Xазражийларнинг раиси Cаъд ибн Убода розияллоҳу анҳунинг фазллари
Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳу Мадина аҳлининг кўзга кўринган арбобларидан бири эди. Ўша вақтда бу шаҳарда арабларининг икки раҳбари бўлса, уларнинг бири Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳу ва яна бири Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳу эдилар. Бу икки шахс тарих саҳифаларида доимо бирга зикр қилинадилар, десак муболаға қилмаган бўламиз. Қаерда Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳу зикр қилинса, ўша ерда Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳунинг ҳам зикрлари келади. Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳу Авс қабиласининг раҳбари бўлсалар, Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳу Хазраж қабиласининг раҳбари эдилар.
Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Ясрибга даъват учун юборган Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳунинг даъватлари ила Исломга кирган зотлардан ҳисобланадилар.
Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳу ўша йили ҳажга борганлар ва Ақобада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан учрашиб, у зотга байъат қилиш бахтига муяссар бўлган оз сонли мусулмонлардан биридирлар.
Ўша муборак байъатнинг эртасига Макка кофирлари бу ишдан хабардор бўлиб қолдилар. Улар ясрибликлар турган жойга бориб бу ишда қатнашганларни суриштира бошладилар. Ясриб мушриклари биз бундоқ иш қилганимиз йўқ, деб қасам ичиб туриб олдилар. Мусулмонлар ҳеч нарсани билмагандек туравердилар.
Ҳожилар жўнаб кетганларидан кейин мушриклар ишнинг тафсилотини билдилар. Улар ясриблик мусулмонларни ортларидан қувиб бордилар. Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳуни тутиб ҳам олдилар. У кишини калтаклаб, юк арқони ила икки қўлларини бошларига боғлаб, Маккага олиб келдилар. Мушриклар Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳуни ҳам ўз қароргоҳларига олиб келиб, яна уришда давом этдилар. Мазкур мушриклар Мадинанинг бошлиғини калтаклашаётганларини билишмас эди. Улар бу улуғ инсоннинг қадрини ҳам билмас эдилар.
Қиссанинг давомини Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳунинг ўзларидан эшитайлик:
«Аллоҳга қасамки, мен уларнинг қўлида турганимда олдимда бир тўп қурайшликлар пайдо бўлдилар. Уларнинг ичида чиройли, оппоқ ва хушқомат бир киши ҳам бор эди. Ўзимча, агар бу қавмда бирор яхшилик бўлса, мана шу кишида бўлади, дедим. У менга яқинлашганда қўлини кўтариб қаттиқ мушт туширди. Ичимда, бундан кейин буларда яхшилик бўлиши мумкин эмас, дедим.
Аллоҳга қасамки, мени улар судрашиб юрганларида улардан бири менинг олдимга яқинлашиб:
«Шўринг қурсин, сенинг қурайшликлардан бирортаси ила аҳдноманг йўқми?» деди.
«Бор! Жубайр ибн Мутъамнинг тожирларини ҳимоямга олар эдим. Ўз юртимда уларга ким зулм қилмоқчи бўлса, ман қилар эдим. Шунингдек, Ҳорис ибн Ҳарб ибн Умайяни ҳам ҳимоя қилар эдим», дедим.
«Ўша икки кишини баланд овоз билан ёрдамга чақир! Сен билан икковининг орасидаги аҳдномани зикр қил!» деди.
Мен унинг айтганини қилдим. Ҳалиги одам икковининг олдига бориб, хазражлик бир киши Абтоҳда калтакланаётганини ва икковининг исмини айтиб, ёрдамга чақираётганини, ўзи билан иккиси ораларидаги аҳдномани зикр қилаётганини айтди. Улар менинг исмимни сўрашди. У:
«Саъд ибн Убода!» деди.
Иккови: «Аллоҳга қасамки, тўғри айтибди!» дейишди ва келиб мени уларнинг қўлидан қутқариб олишди».
Ана шу тарзда Саъд ибн Муоз ва Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳу ансорлар ичидан биринчилардан бўлиб мушриклар қўлида азобланиш шарафига мушарраф бўлдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилиб келганларидан сўнг эса, бу кишилар ўзларининг бор имкониятларини ишга солиб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ёрдам бердилар.
Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳу табиатан сахий ва меҳмондўст одам эдилар. Бу сифатлар у кишига отасидан мерос қолган эди. Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳунинг отаси Дуйлам ибн Ҳориса жоҳилият даврида сахийлик билан етти иқлимга донг таратган одам эди.
Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳу эса, қўли очиқликлари билан Исломга хизмат қилиш у кишига насиб бўлди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳужраларидан қай бирида бўлсалар, Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳу лаганлари ҳам у зот алайҳиссаломнинг ортларидан ўша ҳужрага кирар эди.
Ўша пайтларда қорнини тўйғиза олмайдиган бечораҳоллардан кўпи йўқ эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар куни саҳобаларга улардан баъзиларини ўз уйларига олиб кетиб, тўйдиришни тавсия қилар эдилар. Биров бир кишини, бошқаси икки кишини олиб кетар эди. Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳу бўлсалар саксон кишини олиб кетар эдилар.
Абу Нуъайм Муҳаммад ибн Сирийндан ривоят қилади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кечқурун бўлганида суффа аҳлини ўз саҳобалари орасида тақсимлар эдилар. Бировга бир киши, бошқасига икки киши, яна бирига уч киши, ҳатто ўн киши текканлар ҳам бўлар эди. Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳу ҳар кеча ўз уйига саксон кишини олиб бориб, кечки таом берар эди.
Ибн Асокир Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:
«У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга мия тўлдирилган лаганни олиб келди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бу нима, эй Абу Сабот?!» дедилар.
«Сизни ҳақ ила юборган Зот ила қасамки, сизни бир мияга тўйғазай, деб қирқта туя сўйган эдим», деди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ундан едилар ва унинг ҳақига дуо қилдилар».
Имом Абу Довуд ривоят қиладилар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳуникида нон ва мой едилар. Фориғ бўлган чоғларида:
«Ҳузурингизда рўзадорлар ифтор қилсин. Таомингизни аброрлар есин. Фаришталар сизга истиғфор айтсин», дедилар».
Ушбу ривоятда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ саҳобалар биринчи Ислом давлати соясида қанчалар содда ва камтарона ҳаёт кечирганлари яққол зоҳир бўлиб турибди.
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳуникида нон ва мой едилар».
Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳу аввал билганимиздек мадиналик саҳобаларнинг икки раҳбарларидан бири ҳисобланадилар. Ўшандоқ катта мансабдор одамникида Пайғамбар бошлиқ бир гуруҳ саҳобаи киромлар қуруқ нонни зайтуннинг мойига тегизишиб еб, меҳмондорчилик қилганлар.
Ана ўша содда меҳмондорчиликдаги қуруқ нон ва мойдан иборат зиёфатни еб, фориғ бўлганларидан кейин Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам кейинчалик барча мўмин-мусулмонларга мерос бўлиб қолган қуйидаги пурмаъно дуони қилдилар:
«Ҳузурингизда рўзадорлар ифтор қилсин. Таомингизни аброрлар есин. Фаришталар сизга истиғфор айтсин», дедилар».
Бошқаларга зиёфат уюштирган кишилар учун энг муносиб дуо шу: «Ҳузурингизда рўзадорлар ифтор қилсин».
Чунки бошқаларга берилган таомнинг энг савоблиси рўзадорларга ифторлик беришдир. Киши учун унинг таомини рўзадор ифтори учун ейилиши катта хайр-барака ҳисобланишини шундан ҳам билиб олаверсак бўлади.
«Таомингизни аброрлар есин».
«Аброрлар» яхшилардир. Мусулмон киши учун унинг таомини яхши одамлар тановул қилмоғи ажру савобни кўп олишига сабаб бўлар экан. Бўлмаса, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бундоқ дуо қилмас эдилар.
«Фаришталар сизга истиғфор айтсин».
Фаришталар, яъни Аллоҳ таолонинг муқарраб бандалари бир банданинг гуноҳини афв этишини сўраб, Роббил оламинга дуо қилмоғи ҳам катта гап. Зиёфат берган одам ҳаққига шундоқ дуо қилиш яхши экан. Арабларда бу дуони ёдлаб олиб, доимо айтиб юришади. Бизда ҳам шунга амал қилинса, яхши бўлар эди. Аммо бизда ҳам зиёфат берган одам ҳаққига дуо қилиш яхши йўлга қўйилган. Баъзи вақтларда ҳатто муболағага ҳам ўтиб кетилади.
Урва розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади::
«Хадийжа Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Мадинага ҳижратларидан уч йил олдин вафот этди. У зот икки йил ёки шунга яқин турдилар. Кейин Оишани никоҳларига олдилар. У олти ёшли қиз эди. У билан бирга яшашни ҳижратдан кейин Шавволда бошладилар. У ўшанда тўққиз ёшли қиз эди».
Ўша куни бошқа бирор нарса ҳам бўлгани йўқ. Сўйиш ҳам сўйилмади. Дастурхон ҳам ёзилмади. Бошқа бирор иш ҳам қилинмади. Тўғри, Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳу ўз одатлари бўйича юбориб турадиган бир сиқим нарсаларини юбордилар. У киши бир қадаҳда сут ҳам юборган эди. Ўша сутнинг бир озини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ичдилар ва қолганини Оиша онамиз розияллоҳу анҳога тутдилар.
У пайтларда бошқа нарсага илож ҳам йўқ эди. Аммо шундоқ бўлса ҳам, буни тўй дейиш мумкин бўлса, тўй маросими Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг бутун умрлари бўйи эслаб юрадиган бахтли онлари бўлиб қолди.
Ибн Саъд раҳматуллоҳи алайҳи Урва розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳуни ўз тепалигига чиқиб олиб:
«Ким ёғ ёки гўшт хоҳласа, Саъд ибн Убодага келсин!» деб нидо қилаётганини кўрдим. Кейин унинг ўғлини ҳам шундоқ чақираётганини кўрдим. Ёш эдим, Мадинанинг йўлида кетаётган эдим. Ёнимдан Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу ўзининг олиядаги ери томон ўтиб қолди. У киши менга:
«Эй йигит! Бери кел. Назар сол. Саъд ибн Убоданинг тепалигида бирор кишини нидо қилаётгани кўринадими?» деди.
Мен назар солдим-да:
«Йўқ!» дедим.
«Тўғри айтасан», деди у».
Муҳиддинов Музаффар
таълим муассасаси ўқитувчиси