Роббингиздан мағфират сўранг
Истиғфор ва тавба — банданинг Аллоҳ таолога юзланиши, гуноҳларидан кечирим сўраши ва ҳаётини ислоҳ қилишидир. Ҳуд сурасининг 3-оятида мағфират сўраш ва тавба қилишга чақирилиб, уларнинг самаралари баён этилади.
Саъдий ушбу оят тафсирида қуйидаги маъноларни баён қилади:
«Ва Роббингиздан мағфират сўранглар...» — яъни содир этган гуноҳларингиз учун Аллоҳ таолодан кечирим сўранглар.
«...сўнгра Унга тавба қилинглар» — қолган умрингизда Аллоҳга қайтинглар, тавба-тазарру билан Унга юзланинглар. У Зот ёмон кўрадиган ишлардан воз кечиб, Ўзи севадиган ва рози бўладиган амалларга ўтинглар.
Сўнг Аллоҳ таоло истиғфор ва тавбанинг самарасини баён қилади:
«...белгиланган муддатгача гўзал бир роҳат (фаровонлик) ила баҳраманд қилур...» — яъни ажалингиз етгунига қадар Ўз ризқидан фойдаланиб, баҳраманд бўлишингизга имкон беради.
«...ва ҳар бир фазл эгасига ўз фазлини (мукофотини) берур» — яхшилик ва эҳсон аҳлига қилган эзгу амаллари эвазига мукофот беради. Уларни севган нарсаларига эриштиради, ёмон кўрган балоларини эса даф қилади.
Оятнинг давомида юз ўгиришнинг оқибати ҳақида огоҳлантирилади:
«Агар юз ўгирсангиз... албатта, мен сизлар учун улуғ куннинг азобидан қўрқаман» (Ҳуд сураси, 3-оят).
Бу улуғ кун — Қиёмат кунидир. Унда Аллоҳ таоло аввалгилару охиргиларни жамлайди ва ҳар бир инсонга қилган амалига яраша жазо ёки мукофот беради: яхшиликка — яхшилик, ёмонликка эса тегишли жазо бўлади.
Демак, тавба фақат тилда кечирим сўраш билан чекланмайди. У гуноҳлардан воз кечиш, Аллоҳ таолога юзланиш ва У Зот рози бўладиган амалларга интилишни ҳам тақозо этади.
Саъдий тафсири асосида.
Муҳаммад Нажмиддинов,
таълим муассасаси ходими