Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ансор ва муҳожирларни биродарлаштиришлари
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижрат қилиб келгунларича Мадина шаҳри Ясриб деб аталар эди. Ясриб арабчада ёмонлик маъносини англатади. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шаҳарнинг номини «Мадина» деб атадилар.
Ҳижратдан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йўлга қўйган энг муҳим ишлардан бири муҳожирлар билан ансорийларни биродарлаштиришлари бўлди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам уларни диндош биродарлар, деб эълон қилганларидан кейин, муҳожирлардан бир кишини олиб, ансорийларнинг биттаси билан ака-ука қилиб қўйганлар.
Бу диний биродарлик (ёки алоқа) қариндошлик, туғишганлик алоқаларидан устун саналган. Улар ҳамма масалаларда, ҳатто мерос масаласида ҳам мана шу алоқага таяниб, иш кўрганлар.
Уларнинг бир-бирларига валийликлари бир-бирларига ёрдам беришда, мерос тақсимлашда, хун тўлашда, қарзларини ўташ ва туғишганлар орасида бўладиган бошқа ҳомийлик ва жавобгарлик масалаларида ўз аксини топган.
Бу иш бутун дунёга пешқадамлик қилиши зарур бўлган жамият учун ғоят керакли эди. Ҳамжиҳат бўлган жамиятгина муваффақиятга эришади.
Ансорлар муҳожирлар билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмаларига биноан, биродар бўлганларидан кейин ўз биродарларини ўзларидан устун қўйиб, ўзларига жуда керак бўлиб турган нарсаларини ҳам уларга берадилар. Масалан, уйларининг ярмини, асбоб-анжомларини, мол-мулк¬ларини ва бошқа ҳамма керакли нарсаларини.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, муҳожирлар ва ансорларнинг биродарликлари инсоният тарихида мисли кўрилмаган биродарлик бўлган. Келаси ривоятларда ўша биродарликдан баъзи намуналарни ўрганамиз.
Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Муҳожирлар Мадинага келганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдурраҳмон ибн Авф ва Саъд ибн Робийъларни биродар қилиб қўйдилар. Бас, у Абдурраҳмонга:
«Мен ансорийлар ичида энг моли кўп одамман. Молимни ўзим билан сенинг орамизда иккига бўламан. Менинг икки хотиним бор. Сен назар сол. Қай бири сенга ёқса, унинг номини менга айт. Мен уни талоқ қилай, иддаси чиққандан сўнг сен унга уйлан», деди.
«Аллоҳ сенга аҳлингда ва молингда барака берсин. Бозорингиз қаерда?» деди.
Уни Бани Қайниқоъ бозорига йўлладилар. У ўша ердан қурт ва сариёғ билан қайтди. Кейин бозорга боришни давом этдирди. Сўнгра у бир куни ўзида сариқ ранг асари бор ҳолда келди. Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бу нима?» дедилар.
«Ансорийлардан бир аёлга уйландим», деди.
«Унга қанча нарса бердинг?» дедилар.
«Бир данак оғирлигида олтин», деди.
«Бир қўй сўйиб бўлса ҳам тўй қил», дедилар».
Учовлари ривоят қилишган.
Шарҳ: Бу ерда Саъд ибн Робийъ розияллоҳу анҳунинг ўзларини тутишларига ва гапларига алоҳида эътибор берайлик.
«Мен ансорийлар ичида энг моли кўп одамман. Молимни ўзим билан сенинг орамизда иккига бўламан. Менинг икки хотиним бор. Сен назар сол. Қай бири сенга ёқса, унинг номини менга айт. Мен уни талоқ қилай, иддаси чиққандан сўнг сен унга уйлан», деди».
Саъд ибн Робийъ розияллоҳу анҳу ўзларининг диний биродарлари Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу учун ҳар қандай фидокорликка тайёрликлари равшан кўриниб турибди.
Абу Жуҳайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Салмон билан Абу Дардони биродар қилдилар».
Бухорий ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ривоятнинг шарҳига Салмон розияллоҳу анҳу билан Абу Дардо розияллоҳу анҳунинг биродарликларидан бир кўринишни эслаб ўтсак фойдадан холи бўлмаса керак.
Абдураҳимов Баҳромжон
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти мударриси