
Шарқ педагогикаси
Педагогика тарихи қадим замонлардан тортиб, то ҳозирги кунгача турли тарихий даврларда тарбия, мактаб ва педагогика назарияларининг тараққиётини даврлар талаби асосида ўрганиб келди. Ҳар бир ижтимоий тузум, унинг келажаги, инсоният истиқболи, кишиларнинг ҳаёт ва турмуш даражаси фан ва маданият тараққиёти билан бевосита боғлиқдир.
Бинобарин, мустақиллик туфайли кўҳна Туркистон диёрида истиқомат қилиб келган барча халқлар миллий қадриятларнинг қайта тикланиши ва ривожланишига шарт-шароитлар вужудга келди. Айни пайтда ўзбек ва бошқа қардош халқларнинг миллий шаклланиши ва ривожланишини замон талабларига мос келадиган таълим тарбия тизимисиз тасаввур қилиш мумкин эмас.
Ёш авлодни тарбиялаш ва ўқитиш назарияси билан амалиётнинг қандай тараққий қилиб келганлигини билмай туриб, ёшларни ҳар томонлама комил инсон этиб тарбиялаш масалаларини илмий равишда ҳал қилиб бўлмайди. Бу аждодларимиз томонидан исбот қилинган илмий – назарий, фалсафий – тарбиявий хақиқатдир.
Ўзбек халқи тарихан таълим-тарбия сохасида ўзига хос дорилфунун яратган.
Истиқлолга эришганимизга қадар биз тарбия ишларимизга Оврупо педагогикасини асос қилиб олдик ва ўргандик. Эндиги вазифа Шарқ педагогикасини ўрганишга эътиборни қаратмоқ лозим. Чунки илму-фан аввал Шарқда тараққий этган, ҳур фикрлилик биздан бошланган. «Шарқ Европанинг муаллимидир» деганда ҳақ эди олмон олими Ҳерлер. Ҳақиқатдан ҳам шундай, ўзбек ҳалқининг маданий мероси улкан бир денгиз.
Дарҳақиқат, миллий қадриятларни умуминсоний қадриятлар билан уйғунлаштириш лозим. Чунки бирор миллат ўз қадриятини бошқа миллат қадриятларидан ажратиб олиб ярата олмайди. Ҳар бир миллат маънавиятига ўзига ҳос томонлар бўлса ҳам, у умуминсоний қадриятларнинг бир қисмидир. Шу билан бирга унутмаслигимиз керакки, биз қураётган янги жамият «биноси» учун биринчи галда миллий қадриятлар устун бўлмоғи лозим. Биз, энг аввало, миллий ўзлигимизни англамоғимиз, ўз тафаккуримизни кашф этмоғимиз лозим. Ўтмишимизда унитилган шундай улкан сарчашмалар борки, уларни пухта, атрофлича ўрганмоқ биринчи галдаги вазифадир.
VII-XII асрлар давомида Марказий Осиёда маданият, илм-фан беқиёс ривожлана бошлади. Айниқса, аниқ фанларга қизиқиш кескин орта бошлади. Ўша тарихий даврда ал-Хоразмий, Фаробий, ал-Фарғоний, ал-Беруний, Ибн Сино, аз-Замахшарий сингари қомусий олимлар дунёга келди. Улар билан ёнма-ён дунёвий илмлар туғилди. Ўша улуғ мутафаккирлар инсон маънавий ва тафаккур дунёсини бойитишда инсоният онгини, маданий – маърифий қарашларни ўстиришда ўз даврида ва кейинчалик ҳам асосий рол ўйнадилар, инсон камолотига доир беқиёс таълимотни яратдилар. XV-XVI асрларга келиб, қадимий Туркистон жаҳонга Қозизода Румий, Улуғбек, Али Қушчи, Хайдар Хоразмий, Ҳофиз Хоразмий, Лутфий, А. Навоий, Бобур, Абдулғозий Баходирхон сингари алломаларни вояга етказди. Бу даврда Марказий Осиё шаҳарларида қатор маданий ва илмий марказлар вужудга келди. Демак, Марказий Осиё халқлари, хусусан, ўзбек халқи ва унинг маданий – маърифий тараққиёти асрлар давомида мисли кўрилмаган даражада ривожланган. Қолаверса, унинг аҳлоқ-одобга оид қарашлари, педагогика фанлари буйича таълимоти бутун жахонга ўрнак бўларли маъно ва мазмун касб этган.
Ақилханов Саидолимхон
таълим муассасаси ўқитувчиси