Яратилиш санаси 25.03.2025

Имом Боқиллоний роҳимаҳуллоҳ

Имом Боқиллоний роҳимаҳуллоҳнинг туғилган санаси номаълум бўлсада, у тахминан 330 ҳижрий (941-42 милодий) йилларда туғилган деб ҳисобланади. Отаси ёки боболаридан бири ловия савдоси билан шуғуллангани учун у «Ибнул-Боқиллоний» лақабини олган, лекин вақт ўтиши билан «Боқиллоний» номи билан машҳур бўлиб кетган. У Укбаро ва Бағдодда қозилик, Сағрда бош қози (қози қуззот) лавозимларида ишлаганлиги учун «Қозий» унвони билан ҳам танилган. «Басрий» нисбатидан унинг Басралик экани маълум бўлади.

Дастлабки таҳсилини Басрада олди. Имом Ашъарий шогирдларидан Ибн Мужоҳид ат-Тоий ва Абу-л-Ҳасан ал-Боҳилийдан калом илмини, Абу Абдуллоҳ аш-Шeрозийдан усул, Ибн Абу Зайд ал-Қайравоний ва Абу Бакр ал-Абҳарийдан фиқҳ, Ибн Самъундан эса ахлоқ илмларини таҳсил қилди.

Ёшлигида (тахминан 961 йилда) таҳсилини давом эттириш учун Бағдодга борди ва у ердаги машҳур олимлардан сабоқ олди. Абу Бакр ал-Қотиъий, Ибн Мосий ва Дорақутнийдан ҳадис эшитди ва улардан ривоят қилган ровийлар қаторига кирди. Таҳсилини тугатгач, Басрага қайтди ва Басра масжидида дарс бера бошлади.

Бувайҳийлар ҳукмдори Адудуддавла таклифи билан 970 (ёки 977) йилда Шeрозга борди. У ердаги турли мазҳабларга мансуб олимлар билан мунозараларда Аҳлус-Суннани ҳимоя қилиш учун чақирилган эди. У ерда Ибн Ҳафиф аш-Шэрозий томонидан кутиб олинди. Адудуддавла ҳузурида Муътазила Бағдод мактабининг намояндаси Абу-л-Ҳасан ал-Аҳдаб, Абу Ишоқ ан-Нусайбиний, шиалардан Ибнул-Муаллим, шофеийлардан Абу-л-Фараж Ибн Тарор билан руйъатуллоҳ (Аллоҳни кўриш), банданинг амаллари, аёлнинг исломдаги ўрни каби каломий ва фиқҳий масалаларда баҳс-мунозаралар ўтказди ва ҳар гал устунликни қўлга киритди.

Адудуддавла шиа бўлишига қарамай, Боқиллонийни ўғли Симнануддавлани тарбиялаш билан вазифалади. Бу даврда у Адудуддавлага бағишлаб машҳур асари Китоб ат-Тамҳидни ёзди. Ҳозирги Византия (Рум) билан асир алмашинуви ва бошқа музокаралар учун тузилган элчилар сафининг бошлиғи сифатида Истанбулга борди. Византия императори II Василиус ҳузурига олиб кирилаётганида, атайлаб паст қилиб қурилган эшик олдида уни эгилиб ўтишга мажбурлашмоқчи бўлишди. Бироқ у орқасини ўгириб кириш орқали бу пасткаш дипломатик тузоғини ўзининг зукколиги билан йўққа чиқарди.

Император саройида император ва бир қанча поплар билан масиҳийликдаги учлик (таслис), Исо алайҳиссаломнинг мақоми, Ой мўъжизаси (Иншиқоқ ул-Қамар), Марям ва Оиша онамизнинг дин ва инсоний шахсиятлари каби муҳим масалаларда муваффақиятли мунозаралар олиб борди. Бу орқали Византияликлар ҳайрат ва эътирофига сазовор бўлди ва император уни катта эҳтиром билан кузатди.

Шундан кейин Бағдод, Укбаро ва Сағрда қозилик ва қози қуззотлик вазифаларини бажарди. Адудуддавла вафотидан сўнг Бағдодга жойлашди ва ўлимига қадар Мансур масжидида дарс берди. Андалусиядан то Хуросонгача бўлган исломий мамлакатлардан талабалари дарсларида иштирок этиш учун келишарди.

Унинг етиштирган машҳур шогирдларидан баъзилари: Абу Жаъфар ас-Симноний, Али ибн Муҳаммад ал-Ҳарбий, Абу Абдуллоҳ ал-Аздий, Абу Абдурраҳмон ас-Суламий, Абу-л-Қосим ас-Сайрофий, Абу Зар ал-Ҳаравий, Абу Ҳотим ал-Қазвиний.

Бағдодда яшаган пайтида Каркҳ ва бошқа жойларни ҳам зиёрат қилган. Бағдоддаги Ҳанбалийлар етакчиси Абу-л-Ҳасан ат-Тамимий билан мунозаралар ўтказиб, ҳанбалийларнинг калом ва мутакаллимларга нисбатан салбий муносабатларини бироз юмшатди.

Бундан ташқари, Мусул ноиби бўлмиш ашаддий Ботиний тарафдори Карвоннинг хавфли ҳаракатларини тўхтатиш мақсадида халифа Қодир Биллоҳ томонидан тахминан 401 йилда (1010–11) Баҳоуддавлага элчи сифатида юборилди.

403 йил 23 Зулқада (1013 йил 5 июнь) шанба куни Бағдодда вафот этди. Унинг жаноза намозини ўғли Ҳасан ўқиди. Аввалига у уйига дафн қилинди, кейинроқ Бабул Ҳарб қабристонига кўчирилган ва Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ёнига қўйилган. Вафотидан сўнг у ҳақда кўплаб марциялар битилган.

Илмий фаолияти

Исломий илмлар тўлиқ шаклланган, мазҳаблар илдиз отган, ислом фалсафаси ва тасаввуф ривожлана бошлаган ҳижрий ИВ асрнинг бой маданий муҳитида вояга етган Боқиллоний ўзининг теран заковати, кучли хотираси, чуқур билимга эгалиги, муваффақиятли мунозаралари, юксак нотиқлик қобилияти ва кўп қиррали илмий шахсияти билан машҳур бўлган олимдир. Шу сабабли унга «ҳижрий IV асрнинг мужаддиди», «чексиз денгиз», «Аҳл ас-Суннанинг ўткир қиличи», «Сунний ақиданинг етакчиси» каби унвонлар берилган. У ибодатга ихлосли, зоҳид ва тақво соҳиби бўлган, риё ва кўр-кўроналикдан йироқ ҳаёт кечирган, деб ривоят қилинади. 

Тақвоси ва илмий салоҳиятидан ташқари, ҳазилкаш ва топқир жавоби билан ҳам шуҳрат қозонган. Шиаларнинг калом олимларидан Ибнул-Муаллим Боқиллонийни кўриб: «Шайтон келаяпти», деганида, у «Биз шайтонларни фақат кофирлар устига юборамиз» (Марям, 83 оят) мазмунидаги оятни ўқиб жавоб бергани унинг бу фазилати ҳақида манбаларда келтирилган машҳур мисоллардандир.

Боқиллонийнинг илмий шахсиятида калом илми асосий ўрин эгаллайди. Шунингдек, у ҳадис, фиқҳ, усул ал-фиқҳ, тафсир, балоғат, динлар ва мазҳаблар тарихи соҳаларида ҳам машҳур бўлган ва кўплаб соҳаларда етук мутахассис сифатида тан олинган. 

Ҳадис соҳаси бўйича асар ёзгани номаълум бўлсада, ҳадис эшитган ва ривоят қилган муҳаддислардан бўлгани маълум. Фиқҳ ва усулга оид турли асарлар ёзгани, ҳатто Имом Ғаззолийга таъсир кўрсатганлиги (Боқиллоний, Иъжозул-Қуръон, нашриётчи сўзи, 63-бет) унинг бу соҳадаги муҳим мавқеини кўрсатади.

Унинг фиқҳдаги мазҳаби ҳақида турли қарашлар мавжуд. Қози Иёз бошчилигидаги манбаларнинг аксарияти уни моликий деб билади, баъзилар шофеъий, айримлари эса ҳанбалий мазҳабига мансуб бўлганини айтади. Бу фикрлардан биринчиси – моликийлик энг ишончли ҳисобланади. Чунки унинг аксарият шогирдлари моликий бўлган, шунингдек, у ҳақида ёзилган манбаларнинг кўпчилиги уни шу мазҳабга нисбат беради. Уни шофеъий деб ҳисоблаш эса, баъзи асоссиз даъволарнинг аксинча, у ашъарий мазҳабининг йирик вакилларидан бўлгани ва бу мазҳабнинг кўпчилик тарафдорлари шофеъий бўлгани билан боғлиқ бўлиши мумкин. Уни ҳанбалий деб кўрсатиш эса, асосан, хабарий сифатларга оид масалаларда Аҳмад ибн Ҳанбалнинг қарашларига яқин бўлгани билан изоҳланади, бу эса фиқҳий эмас, каломий нуқтаи назарга боғлиқдир.

Араб адабиётини яхши билган ва асарларини равон, таъсирли услубда ёзган Боқиллоний Қуръон мўжизаси, Қуръон тарихи каби масалалар бўйича олиб борган тадқиқотлари ҳамда шиаларнинг Қуръон ҳақидаги иддаоларига берган жавоблари билан тафсир илмида ҳам салоҳиятли олим эканини кўрсатди. 

Бағдодда насроний руҳонийлар билан ўтказган мунозаралари ва аҳли китобга қарши ёзган раддиялари боис динлар тарихи соҳасида ҳам эътиборли шахс ҳисобланади. Масалан, А. Абел унинг насронийликка, Р. Брунчвиг эса яҳудийликка йўналтирган танқидларини тадқиқ қилганлар (Бадавий, Мазоҳибул-Исломийин, И, 595).

Мўтазила, Шиа ва айниқса Ботинларга қарши ёзган раддиялари мазҳаблар тарихи жиҳатидан муҳимдир. Шунингдек, Боқиллоний Аристотел фалсафаси ва унинг издошлари томонидан илгари сурилган физика ҳамда метафизикага оид қарашларни танқид қилганлиги билан калом илмининг фалсафа қаршисида устунлик қозонишида муҳим роль ўйнаган. У бу борада Имомул-Ҳарамайн ал-Жувайний ва Ғаззолийга йўл очган, дейиш мумкин. Файласуфларни рад этиш учун Дақоиқул-калом номли катта бир асар ёзгани маълум.

Боқиллоний Абу-л-Ҳасан ал-Ашъарийнинг қарашларини умумий маънода қабул қилган ва асослаб берган бўлсада, баъзи масалаларда ундан фарқли фикр билдирган. Шунингдек, Ашъарий мазҳабининг тизимли бир мактабга айланиши ва кенг ёйилишида катта хизмат қилган. Боқиллоний Ашъарий каломини билиш (илмий далиллаш) муаммоси ва табиат фалсафаси нуқтаи назаридан тўлдирган, билишнинг таърифи, манбалари ва турлари ҳақида сўз юритган. У Арасту мантиқи ва фалсафасига қарши чиққан ҳолда, оламнинг яратилмишлиги (ҳудус) орқали Аллоҳнинг мавжудлигини исботлаш учун жавҳар (модда), араз (хусусият), жавҳари фард (бўлинмас зарра) каби табиат фалсафасига оид тушунчаларни тизимлаштирган ва уларни илоҳиёт назариясининг асоси қилиб олган. У табиат қонунлари асосида сабаб-натижа ўртасида мажбурий боғлиқлик (детерминистик) мавжуд, деган фикрни рад этиб, мўъжизанинг илмий асосини исботлашга уринади.

Шунингдек, у истидлол қоидаларини такомиллаштирган: масалан, эҳтимолий вариантлар орасида собит бўлганини танлаб олиш, ғайбни (кўринмасни) шоҳидга (кўринувчига) қиёс қилиш (қиёсул-ғойиб ала-ш-шоҳид), далил нотўғрилигидан хулоса нотўғрилигини англаш (инъиқoсул-адилла) каби методларни қўллаб-қувватлаган. Шу тарзда Ашъарий каломини мукаммал бир назария даражасига кўтарган.

Асарлари

Абул-Музаффар ал-Исфароинийнинг баъзилар томонидан муболағали деб ҳисобланган сўзларига кўра, Боқиллоний жами 50 000 вараққа тенг бўлган жуда кўп асарлар ёзган. Калом, динлар тарихи, тафсир, фиқҳ ва усул ал-фиқҳ соҳаларига оид манбаларда номи зикр этилган асарларининг сони 55 атрофидадир. Уларнинг баъзилари бугунги кунга етиб келган бўлиб, кўпчилиги калом илми, бир қисми эса Қуръон илмлари ҳақидадир. Улар қуйидагилардир:

  1. ат-Тамҳид фир-радд алаъл-мулҳидатиъл-Муаṭṭила ваър-Рафиза ваъл-Хавориж ваъл-Мўтазила. "Тамҳидул-аваил ва талхисуд-далоил" номи билан ҳам машҳур бўлган бу асар мавжуд калом китобларининг энг муҳимларидан бири ҳисобланади. Унинг қўлёзма нусхалари Сулаймония кутубхонасида (Аясофя, № 2201; Отиф Афанди, № 1223) ва Франциядаги Миллий кутубхонада сақланади. Асар Муҳаммад Абдулҳади Абу Рида ва Муҳаммад Маҳмуд ал-Ҳудайрий (Қоҳира, 1366/1947), Р. Ж. МcCarthy (Байрут, 1957), ҳамда Имодуддин Аҳмад Ҳайдар (Байрут, 1407/1987) томонидан таҳқиқ қилинган. Абдулжалил ибн Абу Бакр ар-Рабийий "ат-Тасдид фий шарҳиът-Темҳид" номи билан унга шарҳ ёзган (Сулаймония кутубхонаси, Турхон Валида Султон, № 20).
  2. ал-Инсоф. Каломга оид ихчам рисола бўлиб, таркиби учта рисола кўринишида ёзилгани сезилади. Баъзи манбаларда Боқиллонийга нисбат берилган “Рисолатул-Ҳурра” номли асар айнан шу рисола экани айтилади. Асар М. Зоҳид ал-Кавсарий томонидан таҳқиқ қилиниб нашр этилган (Қоҳира, 1382/1963).
  3. Иъжoз ул-Қуръoн. Қуръон қандай жиҳатлардан мўъжиза эканини баён қилади. Бу асар Аҳмад Сақр томонидан таҳқиқ қилиниб нашр этилган. Густаве Э. Грунебаум уни инглиз тилига таржима қилган ва таҳлил қилган (Чикаго, 1950). Асарнинг бир қўлёзма нусхаси Сулаймония кутубхонасида мавжуд (Раисул-Куттаб Мустафо Aфaнди, № 18).
  4. ал-Баён. Боқиллонийга тегишли бўлган "Фeъл-Мўжизат" номли йирик асарнинг қолган қисмидир. Р. Ж. МcCarthy томонидан таҳқиқ қилиниб нашр этилган (Байрут, 1958).
  5. Ҳидоят ул-мустаршидин ваъл-мақна фий усулиъд-дин. Умумий ҳажми 17 жилддан иборат бўлган бу асарнинг 12 жилди сақланиб қолган. Унинг қўлёзмаси Азҳар кутубхонасида сақланмоқда (№ 342). Муҳаммад ибн Абуъл-Хаттоб ал-Ишбилий бу асарни "Талхисул-Кифоя мин китобил-Ҳидоя" номи билан ихчамлаштирган.

 

Калимуллоҳ домла Маҳмудов

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
таълим муассасаси мударриси