Ҳадислар оятни баён қилади
Қуръони Карим Аллоҳ таолонинг одамларга тўғри йўлни кўрсатиш учун нозил қилган асосий китобидир. Бироқ Қуръон оятлари кўпинча умумий қоидалар ва қисқа буйруқлардан иборат бўлади. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳадислари эса ана шу умумий буйруқларни амалда қандай бажаришни кўрсатиб берувчи амалий қўлланма ҳисобланади. Шунинг учун усулул фиқҳда «Ҳадислар оятни баён қилади», яъни унинг асл мазмунини тушунтиради, очиб беради, деган муҳим қоида амал қилади.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда намоз, закат, ҳаж каби кўплаб ибодатларни буюрган, лекин уларнинг тафсилотини Пайғамбаримизга ҳавола қилган. Мисол учун, Қуръонда кўп бор «Намозни тўкис адо этинглар», деб буюрилган. Аммо намознинг неча ракат экани, унда нималар ўқилиши, руку ва саждалар қандай қилиниши оятларда ёзилмаган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эса буни ўз ҳадислари ва амаллари билан кўрсатиб бериб: «Мен намозни қандай ўқиётганимни кўрган бўлсангиз, шундай ўқинглар», деганлар (Имом Бухорий ривояти).
2-Мисол: Қуръонда мусулмонларга мол-мулкларидан закат бериш умумий тарзда буюрилган. Лекин қайси молдан қанча миқдорда, масалан, қанча туя, қорамол ёки қўйдан ёхуд қанча пулдан закат чиқарилиши Қуръонда кўрсатилмаган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадисларида закотнинг нисоб миқдорларини (яъни қайси молнинг қисмидан қанча берилишини) аниқ қилиб тушунтириб берганлар.
Агар Пайғамбаримизнинг ҳадислари бўлмаганида, биз Қуръондаги умумий буйруқларни амалда қўллай олмас эдик: Ҳар ким намозни ўз билганича, турлича ўқиб, динда бўлиниб кетар эди. Закат молнинг кайси туридан қанча олиниши номаълум қолиб, адолатсизликлар келиб чиқар эди. Демак, ҳадислар бўлмаганида, оятлардаги ҳукмларни ҳаётга татбиқ қилишнинг имкони бўлмас ва оятдан тўғри амалий хулоса (далил) чиқариб бўлмас эди.
Қуръони Каримда бандалар бажариши лозим бўлган фарз амаллардан яна бири ҳаж ибодати умумий кўринишда баён қилинади. Оли Имрон сурасининг 97-оятида шундай дейилади: «Одамлардан йўлига қодир бўлганлари зиммасида Байтни (Каъбани) ҳаж қилиш Аллоҳ учун фарздир…».
Демак, ҳаж қилиш умумий буюрилди, лекин унинг неча марта тавоф қилиниши, Сафо ва Марва орасида қандай юрилиши, Арафотда туриш тартиби ва шайтонга тош отиш шартлари ёзилмаган. Фақат оятнинг ўзига қараб ҳажни бошлаб бўлмайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари амалда кўрсатиб бериб, шундай деганлар: «Ҳаж ибодатларингизни мендан ўрганиб олинглар» (Имом Муслим ривояти). Тавофни 7 марта қилиш, Сафо ва Марва орасида 7 марта саъй қилиш, Арафотда туриш вақтлари ва бошқа барча амалий тартиблар фақат ҳадислар орқали аниқланган.
Агар ҳадислар бўлмаганида, ҳар ким ҳажни ўзи билганича, ҳар хил тартибда бажариб, динда ихтилоф ва чалкашликлар келиб чиқар эди. Оятнинг амалий ижроси номаълум бўлиб қолган бўлар эди. Бу каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин.
Хулоса шуки, Қуръон – асосий қонун манбаси (фундамент) бўлса, ҳадис унинг бино қилиниш шаклини кўрсатувчи лойиҳа ва изоҳдир. «Ҳадислар оятни баён қилади» қоидаси шуни англатадики, биз Ислом динининг амалий кўрсатмаларини тўғри тушуниб, унга амал қилишимиз учун ҳам Қуръонга, ҳам Пайғамбаримизнинг суннатларига (ҳадисларига) бирдек таянишимиз шарт. Бирисиз иккинчисини тўлиқ англаб бўлмайди.
Абдулбоқий Турсунов
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом таълим муассасаси катта ўқитувчиси