Яратилиш санаси 14.07.2022

Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда қўшничилик ҳақлари

Аллоҳ таолонинг қўшниларга яхши муносабатда бўлиш ҳақидаги буйруғини бандалари устидаги Ўзининг энг буюк ҳаққи бўлмиш тавҳид – “якка Аллоҳнинг Ўзигагина ибодат қилиш” ҳақидаги амри билан бирга жамлаши қўшни ҳақинингқанчалик улуғ ва нақадар катта аҳамиятга эга эканига далолат қилади.Қуръон таржимони деган буюк номга сазовор бўлган Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳу оятдаги сўзи ҳақида: “у - сен билан унинг ўртасида қариндошлик мавжуд бўлган қўшни” деса, “ўртангизда қариндошлик бўлмаган (бегона) қўшни” дея маъно беради.Эътибор берилса, ояти каримада қариндош қўшни бегона қўшнидан олдин зикр қилинмоқда. Чунки қўшни қариндошлардан бўлса, унинг ҳаққи янада зиёдалашади: ҳам қўшнилик, ҳам қариндошлик ҳуқуқларига эга бўлади. Тафсир китобларида  оят таржимасида “қариндош қўшни”дея маъно берилган сўзи “яқин қўшни” дея,“бегона қўшни” деб таржима қилганимизсўзи эса “узоқ қўшни” деб ҳам изоҳланади. Бу ҳолда яқин қўшнининг ҳақи узоқроқдаги қўшниникига қараганда каттароқ экани, шунингдек, қўшни номи бир девор қўшнини эмас, балки нарироқ-берироқда истиқомат қилувчи бошқа хонадон эгаларини ҳам ўз ичига олиши ойдинлашади.

Мазкур ояти карима Аллоҳ таолонинг бандаси устидаги энг асосий ҳаққини танитиш баробарида бандаларнинг бир-бирлари устидаги ҳақларини ҳам танитиб, эҳсон ва яхшиликни беш тоифа кишиларга қилиш лозимлигини англатади:биринчиси, ўрталарида қариндошлик риштаси мавжуд бўлган кишилар бўлиб, улар ичида ота-она алоҳида таъкидланди. Ота-она фарзанднинг вужудга келиши сабабчиси. Фарзандни ўстириш, парваришлаш ва таълим-тарбия бериш ҳам ота-оназиммасида. Шунинг учун ҳам бошқа қариндошлар ота-онанинг ўрнини боса олмайди. Иккинчиси,  заифлар ва  мурувватга муҳтожбўлган кишилар. Булар ҳам ўз навбатида икки турли бўлади: жисмонан заифлиги учун муҳтож бўлган киши. Бу етим бола бўлса, кейингиси – моли камлиги туфайли муҳтож бўлган киши. Буларбечора ва мискинкишилардир. Учинчиси яқинлик, ҳамроҳлик ва аралашиб юриш туфайли муайян ҳақ ва имтиёзларга эга бўлган тоифа бўлиб, улар جار (жаар) яъни “қўшни” деб аталади.  Лекин қўшниларнинг  ҳам  тури кўп бўлганидан бу тоифа ҳам бир неча турларга ажратилади:    ذي  لجارقربى “жаар зий  қурба”  (сўзма- сўз: қариндошлиги бўлган қўшни), جارجنب “жар жунуб” (сўзма-сўз: ёт қўшни) ва بالجنب لصاحب“соҳиб бил-жанб” (сўзма-сўз: ёндаги ҳамроҳ). Юқорида айтганимиздек, муфассирлар бу сўзларни турлича таъвил қилганлар. Аксарият “жар зуу қурба”ни қариндош қўшни, “жар жунуб”ни эса бегона, яъни қариндош бўлмаган қўшни, дея изоҳлайдилар. Баъзилар кишининг турмуш ўртоғини “жар зуу қурба”га киритсалар, бошқалар уни “жар жунуб”дан деб ҳисоблайдилар. Саҳобаю тобеинларнинг муфассирларидан ривоят қилинган сўзларга кўра “жаар жунуб” деганда қариндош бўлмаган бегона қўшни, бошқа қавмдан келган қўшни ҳамда ғайридин қўшнилар назарда тутилади. Абдуллоҳ ибн  Масъуд разияллоҳу  анҳу  оятдаги “соҳиб бил-жанб” (сўзма-сўз: “ёндаги  ҳамроҳ”) сўзини “кишининг умр йўлдоши” дея талқин қилса, Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳу: “у – сафардаги

йўлдошдир” дея шарҳлайди[1]. Аммо ҳамроҳлик ва соҳиблик сафардан кўра муқимликда кўпроқ бўлгани учун Саъийд ибн Жубайр “соҳиб бил- жанб”ни сафарга хосламаган ҳолда умумий тарзда “солиҳ ҳамроҳ” дея изоҳлайди. Зайд ибн Аслам эса “соҳиб бил-жанб – шаҳардаги ошна, ҳамсуҳбат ва улфат, сафардаги йўлдошдир” дейди. Ибн Зайдга кўра “соҳиб бил-жанб” деганда ҳузуримизга ёрдам сўраб келадиган ҳамда кутилмаганда ташриф буюрадиган кишилар назарда тутилади.Шунингдек, айрим муфассирлар сафардагиҳамроҳни “жар жунуб” тоифасига киритадилар. Шунга кўра сафардаги ҳамроҳ ҳам қўшни ҳисобига ўтишини билиб оламиз. Бошқа бир муфассирлар “жар зуу қурба”ни мусулмон қўшни, “жар жунуб”ни эса ғайридин қўшни дея талқин қилганлар.Ояти каримада эҳсон қилишга буюрилган тўртинчи тоифа эса киши билан бир жойда ёки ён атрофида муқим бўлиб турмайдиган, балки унинг олдига келувчи, уйига меҳмон бўлиб тушадиган кишилар бўлиб, улар: “سبيلبن” “ибн сабил” (яъни “мусофир киши”) деган сўз билан ифодаланади.

Эҳсон ва яхшилик қилишда эътиборда тутиш лозим бўлган бешинчи тоифа: “мулку-л-ямин” деб аталади. Бу тоифани кишининг қўл остидаги қул ва чўрилари ташкил этади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг рафиқи аълога риҳлат этиш чоғларидаги охирги васиятлари ҳам шу хусусда бўлиб, Ул зот жон талвасаси тутиб турган шундай оғир вазиятда ҳам бир неча бора : “Намозни лозим тутинг, қўл остингиздагиларни зое қилманг”,-  дея васият қилганлар.

Битирув малакавий ишимизда айнан қўшничилик ҳақларини мавзу қилиб олган эканмиз, энди бевосита шу мавзуга қайтиб, унга тааллуқли бўлган масалаларга батафсил тўхталамиз.

Динимизда қўшнининг мартабаси шундай улуғ даражага кўтарилганидан Жаброил фаришта алайҳиссалом Пайғамбаримизга қўшнилар риояси ҳақида бот-бот васиятлар қилади. Пировардида Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам келажакда ваҳий орқали қўшни қўшнига меросхўр қилинса керак, деган ўйга бориб қоладилар.Абдуллоҳ ибн Умар ва Оиша разияллоҳу анҳумолардан ривоят қилинади: Расулуллоҳ алайҳиссалом марҳамат қилиб дедилар: “Жаброил (алайҳиссалом) қўшнига яхшилик қилиш ҳақида менга муттасил насиҳат ва васият қилавергач охири: “яқинда у бизларга қўшниларимизни ҳам (худди яқин қариндошларимиз каби) меросхўр қилиб қўйса керак”, деган ўйга бориб қолдим” (Муттафақун алайҳ).

Амр ибн Шуайбдан, у отасидан, отаси бобосидан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади [5]:“Ўз аҳли-оиласи ва моли (га зарар етиб қолиши)дан қўрқиб, (ёрдам сўраб келган, муҳтож) қўшнисининг юзига эшигини ёпиб қўйган кимса мўмин эмас. Қўшниси унинг ёмонликларидан омонликда бўлмаган киши мўмин эмас. Қўшни ҳақи нима эканлигини биласанми?! (У шундан иборатки), Агар қўшнинг сендан ёрдам сўраса, ёрдам берасан. Қарз сўраса, қарз бериб турасан. Муҳтож бўлиб қолса, мурувват кўрсатасан. Бетоб бўлса, зиёрат қиласан. Унга бирор яхшилик (хурсандчилик) етса, табриклайсан. Бошига мусибат тушса, таъзия ва тасалли берасан. Агар вафот этса, жанозасидақатнашасан. Уйингни қўшнинг уйидан баланд қуриб, ундан шамолни тўсиб қўйма. Магар унинг изни билан бўлса, майли. Қозонингда қовурилган гўштнинг ҳиди билан унинг дилига озор етказма, агар ўша таомдан унга ҳам сузиб берсанг, бундан мустасно. Мева-чева сотиб олсанг, улардан қўшнингга ҳам туҳфа қил. Бордию ундай қилолмайдиган бўлсанг, меваларни унга кўз- кўз қилган ҳолда уйингга ошкора олиб кирма, (балки) билдирмасдан, яширинча олиб кир (токи, у нарсаларни кўриб унинг кўнгли ўксимасин). Кейин боланг ҳам қўшнинг боласини хафа қилиш учун ўша нарсаларни кўчага кўтариб чиқмасин. Акс ҳолда унинг боласини аччиқлантириб қўяди” (Хароитий ва бошқалар ривояти).

Навбатдаги ҳадис Жобир разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади [6]: “Қўшничилик ҳақларининг энг пастки даражаси ва энг оз миқдори қўшнингни қозонингда қовурилган таомнинг тансиқ ҳиди билан озорлантирмасликдир. Агар унга ўша таомдан сузиб берсанг, озор бермаган бўласан, (яъни ана шунда қўшнингнинг энг оддий ҳақини адо қилган бўласан)” (Баззор ривояти).

Қўшнини кўрганда биринчи бўлиб салом бериш, ҳол-аҳвол сўраш, қийналганда ёрдам қўлини чўзиш, касал бўлиб қолса зиёрат қилиш, бошига мусибат тушса таъзия билдириш, бир хурсандчилик етса қутлаш, айбини яшириш, унинг жуфти ҳалолидан кўзни тийиш, болаларига илтифотли муомала қилиш, агар болалари хато ишни қилаётган бўлсалар, тўғри йўлга йўллаб қўйиш, шунингдек, қўшни хонадондагиларга чиқинди ва ҳоказолар билан зарар ва азият етказмаслик ҳам қўшни ҳақларидан ҳисобланади.

[1]Умму Лайс. Азиййату-л-жаар минал-кабааир. 2-бет;

Абдулазизхон Бобамирзаев