Яратилиш санаси 12.06.2026

Нажмиддин Абуҳафс Насафий

Нажмиддин Абуҳафс Умар ибн Муҳаммад ан-Насафий Ҳанафий мазҳабининг йирик намояндаларидан бири, фиққ, усулул-фиққ, тафсир, ҳадис, калом илмлари, араб тили ва адабиёти бўйича салоҳиятли ва иқтидорли олим эди, Қуръонни ёддан биларди.

У фиққ илмини Садрул-ислом Абул-юср Муҳаммад Баздавийдан ўрганган ва ўғли Абуллайс Аҳмад ан-Насафийни фақиҳлик даражасига етказиб тарбиялаган. Самъоний ёзишича, у "ал-Жомиъ ас-сағийр"ни назмга киритган. «Ҳидоя» муаллифи ўзининг баъзи бир асарларини унинг назаридан ўтказган.

Нажмиддин Насафий фозил имомлардан бири сифатида халқ ичида катта ҳурмат ва иззат билан яшаган. У биринчи бўлиб, фиққ илми бўйича манзум асар яратган. Унинг асарларидан 20 жилдлик танланган шеърлар тўплами, «Ал-Қанд фи уламои Самарқанд», «Бухоро тарихи» ва «Китобул-мавоқийт» бўлиб, Ҳанафий мазҳабида ишлатилган фиқҳий атамаларни изоҳлаш мақсадида «Тилбатут-талаба» номли китоб ёзган. Манбаларда унинг асарлари сони юзга яқин деб кўрсатилган. Улардан «Тафсирут-тайсийр», «ал-Ақоид ан-насафия» ва бошқалар машҳурдир.

Умар Насафий «Муфтий ас-сақалайн», яъни ҳам инсонлар, ҳам жинлар учун фатво бериш салоҳиятига эга бўлган олим лақаби билан машҳур бўлган.

Абдуллаев Азимжон 

таълим муассасаси ўқитувчиси