Мусулмоннинг бору буди мусулмонга ҳаромдир
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳасад қилишманглар. Нажш қилманглар. Бир-бирингизла ғазаблашманглар ва бир-бирингизга қарши тадбир кўрманг. Баъзингиз баъзингизнинг савдоси устига савдо қилманг. Аллоҳнинг бандалари биродар бўлинглар. Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. Унга зулм ҳам қилмайди, ёрдамсиз ташлаб ҳам қўймайди ва таҳқирламайди ҳам. Уч марта, тақво бу ердадир, деб кўкракларига ишора қилдилар. Сўнг яна, кишининг ёмонлиги учун ўзининг мусулмон биродарини таҳқирлаши кифоя қилади. Мусулмоннинг бору-буди мусулмонга ҳаромдир; қони ҳам, моли ҳам ва обрўси ҳам», дедилар». Тўртовлари ривоят қилган.
Шарҳ: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: ўзларининг бу ҳадиси шарифларида кишилар орасида бўладиган бир неча ишлар ҳақида сўз юритмоқдалар. Уларнинг баъзиларидан сиз билан бизни қайтариб, баъзиларига тарғиб қилмоқдалар.
1 - Ҳасад қилишманглар.
Одамлар орасида ҳасад бўлса, уларнинг дўстлиги кетиб унинг ўрнига душманлик пайдо бўлади. Шунинг учун ҳам бу ёмон ахлоқдан сақланмоқ лозим.
2 - Нажш қилманглар.
«Нажш» сўзи луғатда шишириб кўрсатиш маъносини англатади.
Савдода эса, бошқаларни алдаб қизиқтириш учун бир нарсани ортиқча баҳога сотиб олишга айтилади.
Бунда сотувчи билан келишиб олган шериклари бўлади. Сотувчи савдо молини мақтаб туради. Шериклар эса одам тўпланганда келиб, жуда зўр нарса экан, баҳоси ҳам арзон, деб хўжакўрсинга сотиб оладилар. Буни кўриб турган бошқа кишилар ҳам қизиқиб сотиб ола бошлайдилар. Бу иш очиқ ойдин алдамчилик экани кўриниб турибди. Бундоқ услуб билан пул мол топишни Ислом ҳаром қилди.
3 - Бир-бирингизла ғазаблашманглар.
Ғазаб ҳам енг ёмон хулқлардан биридир.
4 - Бир-бирингизга қарши тадбир кўрманг.
Бу иш одамларнинг бир-бирларига ёмонлик қилиш мақсадида тадбир қилишдан иборатдир. Бундан тарафкашлик келиб чиқиши ва жамият аъзолари орасида иноқлик бутунлай йўқолиши келиб чиқиши турган гап.
(давоми бор)
Муҳаммаджон Абдураҳманов
"Ҳидоя" ўрта махсус ислом
билим юрти мударриси