Яратилиш санаси 21.05.2026

Зулҳижжанинг ўн куни ва такбири ташриқ ҳукмлари

Аллоҳ таоло бандаларига камгина фурсатда улкан ажр-мукофотларни қўлга киритишлари учун йил давомида баракали ва фазилатли вақтларни тақдим этган. Ана шундай улуғ мавсумлардан бири — Рамазондан кейин турадиган, энг афзал кунларни ўз ичига олган зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунлигидир.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар: “Аллоҳ таоло наздида бирор кун ва улардаги амал ушбу ўн кундан афзал ва Аллоҳ азза ва жаллага суюкли эмас. Бас, у кунларда таҳлил (Ла илаҳа иллаллоҳ) ва такбир (Аллоҳу акбар)ни кўпайтиринглар. Чунки, у кунлар таҳлил, такбир ва Аллоҳ таолога зикр айтиладиган кунлардир. У кунлардан бир кунининг рўзаси бир йилги рўзага баробардир. У кунларда қилинган амал етти юз баробарга кўпайтирилади” (Дурри мансур, Хитоботул аҳком).

Шу сабабли, зулҳижжа ойи кириши билан тилни зикр, такбир ва таҳлил билан банд қилиш, кундузларини рўза, кечаларини эса ибодат билан ўтказиш суюкли амаллардандир.

Фуқаҳоларнинг таҳқиқотларига кўра, ушбу такбирларнинг тарихи Иброҳим алайҳиссалом даврига бориб тақалади: Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломни ўғли Исмоилни қурбонлик қилиш билан синаган пайтда, пичоқ ўғилнинг бўйнига ўтмайди. Шунда Аллоҳ таоло Жаброил алайҳиссаломга жаннатдан қўчқор олиб тушишни буюради.

Жаброил алайҳиссалом ерга тушаётиб, Иброҳим алайҳиссалом шошилиб ўғлини забҳ қилиб қўйишидан қўрқиб: “Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар” деб ҳайқиради.

Иброҳим алайҳиссалом бу овозни эшитиб, осмонга қарайди ва қўчқорни кўриб: “Ла илааҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар” дейди.

Исмоил алайҳиссалом эса ўз ўрнига жаннатдан қурбонлик берилганини билиб, шукрона сифатида: “Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар ва лиллаҳил ҳамд” деб жавоб қайтаради (Раддул мухтор).

Мана шу тарихий ажойиб лафзлар Қурбон ҳайити кунларида мусулмонларнинг тилидаги одат ва улуғ ибодатга айланди.

Такбири ташриқнинг тўлиқ матни қуйидагича: “Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар. Ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар. Аллоҳу акбар ва лиллаҳил ҳамд”.

Маъноси: Аллоҳ буюкдир, Аллоҳ буюкдир. Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир. Аллоҳ буюкдир, Аллоҳ буюкдир ва мақтов Аллоҳ учундир.

Ушбу такбирни айтиш вожиб амалдир. Такбир айтиш вақти ва у кунларнинг сони борасида мазҳаббошимиз Имоми Аъзам ва у зотнинг шогирдлари ўртасида бироз илмий фарқ бор: Имоми Аъзам (Абу Ҳанифа) ҳазратлари: Такбирлар арафа куни бомдоддан бошланиб, ҳайит кунининг (биринчи куни) аср намозигача давом этади, деганлар.

Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммад фатволари: Такбир арафа куни (9-зулҳижжа) бомдод намозидан бошлаб, ҳайитнинг тўртинчи куни, яъни охирги ташриқ куни (13-зулҳижжа) аср намозигача давом этади. Жобир ва Али розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадислар ҳам буни қувватлайди.

Амалдаги фатво: Бугунги кунда Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммаднинг фатволарига асосланилган бўлиб, жами 23 вақт фарз намозидан кейин бир маротаба баланд овоз билан такбир айтиш вожиб ҳисобланади (уни уч марта айтиш ҳам зарар қилмайди).

Гарчи ёлғиз намоз ўқувчи, мусофир ёки аёлларга вожиб эмас дейилган бўлса-да, уламолар орасида "ҳар бир намозхонга вожиб" деган қарашлар ҳам борлиги учун, уларнинг ҳам ичларида такбир айтишлари гўзал ва маҳбуб амалдир.

Агар фарз намози тугагач, имом такбир айтишни унутиб қўйса, унга иқтидо қилган жамоат кутиб ўтирмасдан, дарҳол ўзлари такбирни бошлаб юборишади.

Агар инсон айнан шу ташриқ кунларида бирор намозини қолдириб, уни яна шу ташриқ кунлари ичида қазосини адо этаётган бўлса, саломдан кейин такбир айтиши лозим бўлади.

Аллоҳ таоло зулҳижжа ойининг ушбу муборак кунларини барчамизга хайрли ва баракали қилсин, тилларимизни такбиру таҳлиллар билан зийнатласин! 

Абдураҳмонов Муҳаммадхон

Таълим муассасаси ўқитувчиси