Ғам-қайғули дамларда Расул алайҳиссалом қайси дуоларни ўқиганлар?
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қайғу-ғам келганда кўп дуо қилар эдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: “Қай бир банда ўзига ғам-ташвиш етганида: “Аллоҳумма инний ъабдука, ибну ъабдика, ибну аматика, насийатий бийадик, мазин фиййа ҳукмук, ъадлун фиййа қозоук, асалука бикулли исмин ҳува лака саммайта биҳи нафсака ав анзалтаҳу фи китабика ав ъалламтаҳу аҳадан мин холқика ав истасарта биҳи фий ъилмил ғойби ъиндака ан тажъалал Қуръана нуро содрий ва робийъа қолбий ва жилаа ҳузний ва заҳаба ҳаммий” деса, албатта Аллоҳ таоло унинг ғам-ташвиши ва маҳзунлигини кетказади ҳамда ўрнига шодликни алиштириб беради” (Ибн Сунний ривояти).
Маъноси: “Аллоҳим! Албатта, мен Сенинг қулингман, қулингнинг ўғлиман, чўрингнинг ўғлиман. Пешонам Қўлингда (яъни, мен Сенинг салтанатинг-ҳукминг остидаман). Ҳукминг менинг устимда жорийдир. Қазо (амр-ҳукминг) менинг устимда адолатдир. Сенинг учун бўлган ҳар бир исм билан Сендан сўрайман. У исм билан Ўзингни номлаган эдинг ёки Китобингда нозил қилган эдинг ёки уни бирон бандангга билдиргандинг ёки Ўз олдингдаги ғайб илмида олиб қўйган эдинг. Шу исмларнинг ҳаммаси билан сўрайман. Қуръонни қалбимнинг баҳори, кўнглимнинг нури, маҳзунлигимни кетказувчи ва ғам-ташвишимни аритгувчи қилгин”...
Паттаев Мусохон
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти талабаси