Қуръони карим ва у билан боғлиқ илмлар
Қуръони карим Аллоҳ азза ва жалланинг каломи бўлиб, ўн тўрт асрдан бери Қуръонни мусулмонлар ўқиб ўрганиб келмоқдалар. Ҳатто бошқа дин вакиллари ҳам уни тадқиқ қилиб, янги кашфиётлар очмоқдалар ва уни башарий калом эмаслигига амин бўлмоқдалар. Шундай экан, Қуръони карим ҳақида тўлиқроқ маълумотга эга бўлиб олиш мақсадга мувофиқ саналади.
Қуръони каримниг бир нечта номлари мавжуд бўлиб айримларини эслаб ўтсак: ал-Фурқон, ат-Танзийл, аз-Зикр, ал-Китаб, ал-Ваҳий, Аҳсанул ҳадис, ас-сирот мустақийм, ар-руҳ .
Қуръони каримда «Қуръон» лафзи 68 та ўринда келган.
Қуръони карим 30 жуз (пора)дан иборат бўлиб, унинг суралари сони 114та, оятлари адади 6236 тани ташкил этади. Қуръон илмлари бўйича машҳур олим Атонинг фикрига кўра, Қуръони карим 77439та сўздан ташкил топган. Ибн Аббоснинг сўзларига қараганда, Қуръонда 323671та ҳарф қатнашган. Унда 8804та замма ҳаракати, 53242та фатҳа ҳаракати, шунингдек, 39582та касра аломати, 1771та мад – чўзиш белгиси, 1252та ташдид аломати, 134550та нуқта ишлатилган.
Маданий суралар – ҳижратдан кейин Мадина ва бошқа жойларда нозил бўлган cуралар. Бу атама 26 та сурага нисбатан қўлланилади. Маданий оятлар адади 1456 та бўлиб, Қуръоннинг 37 фоизини ташкил этади. Маълумки, Қуръони карим оятлари бир жойда эмас, балки Макка, Мадина, Тоиф, Жуҳфа, Байтул Мақдис, Ҳудайбия каби шаҳарларда ва Мино, Арафот, Бадр, Уҳуд каби ерларда туширилган.
Маккий суралар – Маккада ҳижратгача нозил бўлган суралар. Бу атама 88 та сурага нисбатан қўлланилади. Маккий оятлар адади 4780 та бўлиб, улар Қуръоннинг 63 фоизи ташкил этади.
Қуръони каримдаги энг катта сура – Бақара сураси бўлиб, 286 оятдан иборат. Энг узун оят – қарз ҳақидаги оят бўлиб, у Бақара сурасининг 282-оятидир. Энг узун калима فَأَسْقَيْنَاكُمُوهُ Ҳижр сураси 22 ояти (11 ҳарф). Энг кичкина сура – Кавсар сураси, 3 оятдан иборат.
Ҳарф эътиборидан Қуръони каримнинг тенг ярми «Каҳф» сурасининг 19-оятида келган وَلْيَتَلَطَّف сўзининг охиридаги «фе» ҳарфи, деб белгиланган. Шунингдек, сўз эътиборидан Қуръони каримнинг тенг ярми «Ҳаж» сурасининг 20-оятидаги وَالْجُلُودُ сўзи экани аниқланган. Оятлар эътиборидан эса Қуръони каримнинг тенг ярми فَأَلْقَى مُوسَى عَصَاهُ فَإِذَا هِيَ تَلْقَفُ مَا يَأْفِكُونَ«Шуаро» сурасининг 45-оятидир. Шунингдек, суралар ҳисобига кўра, Қуръоннинг тенг ярми «Ҳадид» сурасининг охирига тўғри келади.
Аллоҳ таолонинг иккитагина оятида ҳижоия ҳарфларининг 29 таси ҳам жамланган. Улар: «Оли Имрон» сурасининг 154-ояти, ва «Фатҳ» сурасининг 29-ояти.
Пайғамбарлар исми билан номланган суралар – Юнус, Ҳуд, Юсуф, Иброҳим, Муҳаммад. Энг кўп эслатилган пайғамбар – Мусо алайҳиссалом бўлиб, 136 марта зикр қилинган.
Зикри келган фаришталар – Жибрил, Микоил, Молик, Ҳорут ва Морут (алайҳимус саломлар).
Саҳобалардан фақатгина Зайд ибн Ҳориса ва Марям онамиз исмлари зикр қилинган.
Ҳайвонлар билан номланган суралар – Бақара, Намл, Фил, Наҳл, Анкабут. Қуръони каримда зикри келган ҳайвонлар – сигир, чивин, пашша, чумоли, ари, илон, туя, кучук, қарға, фил, ўргимчак, шер, чигиртка, бўри, урғочи туя, от, хачир, эшак, чўчқа.
Зикр қилинган ўсимликлар – пиёз, анжир, хантал уруғи, анор, райҳон, ёввойи зайтун, занжабил, сидр, ясмиқ дони, тарра, узунчоқ бодринг, хурмо, саримсоқпиёз, тамариск, ошқовоқ, узум, аччиқ банан, зайтун.
Вақт номлари билан келган суралар – Фажр, Лайл, Зуҳо, Аср.
Қуръони каримда зикри келган касб-корлар-темирчилик, дурадгорлик, ип йигириш, тўқувчилик, деҳқончилик, ғаввослик, заргарлик, денгизчи, ошпазлик, қассобчилик.
Қуръони каримни энг яхши билган саҳоба – Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу).
Ўз номи билан тугайдиган суралар – Масад, Нас, Мааъун.
Қуръони каримда حم билан бошланувчи суралар – Ғофир, Фуссилат, Шуро, Зухруф, Духон, Жосия, Аҳқоф.
Қуръони каримда келган энг катта сон – 100 минг.
Қуръонда келган сўзларнинг адади қуйидагича:
- “дунё” сўзи 115 марта, “охират” сўзи 115 марта;
- “малоика” (фаришта) сўзи 88 марта, “шайтон” сўзи 88 марта;
- “Муҳаммад” сўзи 4 марта, “шариат” сўзи 4 марта;
- “нос” (инсонлар) сўзи 50 март, “анбиё” (пайғамбарлар) сўзи 50 марта;
- “салоҳ” (яхшилик) сўзи 50 марта, “фасод” сўзи 50 марта;
- “Иблис” сўзи 11 марта, “истиоза” (ундан сақланиш) 11 марта;
- “ражл” (эркак киши) 24 марта, “имроа” (аёл киши) 24 марта;
- “ҳаёт” сўзи 145 марта, “мавт” (ўлим) сўзи 145 марта;
- “солиҳот” (эзгу ишлар) 167 марта, “саййиот” (ёмонликлар) 167 марта;
- “жаҳр” (овоз чиқариш) 16 марта, “алония” (ошкоралик) 16 марта;
- “мусибат” 75 марта, “шукр” 75 марта;
- “ҳидоят” 79 марта, “раҳмат” 79 марта.
Яна айрим сўзлар борки, уларнинг зикри бир неча баробар кўпдир:
- “жазо” 117 марта, “мағфират” 234 марта (икки баробар кўп);
- “уср” (қийинчилик) 12 марта, “юср” (енгиллик) 36 марта (3 баробар кўп);
- “солат” (намоз) сўзи 5 марта;
- “явм” (кун) сўзи 365 марта;
- “арз” (ер) сўзи 13 марта (29 %), “баҳр” (денгиз, уммон) сўзи 32 марта (71%, ер юзидаги сувлик ва қуруқлик нисбати шунчага тенг).
(“Тафсир илмига кириш” ўқув қўлланма асосида таёрланди.)
Абдураҳманов Мухаммад
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти ходими