Яратилиш санаси 21.09.2023

Ақидапарастлар ғоясидан сақланайлик!

Обод турмушни акс эттирувчи муқаддас қадриятларимиз, миллий урф-одат ва расм-русумларимиз, ан-аналаримиз, динимиз бевосита хотиржамлик силсиласига узвий боғлиқдир. 

Лекин бу олий неъматни сақлашда инсон фарзандидан қатор бурч ва вазифалар талаб этилади. Доимо огоҳлик ва хушёрлик, содир бўлаётган ҳодисаларга зийрак кўз ва теран нигоҳ билан назар ташлаш лозим. Маънавий таҳдидларнинг моҳият мазмунини англаб етиш,  ота-оналар, оила аъзолари тушунчаларида шакллантириш ижтимоий бақарорлик ва юрт осойишталигини таъминлашнинг бирламчи шарти деб ҳисоблашимиз даркор. Турли қарама-қаршилик ва зиддиятларни келтириб чиқарувчи ҳамда ўз мақсадларига эришишда ҳеч бир қабиҳликдан қайтмайдиган гуруҳлар борлиги ҳар биримизни огоҳликка ундайди. 

Диний ақидапарастлик, экстремизм ва терроризм каби вайронкор кучларнинг мақсади бунёдкор ғояларни тан олмаслик одамлар онгини заҳарлашдан бошқа нарса эмас. Динни ниқоб қилиб олганлар асосан ақл идроки саёз, тафаккури комил бўлмаган шахсларни, хусусан, ҳаёт тажрибаси кам бўлган ёшларни йўлдан оздиришга уринишади. Баъзи тенгдошларимиз интернет орқали тарқалаётган ақидапараст шахсларнинг маърузаларни диск ёки қўл телефони хотирасида сақлаб, тинглаб юришлари яхши эмас.

Шунинг учун ота-оналар фарзандларини бузғинчи ва зарарли таҳдидларидан асрашлари зарур. Зеро муқаддас ислом дини тинчлики тарғиб қилиб шайтоний йўлларга эргашмаслик лозимлигини уқтиради. Аллоҳ таоло: "Ей иймон келтирганлар! Ёппасига итоатга киришингиз ва шайтонни изидан эргашмангиз! Албатта, у сизларга аниқ душмандир", дейди (Бақара сураси 208-оят). Шундай экан, ҳамиша хушёр ва огоҳ бўлайлик.

Шарифхон Юнусов

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом 
билим юрти ходими