Имом Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳнинг илмий асарлари
Имоми Аъзам китоб тасниф қилганликлари тўғрисида турли фикрлар мавжуд. Аслида имомнинг асрлари таълиф ва тадвин асри эмас эди. У пайтда барча илмлар оғзаки нақл қилинарди. Шундай бўлишига қарамасдан аксар уламолар Имом бир нечта кичик рисолалар тасниф этганликларини таъкидлаб ўтишган. Булардан қуйидагиларни келтириш мумкин:
- “Фиқҳул акбар” – Ҳаммод ибн Абу Ҳанифа ва Абу Мутиъ Балхий ривоятлари асосида.
- “Ал-олим вал мутаъаллим” – Абу Муқотил ас-Самарқандий ривояти асосида.
- “Ал-васийя” – Имом Абу Юсуф ривоятлари асосида.
- “Муснад” – Ҳасан ибн Зиёд Луълулий ривояти асосида.
Қуйида улар билан яқинроқ танишиб ўтамиз.
- “Фиқҳул акбар” – калом илмига мансуб мўжазгина рисола бўлиб, Имомнинг ўғиллари Ҳаммод ва шогирдларидан бири Абу Мутиъ Балхий томонидан ривоят қилинган. Унга жуда кўп уламолар томонидан шарҳлар ёзилган бўлиб, мисол тариқасида қуйидагиларни келтириш мумкин:
- Муҳаммад ибн Баҳоуддин шарҳи. Бу шарҳнинг номи القول المفصل деб номланади. “Кашфуз зунун”нинг соҳиблари таъкидлашларича шориҳ ўзининг бу шарҳида тасаввуф ва калом илмини жамлаган.
- Илёс ибн Иброҳим ас-Сайнубий шарҳи.
- Аҳмад ибн Муҳаммад Муғнисовий шарҳи.
- Мулла Али қори шарҳи. Бу шарҳнинг номи "منح الروض الازهر" бўлиб, кўп йиллардан бери дёримиз ва Ҳиндистон, Покистон мадрасаларида ўқув қўлланмаси сифатида фойдаланиб келинмоқда.
- Шайхил ислом Акмалуддиннинг шарҳи. Бу шарҳнинг номи "الإرشاد" деб аталади.
- Имом Абу Мансур Мотурудийнинг шарҳи. Баъзилар бу шарҳ Абу Лайс Самарқандийга мансуб дейишади. Лекин кейинги олимлар томонидан унинг қўлёзма нусхалари ўрганиб чиқилганда, у Абу Мансур Мотурудийнинг шарҳлари эканлиги маълум бўлди. Мазкур шарҳ бугунги кунда Қатарнинг “Шуъунуд-динийя” матбаасида чоп этилган.
- Аҳмад ибн Ҳасан Румий ал-Ҳанафийнинг шарҳи.
- “Ал-олим вал-мутаъаллим” – Абу Мутиъ Самарқандий ривояти асосида. Бу рисола ҳам ақийда фани бўйича бўлиб, савол-жавоб услубида ёзилган. Бугунги кунда бир нечта матбааларда нашр этилган. Лекин бирорта олим томонидан шарҳ ёзилмаган экан. Менимча, (валлоҳу аълам) бунинг сабаби қўлёзма нусхаларнинг камёблиги бўлса керак. Мулла Али қорининг “Маноқибу Аби Ҳанифа” асарларидаги қуйидаги айтган сўзлари ҳам фикримни қувватлайди. У зот: “Мен Имомнинг “Ал-васия” ва “Фиқҳул акбар” асарларига шарҳ ёздим. Бунинг учун Аллоҳга ҳамд бўлсин. Шоядки: “Олим ва мутаъаллим”га эришиб, Аллоҳнинг ёрдами ва тавфиқи билан унга ҳам шарҳ ёзсам”.
Юқоридаги икки рисола – “Фиқҳул акбар” ва “Олим вал мутаъаллим”ни Абу Ҳанифага нисбат берилишлиги ҳақида Мулла Али қори аллома Кардарийдан қуйидагиларни нақл қиладилар: “Агар сен Абу Ҳанифанинг тасниф қилган китоби йўқ дейдиган бўлсанг, мен айтаманки, бу муътазилаларнинг гапидир. Уларнинг даъволари у зотнинг калом илмида бирор таснифи йўқ дейишликдир. Бундан мақсадлари эса, “Фиқҳул акбар” Абу Ҳанифага мансуб эканлигини инкор қилишликдир. “Олим вал мутаъаллим” китоби ҳам Абу Ҳанифага мансубдир. Чунки унда Абу Ҳанифа аҳли сунна вал жамоанинг қоидаларини кўпини равшанлаштирган. Ва уларнинг бу тўғрисидаги “Абу Ҳанифа мўътазила бўлган. Бу китоб эса Абу Ҳанифа ал-Бухорийга тегишли” деган сўзлари равшан хатодир. Мен бу икки китоб – “Фиқҳул акбар” ва “Олим вал мутаъаллим”ни аллома шамсул аимма Шамсуддин Кардарий ал-Имодийнинг нусхаларида кўрдим. Унда бу китоблар Имом Абу Ҳанифага мансублиги ёзилган эди”.
Абдураҳимов Баҳромжон
"Ҳидоя" ўрта махсус ислом
билим юрти ўқитувчиси