Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳу
Ушбу сатрлар қаҳрамони Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳунинг тўлиқ исмлари–Саъд ибн Муоз ибн Нуъмон ибн Имруълқайс ибн ал-Ашҳал ал-Авсийдир. Бу серсавлат, улуғсифат, новча, қизил юзли инсон ёшлик чоғидаёқ ўз қабиласига бошлиқ бўлган эди. Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳу Исломга кирган вақтларида ўттиз бир ёшда эдилар. У кишининг мусулмон бўлишлари қиссаси ҳам ажойиб.
Биринчи ясриблик мусулмонларнинг талабларига биноан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга Исломдан таълим бериш учун Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳуни қўшиб юборган эдилар.
Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳу ва ясриблик мусулмонлар аҳолини Исломга даъват қилишда жонбозлик кўрсатдилар. Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳу Пайғамбар алайҳиссаломнинг тавсиялари бўйича иш олиб борар эдилар. У киши одамларга Қуръон ўқитиш, Ислом таълими бериш ва дин аҳкомларини ўргатишни ажойиб услуб билан йўлга қўяр эдилар. Гоҳида баъзи одамлар у кишининг олдига ўлдирмоқчи бўлиб, қурол кўтариб кирар эди. Аммо Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳунинг ширин муомаласи, қироати ва Ислом ҳақидаги сўзларидан кейин кўнгли эриб, мусулмон бўлиб, у киши нима топшириқ берса, ўшани сўзсиз бажарадиган бўлиб чиқар эди.
Ясриб бўйлаб Ислом мисли кўрилмаган тезликда тарқалиб борар эди. У ердаги бош қабилалар–Авс ва Хазражнинг кўплаб одамлари, жумладан, Саъд ибн Муоз ва Усайд ибн Ҳузайр каби ўз қавмининг улуғлари ҳам Исломга кирдилар.
Ибн Исҳоқ раҳматуллоҳи алайҳи Абдуллоҳ ибн Абу Бакр ибн Муҳаммад ибн Амр ибн Ҳазмдан ва бошқалардан ривоят қиладилар:
«Асъад ибн Зирора Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳуни Бани Абдулашҳал ва Бани Дуфарнинг турар жойларига олиб борди. Саъд ибн Муъоз Асъад ибн Зироранинг холаваччаси эди. Бас, Асъад ибн Зирора уни Бани Дуфарнинг боғларидан бир боққа олиб кирди. «Марақ» қудуғи ёнида ўтирдилар. Икковларининг олдиларига мусулмон бўлган кишилар йиғилишди. Ўша пайтда Саъд ибн Муъоз ва Усайд ибн Ҳузайрлар ўз қавмлари Бани Абдулашҳалнинг улуғлари эдилар. Икковлари ҳам ўз қавмининг динидаги мушриклар эдилар. Уларга бўлаётган ишнинг хабари келганда Саъд Усайдга:
«Отанг ўлгур! Анави юртимизга келиб, заифларимизнинг бошини айлантираётган икки кишининг олдига бор! Икковини сўкиб, диёримизга келишларини ман қил! Агар ўзинг билганингдек, Асъад ибн Зирора қариндошим бўлмаганида ўзим билардим нима қилишни. У холамнинг ўғли. Унга бир нарса дея олмайман», деди.
Усайд ибн Ҳузайр найзасини олиб, улар томон юриб кетди. Асъад ибн Зирора уни кўриши билан Мусъабга:
«Манави, келаётган ўз қавмининг улуғи. Аллоҳ учун унга тўғри гапир», деди.
«Агар ўтирса, у билан гаплашаман», деди Мусъаб.
У келиб, икковларининг устида тўхтади-да, таҳдид ила:
«Икковингни бизга нима олиб келди?! Заифларимизнинг бошини айлантиришмоқдасан!? Агар жонларингдан умидларинг бўлса, бизга яқинлашмаларинг!» деди.
«Аввал ўтириб, бир эшитиб кўрсанг бўлармиди? Агар бу ишдан рози бўлсанг қабул қилар эдинг. Агар ёқтирмасанг, ўзинг ёқтирмаган нарсани тарк қилардинг», деди Мусъаб.
«Инсоф қилдинг», деди у ва найзасини санчиб қўйиб, икковларининг ёнига ўтирди. Мусъаб унга Ислом ҳақида сўзлаб берди. Кейин Қуръон қироат қилиб берди.
Икковлари кейинроқ бу ҳолни эслашиб:
«Ўшанда унинг гапиришидан олдин юзидан Исломнинг балқишини кўриб турар эдик», дер эдилар.
«Бу қандоқ ҳам гўзал! Бу қандоқ ҳам ажойиб! Бу динга кирмоқчи бўлганларингизда қандоқ қиласизлар!?» деди у.
«Ғусл қиласан. Покланасан. Кийимингни поклайсан. Сўнгра ҳақ шаҳодатни келтирасан. Кейин намоз ўқийсан», дедилар икковлари. У туриб, ғусл қилди. Кийимини поклади. Сўнгра ҳақ шаҳодатни келтирди. Кейин икки ракъат намоз ўқиди ва икковларига қараб:
«Ортимда бир киши қолган. Агар у иккингизга эргашса, унинг қавмидан бирор киши қолмай сизларга эргашади. Мен уни сизларнинг ҳузурингизга юбораман. У Саъд ибн Муъоздир», деди. Сўнгра найзасини олиб, ўз мажлисларида ўтирган Саъд ва унинг қавми томон юриб кетди. Унинг келаётганига назар солган Саъд ибн Муъоз:
«Аллоҳ номи ила қасам ичаманки, Усайд сизнинг олдингиздан кетган юздан бошқа юз билан келмоқда», деди. У етиб келиб, мажлисда ўтирганлар олдида тўхтаганида Саъд унга:
«Нима қилдинг?» деди.
«Иккала одам билан гаплашдим. Мен уларда бир ёмонлик кўрмадим. Мен уларни қайтардим. Улар сен ёқтирган нарсани қиламиз, дейишди. Менга айтилишича, Бани Ҳориса Асъад ибн Зирорани ўлдиргани чиқибдилар. Улар уни сенинг холангнинг ўғли эканини билиб, сени ҳақоратламоқ учун шундоқ қилмоқчи эканлар», деди у.
Ўзига Бани Ҳориса ҳақида зикр қилинган нарсадан ғазабланган Саъд ибн Муъоз ғазаб ила шошилиб ўрнидан турди-да, найзасини қўлига олиб:
«Аллоҳга қасамки, ҳеч нарсани эплай олмапсан!» деди. Сўнгра Саъд ҳалиги икки киши томон юриб кетди. У икковларини хотиржам ўтирганларини кўриши билан Усайд уни икковларининг сўзини эшитишини ирода қилганини тушуниб етди. У келиб, Асъад ибн Зирорага дўқ ура кетди:
«Аллоҳга қасамки, эй Абу Умома, Аллоҳга қасамки, агар орамизда қариндошлик бўлмаганида, мендан яхшилик кўрмас эдинг! Сизлар бизнинг юртимизга биз ёқтирмаган нарсани олиб келасизларми, ахир!?» деди.
Ундан олдин Асъад Мусъабга:
«Аллоҳга қасамки, олдингга бир саййид келмоқда, агар у сенга эргашса, унинг қавмидан ҳеч ким сенга хилоф қилмайди», деган эди. Мусъаб Саъдга мулойимлик ила:
«Аввал ўтириб, бир эшитиб кўрсанг бўлармиди? Агар бу ишдан рози бўлсанг, қабул қилар эдинг. Агар ёқтирмасанг, ёқтирмаган нарсангни сендан узоқ қилар эдик», деди.
«Инсоф қилдинг», деди у ва найзасини санчиб қўйиб, икковларининг ёнига ўтирди. Мусъаб унга Ислом ҳақида сўзлаб берди. Қуръон қироат қилиб берди. Мусо ибн Уқбанинг айтишича, ўшанда у «Зухруф»нинг аввалини ўқиган экан.
«Ўшанда унинг гапиришидан олдин юзидан Исломнинг ишроқини кўриб турар эдик», деди у. Кейин у икковларига:
«Агар мусулмон бўлмоқчи, бу динга кирмоқчи бўлганларингизда қандоқ қиласизлар!?» деди.
«Ғусл қиласан. Покланасан. Кийимингни поклайсан. Сўнгра ҳақ шаҳодат келтирасан. Кейин икки ракъат намоз ўқийсан», дедилар икковлари. У туриб, ғусл қилди. Кийимини поклади. Сўнгра ҳақ шаҳодатни келтирди. Кейин икки ракъат намоз ўқиди ва найзасини қўлига олиб, қавми мажлис қуриб ўтирган жойга қайтиб кета бошлади. У билан Усайд ибн Ҳузайр ҳам бирга кетди.
Унинг келаётганига назар солган қавми:
«Аллоҳ номи ила қасам ичамизки, Саъд сизнинг олдингиздан кетган юздан бошқа юз билан келмоқда», дедилар. У етиб келиб, мажлисда ўтирганлар олдида тўхтади-да:
«Эй Бани Абдулашҳал! Мени ўз ичингизда ким деб биласизлар!?» деди.
«Сен саййидимизсан! Ичимизда раъйи афзалимизсан! Энг яхши хислатлигимизсан!» дейишди.
«Аллоҳга қасамки, токи Аллоҳга ва Унинг Расулига иймон келтирмагунингизча эркагингизнинг ҳам, аёлингизни ҳам каломи мен учун ҳаромдир», деди у.
Аллоҳга қасамки, Абдулашҳал диёрида кечқурунгача бирорта эркак ёки аёл қолмай барчалари мусулмон бўлдилар. Саъд ва Мусъаб Асъад ибн Зироранинг уйига қайтиб бордилар ва ўша ерда одамларни Исломга даъват қилдилар. Ансорийларнинг уйларидан мусулмони йўқ бирорта ҳам уй қолмади. Магар Умайя ибн Язийд, Хотама, Воил ва Воқифларнинг хонадонлари бундан мустасно эди. Улар Авслик эдилар».
Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳунинг Исломга келишлари Ясрибда мусулмончиликнинг кенг тар-қалишига сабаб бўлди. У киши мусулмон бўлган кундан бошлаб, бу шаҳарда мусулмонларнинг жонига оро кирди.
Келаси ҳаж мавсумига борган мусулмонлар ичида Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳу ҳам бор эдилар. Мадиналик мусулмонлар «Ақаба»да Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан кечаси яширин учрашадиган бўлишди.
Тўпланиб бўлгач қарасалар, етмиш уч эркак ва икки аёл–Насийба бинти Каъб ва Асмаа бинти Амр ибн Адийлар эканлар.
Ҳаммалари тўпланиб бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кута бошладилар. Бир вақт у зот келаётганларини пайқадилар. Ёнларида бир киши ҳам бор эди. Яқин келганда у киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари Аббос эканлиги маълум бўлди.
Орада сўзлашув бўлиб ўтди. Мусулмонлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам улардан нимани талаб қилсалар, ўшанга тайёр эканларини билдирдилар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам улардан ўз ичларидан ўн иккита нақиб сайлашни сўрадилар. Улар ўн икки кишини танладилар. У зот нақибларга:
«Сизлар ўз қавмингизга худди Ийсо ибн Марямнинг ҳаворийлари кафил бўлгандек кафилсизлар. Мен ўз қавмимга кафилман», дедилар.
Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга Қуръон тиловат қилдилар, Аллоҳга даъват, Исломга тарғиб қилдилар ва:
«Аёлларингиз ва болаларингизни нимадан ҳимоя қиладиган бўлсангиз, мени ҳам ўшандан ҳимоя қилишингиз шарти ила сизларнинг байъатингизни қабул қиламан», дедилар.
Баро ибн Маърур Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўлларини олиб, биринчи бўлиб байъат қилди. Кейин ҳамма бирма-бир байъат қилиб чиқди. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга:
«Энди жойларингизга бораверинглар», дедилар.
Ана шу тарзда Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳу Ислом тарихидаги энг машҳур учрашувлардан бирининг қатнашчиси деган шарафга муяссар бўлдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилиб келганларида Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳу ва қабиладошларининг эшиклари муҳожирлар учун кенг очилган эди. Улар мол-мулкларини ҳам миннатсиз равишда муҳожирларга тутдилар.
Муҳиддинов Музаффар
таълим муассасаси ўқитувчиси