Яратилиш санаси 24.03.2025

Имом Тожуддин ас-Субкий роҳимаҳуллоҳ

Тожуддин ас-Субкий 683 йил 3-Сафар (милодий 1284 йил 21 апрель)да Нил дельтаси жануби-ғарбидаги Мануфия вилоятига қарашли Субкулабид қишлоғида туғилган. Унинг ўғли Тожуддин ас-Субкий отасининг таржимайи ҳолига кенг ўрин ажратган ва талабалик йилларини батафсил баён қилган.

У дастлабки таҳсилни отаси ва бошқа бир қанча олимлардан олиб, кейин отаси билан бирга Қоҳирага йўл олади. Қоҳирада илгари ёд олган китобларини у ерда машҳур устозларга ўқиб беради. Ибн Бинту Аъз, Ибн Дақиқул ийд, Жаъбарий, Нажмуддин Ибнур-Рифъа, Аъламуддин ал-Ироқий, Тақиюддин Ибнус-Сoиғ, Абдулмўмин ад-Димётий, Юсуф ибн Абдурраҳмон ал-Миззий, Абу Ҳайян ал-Андалусий ва Ибн Атоуллоҳ ал-Искандарий каби машҳур олимлардан фиқҳ, усул, калом, мантиқ, наҳв, луғат, тафсир, қироат, ҳадис ва тасаввуф илмларини ўрганиб, чуқур билим эгаллаган.

Ҳадис илмини чуқурроқ ўрганиш учун кўплаб жойларга саёҳат қилган. Устозлари орасида кўпчилиги Субкийнинг илмий салоҳиятини эътироф этган ва уни кўп соҳаларда етук олим деб тан олганлар.

706-ҳижрий йилда (милодий 1306) у Дамашқ шаҳрига боради, бир йилдан кейин Қоҳирага қайтади ва китоб ёзиш, фатво бериш ҳамда дарс бериш ишларига киришади. 716 йилда (1316) ҳаж сафарига боради. Қоҳирада Шофеъий мазҳабининг етакчисига айланганидан сўнг, унга турли ҳудудлардан фатво учун мурожаат қилинади.

1319-1327 йиллар оралиғидаги муддатдан ташқари, 739-ҳижрий (1338) йилгача Ибн Тулун масжидининг бош имоми лавозимини бажарган. Ўша йили Султон Муҳаммад ибн Қолавун томонидан Қозвинлик Хатиб вафотидан сўнг Дамашқ Қози қуззотлиги лавозимига тайинланади. У Умавийин масжидида хатибликни ҳам узоқ йиллар бажарган.

742-ҳижрийда (1341) Юсуф ал-Миззий вафотидан сўнг Ашрафийя Дорул-ҳадис мадрасасининг бош устозлигига, 745-ҳижрийда (1344) Шамсуддин Ибн ан-Нақиб вафотидан сўнг эса Шамийятул-Барранийя мадрасасининг мударрислигига тайинланган. Бундан ташқари, Ғаззолийя, ал-Адилийя ал-Кубро, Oтабекийя ва Масрурийя каби мадрасаларда ҳам дарс берган.

Унинг етиштирган шогирдлари орасида:
Шаҳабуддин Аҳмад ибн Айбак ад-Димётий, Жамолуддин ал-Иснавий, Алауддин ас-Сафадий, Ҳалил ибн Кайкалдий ал-Алаий, Зайнуддин ал-Ироқий, Абул-Маҳосин ал-Ҳусайний, Фирузободий, тоғасининг ўғли Ибн Абдулбарр ас-Субкий, Холид ибн Исо ал-Балавий ҳамда ўғиллари Муҳаммад, Баҳоуддин Аҳмад, Жамолуддин Ҳусайн ва Тажуддин Абдулваҳҳоб каби машҳур олимлар бор.

Дамашқда касал бўлиб қолганида, қозилик лавозимини ўғли Тажуддин ас-Субкий эгаллади. Қоҳирага етиб келганидан бир неча кун ўтиб, 756 йил 3-Жумодус-Сонийда (милодий 1355 йил 15 июнь) вафот этди ва Бабун-Наср қабристонига дафн қилинди.

Ас-Субкийга нисбат берилган асар ва рисолалар сони 140 атрофида бўлиб, улардан энг машҳурлари қуйидагилардир:

  1. Такмилат ал-Мажмуъ – Бу асар Имом Абу Ис’ҳоқ аш-Шeрозийнинг Шофеъий фиқҳига оид ал-Муҳадҳаб номли китобига ёзилган, Имом Нававий томонидан ёзилган шарҳнинг давомидир. Субкий бу шарҳни "Рибо бобидан" бошлаб "Мурабаҳа савдоси боби"гача етказган (Қоҳира нашри, 1344–1352, 10–12-жилдлар; Риёд нашри 1423/2003, 10–11-жилдлар).
  2. ал-Ибтиҳаж фий Шарҳ ал-Минҳаж – Бу Имом Нававийнинг Минҳожут-Толибийн номли асарига ёзган шарҳидир. Субкий уни *"Талоқ китоби"*нинг бошига қадар етказган (Қоҳира 1345; Байрут 1404).
  3. Фатово ас-Субкий – Бу икки жилддан иборат бўлиб, баъзилари рисола шаклидадир (Қоҳира 1356/1937; Байрут, санасиз).
  4. ал-Ибҳаж фий Шарҳ ал-Минҳаж – Қозий Байзовийнинг Минҳожул-вусул ила илмил-усул асарига ёзилган шарҳ бўлиб, Субкий уни "Вожиб бўлган амаллар" бобининг бошигача ёзган, қолган қисмини ўғли Тажуддин ас-Субкий тўлдирган (Қоҳира 1981, 1–3-жилдлар; Байрут 1404; Дубай 2004, 1–7-жилдлар).
  5. Шифoъус-сақам фий зиёрат хайрил-анам – Бу асарда Ибн Таймиянинг фикрларига танқидий муносабат билдирилади. Ҳанбалий олими Шамсуддин Ибн Абдулҳадий унга қарши "ас-Саримул-мункир фир-радд ала ас-Субкий" номли рисола ёзган. Бунга жавобан эса Ибн Аллaн ас-Сиддиқий ва Иброҳим ибн Усмон ас-Самандий каби олимлар ҳимоя рисолалари ёзганлар.
  6. ал-Аламуъл-маншур фий исбатис-шуҳур – Бу асарда ойларнинг тасбити ҳақида фикр юритилади (Қоҳира 1329).
  7. Иброзул-ҳикам мин ҳадиси руфиал-қалам"Қалам кўтарилган" ҳадисининг ҳикматли жиҳатлари шарҳ қилинган (Байрут 1992).
  8. Вирд ал-алал фий фаҳмил-илал – Бу ҳадис илмидаги иллатли ривоятларни тушунишга доир рисола бўлиб, илмий журналда нашр қилинган (Қоҳира 2006)

 

Калимуллоҳ домла Маҳмудов

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом 
таълим муассасаси мударриси