Яратилиш санаси 12.10.2023

Инсонлар ўртасини ислоҳ қилиш...

Динимизда ўзаро низолашиб қолган инсонлар ўртасини ислоҳ қилиш савобли амаллардан саналади. Бу борада Аллоҳ таоло: “Албатта, мўминлар ўзаро биродардирлар. Бас, сизлар икки биродарингиз ўртасини тузатиб қўйингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз, шояд, раҳм қилинсангиз”, дея марҳамат қилган (Ҳужурот сураси, 10-оят).

Абу Дардо розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда эса Расулуллоҳ соллалло­ҳу алайҳи ва саллам: “Сизларга (нафл) рўза, намоз, садақа даражасидан афзал ишнинг хабарини берайми?” дедилар. Саҳобалар: “Ҳа, ё Расулаллоҳ!” дейишди. Шунда у зот: «Ке­ли­шолмай қолганларнинг орасини ислоҳ қи­­лиш. Чунки келишмовчиликнинг фасоди “қирувчидир” (худди сартарош сочни қириб олганидек)», дедилар (Имом Баззор ривояти).

Инсонлар ўртасини ислоҳ қилиш шу даражада муҳимлигини қарангки, бу иш банда­чиликда қилган баъзи гуноҳларимизга каф­форат бўлар экан.

Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким инсонлар ўртасини ислоҳ қилса, Аллоҳ унинг ишини ислоҳ қилади ва улар учун айтган ҳар бир сўзига бир қул озод қилганлик савобини беради, у улар олдидан гуноҳлари кечирилган ҳолатда қайтади”, дедилар (Имом Асбаҳоний ривояти).

Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда эса бундай дейилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қуёш балқиган ҳар бир кунда икки киши ўртасини адолат билан ислоҳ этиш садақадир. Бир кишининг уловига минишига ёрдам бериш ва юкини уловига юклаб бериш садақадир. Бир кишига табассум билан яхши сўз айтиш садақадир. Намоз сари босган ҳар бир қадам баробарида садақа бор ва одамларга азият берадиган нарсаларни йўлдан олиб қўйиш садақадир”, дедилар» (Имом Бухорий ривояти).

Инсонларнинг ўзаро аҳил-иноқ яшашлари жамият фаровонлигининг асосидир. Шу боис ўзаро келишмовчилик, адоват, гина-кудурат сабабли хафалашиб юрган кишилар орасини ислоҳ қилиш динимиз амри эканини, бу хайрли амал нафл ибодатлардан афзал эканини асло унутмаслик лозим.

Аллоҳ таоло халқимизнинг ўзаро аҳил-иноқ, меҳр-оқибатли бўлиб яшашларини бардавом қилсин!

Умаров Раҳматуллоҳ

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти талабаси