Яратилиш санаси 26.09.2023

“ИСРО” ВА “МЕЪРОЖ”НИНГ ЛУҒАВИЙ ВА ИСТЕЛОҲИЙ МАНОЛАРИ

- Араб тилида «исро» сўзи – кечаси юргизиш маъносини англатади.

Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) ни Маккаи мукаррамадан Қуддуси шарифга кечанинг бир қисмида олиб борган.

Исро ҳодисаси Ислом даъвати тарихидаги энг машаққатли ва  оғир дамларда содир бўлди. Бу даврга келиб Муҳаммад (с.а.в) бошчиликларидаги оз сонли мусулмонларга нисбатан мушрикларнинг озорлари, қийноқлари кучайган, уларнинг  мусулмонларни Аллоҳнинг динидан қайтариш йўлидаги чиранишлари ҳаддан ошган эди. Мусулмонлар учун ғоятда қийин бир ҳолат пайдо бўлди. Пайғамбаримиз (с.а.в) ни мушрикларнинг ҳужумларидан ҳимоя қиладиган шахслар Абу Толиб ва Ҳадижа онамиз ҳам вафот этганлар ва қийинчиликлар ҳаддан ошган эди. Ана шундай мудҳиш бир пайтда Исро[1] ва Меърож[2] ҳодисаси бўлиб ўтди. 

  Бу воқеа Набий (а.с) Мадинага ҳижрат қилишларидан олдин содир бўлган эди. Расулуллоҳнинг Маккадаги Масжиди Ҳаромдан Байтул мақдисга бир кечада бориб келишлари Исро деб, шу куни кечаси осмонга чиқиб, руҳий олам билан танишиб қайтганлари эса Меърож деб аталади.

Аҳли суннатлар – эътиқод ва амалларида пайғамбарнинг суннатига ва саҳобаларнинг йўлига эргашувчилар ҳам тўрт чохариёр – Абу Бакр, Умар, Усмон, Алини конуний халифа деб эътироф этганлар – сарвари олам Меърожга жисман чиқиб тушганлар деб ҳисоблашади. 

Аллоҳ таоло Пайғамбари Муҳаммад (с.а.в) кечаси Маккаи Мукаррамадан бир зумда Байтул Мақдисга олиб борди ва у ердан меърожга олиб чиқди. Бу эса, шундай оғир бир пайтда у зот (с.а.в) ва мусулмонлар учун катта тасалли эди. Ноумидлик  кайфиятини сўндириб, умид учқунларини аланга олдириш эди.

  Айни чоғда, Исро воқеаси кишилар иймонини синаш омили ҳам эди. Ҳар бир нарсага моддий мўъжиза талаб қилиб турган мушрикларга бу воқеа ортиқча гап – сўзлар учун яна бир қулай фурсат бўлса, мумин – муслмонман деб юрганларнинг иймонини қанчалик мустаҳкамлигини синаш омили эди.

  Исро, аввал айтилганидек, луғатда кечанинг бир қисмида сайр қилиш, юришни англатади.

  Шартиатда эса, Аллоҳ таолонинг Ҳазрати Муҳаммад (с.а.в) ни кечалардан бирида Масжидул Ҳаромдан Масжидул Ақсога сайр қилдиришига айтилади.

  Яна шуни таъкидлаб айтиш лозимки, Исро ҳодисаси туш эмас, руҳий сафар ҳам эмас, балки Пайғамбар (с.а.в) ҳам жасадлари, ҳам руҳлари ила қилган сафарларидир. Агар туш ёки руҳий сафар бўладиган бўлса, бу воқеанинг мўъжизалиги қолмас эди.

- «Меърож» луғатда юқорига кўтарилиш маъносини англатади. Шариатда эса, Муҳаммад (с.а.в) нинг Байтул Мақдисдан Сидратул Мунтаҳога, Аллоҳнинг ҳузурига кўтарилишларига айтилади.

  Меърожда Пайғамбаримиз (с.а.в) ҳам бирга бўлдилар. Ҳар осмонда Пайғамбаримиз (с.а.в) бир Пайғамбар ва кўплаб фаришталар ила кўришганлар. Шунингдек, жаннат ва жаҳаннамнинг ҳолини қўрганлар. Сидратул Мунтаҳога ўтиб, Аллоҳнинг малакут оламида кўпгина ажойиботларни кўрдилар.

[1] Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайхи васаллам Масжид-ул харомда Масжид-ул Ақсога сайр қилиши.

[2] Осмонга кўтарилиш.

Абдураҳимов Баҳромжон 

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти ўқитувчиси