Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам...
Туғилишларидан олдин содир бўлган мўъжиза:
машҳур Фил воқеаси (ушбу оламшумул воқеа ҳижратдан аввалги 53-йил, муҳаррам ойи / мил. 571 йил феврал ойи охири ёки мартнинг бошида бўлиб ўтган. Бу кунлар қиш фасли тугаб, баҳорнинг бошланишига тўғри келади. Ушбу воқеа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам туғилишларидан тахминан 50-55 кун олдин бўлиб ўтган).
Туғилган саналари: ҳижратдан аввалги 53-йил, машҳур Фил йили, баҳор фасли, рабиъул аввал ойининг 8, 9, 10 ёки 12-куни, душанба тонги, бомдод маҳали / мил. 571 йил 19 – 23 апрел.
Туғилган жойлари: Макка шаҳри, Каъба ва Сафо тепалигининг шарқий тарафи, Бану Ҳошим маҳалласи, амакилари Абу Толибнинг уйи, ҳозирги «Макка» кутубхонасининг ўрни.
Шаққи садр (кўксиларини ёриб, қалбларини шайтоннинг васвасасидан тозалаш):
1) 4 ёшларида (ҳижратдан аввалги 49-йил / мил. 575 йил), Бану Саъд қабиласида (ҳикмати: пайғамбарликка тайёрлаш учун);
2) 52 ёшларида (нубувватнинг 13-йили, ҳижратдан бир йил олдин, рабиъул аввал ойи / мил. 621 йил октябрь), Меърож кечаси, Исро воқеасидан олдин, Каъба ёнида (ҳикмати: Меърожга чиқишга тайёрлаш учун).
Пайғамбарликдан олдинги ишлари:
ёшликларида қўй боққанлар, яъни чўпонлик қилганлар. Ўспиринлик ёшларидан то қирқ ёшларигача тижорат билан шуғулланганлар. Пайғамбар бўлганларидан кейин эса фақат динни етказиш билан машғул бўлганлар.
Тижоратдаги шериклари:
Соиб ибн Абуссоиб Махзумий розияллоҳу анҳу (жумҳур кўпчилик уламолар унинг мусулмон бўлганини ва Исломи гўзал бўлганини айтишади).
Яшаган манзиллари:
Ҳижратдан аввал: Маккаи Мукаррама, Масжидул Ҳаромга яқин маҳалла. Ҳижратдан кейин: Мадинаи Мунаввара, Масжидун-набавийнинг шарқий деворига туташ Ҳужраи саодат.
Пайғамбар бўлишларидан олдинги лақаблари:
Амийн (ишончли, омонатдор), Содиқ (ростгўй).
Кунялари: Абул Қосим.
Устозлари: Йўқ! У зот уммий бўлганлар, яъни ўқиш-ёзишни билмаганлар. Пайғамбар бўлганларидан сўнг ваҳий орқали Аллоҳ таолодан илоҳий таълим олганлар.
Маъсумиятлари:
пайғамбарликдан олдин ҳам, кейин ҳам маъсум бўлганлар, яъни Аллоҳ таоло у зот соллаллоҳу алайҳи васалламни барча каттаю кичик гуноҳлардан пок сақлаган.
Пайғамбар бўлишларидан аввалги ибодатлари: «таҳаннус» (руҳий покланиш ва каттаю кичик гуноҳлардан сақланиш) ва «муроқаба» (бутун мавжудот — Холиқ ва махлуқот ҳақида тафаккур қилиш).
Пайғамбарликдан олдин рост туш кўришлари: олти ой (қамарий ҳисобда қирқ ёшдан қирқ ярим ёшларигача, яъни ҳижратдан аввалги 13-йил, рабиъул аввал ойидан то Рамазон ойигача / мил. 610 йилнинг февралидан то августигача давом этган).
Алоҳида белгилари: икки елкалари орасида, аниқроғи, чап куракларига яқин, яъни юраклари тўғрисида «Муҳри нубувват» (пайғамбарлик муҳри) бор.
Муҳри нубувватлари: кабутар ёки каклик тухуми катталигида қизғиш гўшт бўлиб, устида дона-дона холлар бор ва майин мўй қоплаган.
"Расулуллоҳ ва аҳли байт" китобидан.
Нуруллаев Фозилхўжа
билим юрти талабаси