бақара сураси 215-оят).

Кўриб турганимиз каби эҳсон қилинувчилар рўйхатининг бошида ота-она зикр қилинган. Шунинг учун ота-она кексайиб, фарзандлар балоғатга етганда, ота-онанинг нафақа-таъминоти болаларнинг зиммасидадир. Ота-онани қаровсиз қолдирган фарзандлар қаттиқ гуноҳкор бўладилар. 

Ота-онага яхшилик қилиш Қуръони каримда Аллоҳ таолога ибодат қилиш, унга ҳеч нарсани шерик қилмаслик билан бирга зикр қилинган. Қуръони каримда шундай дейилади: “Аллоҳга ибодат қилингиз ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмангиз! Ота-оналарга эса яхшилик қилингиз!” (Нисо сураси 36-оят).

Аллоҳ таоло Ўзининг розилигини ота-онанинг розиликларига боғлаб қўйди. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар:“Аллоҳ таолонинг розилиги  ота-онанинг розилигида, Унинг ғазаби эса  ота-онанинг ғазабидадир” (Имом Табароний ривоятлари). 

Демак, Аллоҳ таолони рози қиламан деган киши – ота-онасини рози қилсин, Аллоҳни ғазабидан қўрққан киши – ота-онасини ранжитишдан қўрқсин.

Ота-онага оқ бўлиш, турли озорлар бериш ва уларни қаровсиз қолдириш – катта гуноҳлардандир. Ибн Умар разияллоҳу анҳу айтадилар: “Ота-онани йиғиси  оқ бўлиш ва катта гуноҳдир” (Имом Бухорий ривоятлари). 

Фарзандлар билиб-билмай ота-онасини йиғлатган, хафа қилган бўлсалар, ҳеч кечиктирмасдан Аллоҳ таолога тавба-тазарру қилиб, ота-оналаридан кечирим сўраб, уларни хурсанд қилишга ҳаракат қилишлари керак.

 Ота-онага яхшилик қилган фарзанднинг умри зиёда ва ризқи мўл-кўл бўлиши ҳақида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:    “Кимни умри узун ва ризқи кенг бўлиши ҳурсанд қилса, ота-онасига яхшилик қилсин ва силаи раҳм қилсин”, – дедилар” (Имом Аҳмад ривоятлари).

            Ота-онасига  яхшилик қилган фарзандларга жаннат эшиклари очилиши ҳақида Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деганлар: “Қайси бир мусулмоннинг ота-онаси бўлса, уларга яхшилик қилиб тонг оттирган бўлса, Аллоҳ таоло унга жаннатнинг икки эшигини очади”, деганлар (Имом Абу Довуд ва Имом Ибн Можа ривоят қилганлар).

Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан сўрадилар: “Қайси амал Аллоҳ таолога севимлироқ?” У Зот алайҳиссалом айтдилар: “Ўз вақтида ўқилган намоз”. “Кейин қайси бири”, деб сўрадим. У Зот: Ота-онага яхшилик қилиш”, дедилар. “Кейин қайси бири”, деб сўрадим. У Зот: Аллоҳ йўлидаги кураш”, дедилар (Муттафақун алайҳ). 

Ушбу ҳадиси шарифдан маълум бўладики, вақтида ўқилган намоз амалларнинг афзалидир ва ота-онага яхшилик қилиш Аллоҳ йўлидаги курашдан афзалдир. Бу маънони бир қанча ҳадисларни ўқиб билиш мумкин.

Бир киши Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг олдиларига келиб: “Сизнинг олдингизга ҳижрат қилиш учун байъат бергани келдим ва ота-онам йиғлаб қолдилар”, – деди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уларнинг олдига қайт ва уларни қандай йиғлатган бўлсанг, шундай қилиб кулдиргин”, –  дедилар (Имом Абу Довуд ривоятлари). 

Бир куни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аҳолиси золим бўлган ушбу қишлоққа кириш учун тайёргарлик кўринглар. Албатта, Аллоҳ таоло уни сизларга фатҳ қилади, иншааллоҳ – яъни Хайбарни – Мен билан асов ва нимжон туя минганлар чиқмасин”, – дедилар. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу оналарининг олдига бордилар ва: “Мени жиҳодга тайёрланг, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ғазотга тайёргарлик кўришга буюрдилар”, – дедилар. Онаси: “Борасанми, биласанку, мени сендан бошқа ҳеч кимим йўқ?!” – деди. Абу Ҳурайра: “Мен Расулуллоҳдан қолмаслигим керак”, – деди. Шунда онаси кўкрагига ишора қилиб, уни шу кўкрагидан сут бериб эмизганлигини пеш қилди. Шундан кейин яширинча тарзда Расулуллоҳнинг олдиларига бориб воқеадан хабар берди. Расулуллоҳ: “Бораверинг, айтганингиздек бўлади”, – дедилар. Абу Ҳурайра Расулуллоҳнинг олдиларига келган эди, Расулуллоҳ ундан юзларини бурдилар. Абу Ҳурайра: “Эй, Расулуллоҳ! Мендан юзингизни буряпсизми. Мен ҳақимда бирор нохуш хабар етдими?” – деди. Расулуллоҳ: “Сенми, онанг кўкрагини чиқариб, сени кўкрак сутидан бериб боққанини пеш қилишга мажбур қилган. Ота-онаси ёки улардан бири ҳузурида турган қай бирингиз ўзини фи сабилиллоҳ (Аллоҳнинг йўлида) эмас деб билади? Агар ота-онасига яхшилик қилса, уларнинг ҳаққини адо этса, албатта, у фи сабилиллоҳ (Аллоҳнинг йўлида) бўлади”, дедилар. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу айтадилар: “Шундан кейин то онам вафот этгунича, икки йилгача ғазотга чиқмадим” (Имом Абу Яъло ва Имом Табаронийлар Анас ибн Моликдан ривоят қилишган).

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Сиқояда (Маккадаги жойнинг номи) эдилар. Бир аёл ўғли билан келди ва: Мана бу ўғлим ғазотга бормоқчи, мен эса уни ман қиляпман, деди. Расулуллоҳ: “Онанг изн бермагунча ёки вафот этмагунича, унинг олдидан жилмагин чунки, бунинг ажри каттадир”, дедилар (Имом Табароний Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар).

Ибн Саъд Муовия ибн Жоҳима ас-Суламийдан ривоят қилишича, Жоҳима Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг олдиларига келиб: “Эй, Расулуллоҳ! Ғазотга чиқмоқчи эдим. Сиздан маслаҳат олгани келдим, деди. Расулуллоҳ: “Онанг борми?” – дедилар. У: “Ҳа”, – деди. Расулуллоҳ: “Уни маҳкам тут, чунки, жаннат унинг оёғи остидадир”, – дедилар. Бу воқеа икки, уч марта ҳар хил жойларда бўлди ва ўша гап айтилди (Имом Табароний ривоятлари).

Демак, ҳозирги кунда ўзларининг фикрларича, фалон жойда жиҳод бўлаяпти, ҳамма мусулмонлар ўша ерга бориши керак, ҳижрат қилиши керак, ота-онаси норози бўлса, уларни ҳийла қилиб чалғитиб кетса бўлади, деяётганлар юқоридаги ҳадиси шарифларнинг ҳукмига зид гапларни айтмоқдалар ва бу гаплари мутлақо эътиборсиздир. Ота-она рухсат бермаса, фарзанд ўзга юртларга жиҳод учун чиқиб кета олмайди, бу иш гуноҳга айланади 

Насритдинов Ривожиддин 

билим юрти Ёшлар билан ишлаш,
маънавият-маърифат бўлими бошлиғи