ОДАМЛАРНИ ЧАЛҒИТИБ НОҲАҚ ЙЎЛГА БОШЛОВЧИ КИМСАЛАР ДАЖЖОЛДАН ҲАМ ҲАВФЛИДИР!
Ислом ниқобидаги диний экстремистик оқим ва ташкилотлар ҳақида гапирганда сўзни аввало динлар, хусусан ислом динининг асл моҳияти ҳақида бошлаш зарур. Ислом дини эзгулик ва яхшиликка қурилган. Бугун мусулмон дунёсининг умумэътироф этилган уламолари буни, бир овоздан қўллаб-қувватлайдилар.
Ислом динининг бош ғояси ва мақсади якка худоликка чорлаш орқали эзгуликка, яхшиликка чақиришдан иборат. Агар Қуръони Каримга мурожаат қилсак, бунинг яққол гувоҳи бўламиз: “Аллоҳ ҳузурига фақат соғлом дин билан келган кишиларгина (фойда топур)” (Шуаро сураси, 89-оят),
“Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз” (Моида сураси, 2-оят).
Ҳадиси шарифларда ҳам фақат эзгулик мужассам: “Қўли ва тилидан ҳеч ким зиён кўрмаган киши мусулмондир”,
“Умматим ҳеч қачон залолатли ишларга бирлашмайдилар”,
“Одамларни чалғитиб ноҳақ йўлга бошловчи кимсалар дажжолдан ҳам ҳавфлидирлар”.
Одатда ҳар қандай дин пайдо бўлибдики, ундан шахсий, иқтисодий, ижимоий ва сиёсий мақсадларда фойдаланишга уринувчи кимсалар, гуруҳлар, кучлар доимо мавжуд бўлган. Натижада дин, шу жумладан ислом дини ниқобидаги ақидапарастлик, экстремистик, ҳаттоки, террористик оқим ва гуруҳлар вужудга келган. Мазкур оқимлар таъсирида кейинчалик мусулмон дунёсида кўплаб эксремистик, террористик гуруҳлар пайдо бўлган. Агар бирор кимса ёки ташкилот дин номидан гапириб, ёмонлик, ёвузлик ва зулмни, зарарни ва қабиҳ ишни амалга оширишни кўзласа, демакки, у дин таълимотини нотўғри тушунмоқда. Бу билан унинг ўзи ҳам унга эргашганлар ҳам савобга эмас, аксинча, гуноҳга ботган бўладилар. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, динлар, ҳусусан ислом динининг асосий манбаалари бўлмиш Қуръон ва ҳадисларда сиёсат ва ҳокимият, давлат бошқаруви ҳақида бирорта оят ҳам, ҳадис ҳам йўқ. Шунинг ўзиёқ диннинг маънавиятга, маданиятга, эзгулик ва гўзалликка қурилганини кўрсатиб турибди. Дин ниқобидаги турли бузғинчи оқим ва гуруҳларнинг жамият барқарорлигига таҳдиди жуда катта. Улар аввало тинч-осойишталикка, миллатлараро ва динлараро тотувликка раҳна солади. Ўзлари билган ёки билмаган ҳолда муайян сиёсий кучларнинг манфаатларига ҳизмат қилиб қўяди ва мусулмон мамлакатларида беқарорлик келтириб чиқаради, изчил тараққиётга путур етказади. Охир оқибатда ўзи туғилиб улғайган, ота-онаси ҳамда қариндошлари истиқомат қилаётган она ватани бошқа кучлар, ҳаттоки давлатлар таъсирига ва измига тушиб қолишига сабабчи бўлади. Бундан, аввало ёшлар огоҳ бўлишлари лозим!
Сўфи Оллоёрнинг “Ақида билмаган шайтона элдир,
Агар минг йил амал деб қилса, елдир”-деган ушбу ҳикматли сўзи асрлар ўтсада ўз моҳиятини йўқотмай келмоқда.
Зеро, ўтмишда эътиқоди суст кишилар эргашган, ҳозир ҳам баъзи адашганлар унинг измида юришмоқда. Эндиликда улар ёшларнинг эътиқодига зид, соғлом ақида борасида шубҳага соладиган, баҳс-муназара қиладиган сайтлар очиб, соф эътиқодли ёшларга салбий таъсир ўтказишмоқда.
Юртимизда ғарб ўлкаларидан шиддат билан кириб келаётган, ёшларимиз ахлоқига заҳарли ханжар бўлиб, урилаёган фаҳш ва бузуқликларни тарғиб қилувчи китоблар ва фильмларни фарзандларимиз тарбиясига салбий таъсир кўрсатаётганига ҳам кўпинча бепарводекмиз. Гўёки, бу нарсалар бизларга тааллуқли эмасдек, лоқайдликка бериламиз. Аслида эса шу каби оддий лоқайдлик катта жиноятларга, кулфатларга йўл очиб беришини унутиб қўямиз. Қаерда бепарволик ва лоқайдлик ҳукм сурса, энг зарур масалалар ўзи бўларликка ташлаб қўйилса, оқибати ҳалокатга учраши мумкин. Лоқайд кимсадан ҳеч қачон яхшилик чиқмайди. Чунки, уларда на сидқ, на ирода бўлади. Улар ҳатто ўз халқи, Ватани, тақдирига ҳам бамисоли бегона одамдек қарайди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўъмин зийрак, эҳтиёткор ва оқил бўлади”, -деб таъкидлаганлар.
Ижтимоий тармоқларнинг салбий таъсиридан бутун миллат, айниқса, ўсиб келаётган ёш авлодни ҳимоя қилиш ҳар бир онгли инсонни муқаддас бурчи эканини таъкидлаш лозим. Ёшлар ўртасида интернет тармоғидан фойдаланишни суистеъмол қилиши оқибатида турли кўнгилсизликлар, ноҳушликлар кўпайгани кузатилмоқда. Инсон теварак атрофида бўлаётган барча воқеа-ҳодисаларга, хусусан, интернет тармоқларидан ҳар қандай маълумотни тўғри деб қабул қилавериши хатарли эканини билмоғи керак. Зеро, уларнинг ҳаммаси ҳам инсон ҳаётига фойда беравермайди. (давоми бор)
Абдулазиз Бобамирзаев,
Наманган шаҳар Янги Наманган тумани бош имом хатиби,