Яратилиш санаси 18.07.2022

Каромат ҳақида

  Каромат – Аллоҳ таоло Унинг тоатида бардавом бўлувчи, гуноҳлардан сақланувчи, ҳамда лаззатлардан тийилувчи авлиёларига ато этадиган “хориқул одот” (табиий қонун-қоидалар чегараларидан ташқарига чиқиш)дир. Мисол учун, Миср аҳолисининг исломдан аввалги одатларига кўра Нил дарёсининг суви камайиб қийналиб қолганларида Нилга бокира қизни ташламоқчи бўлардилар. Улар Нилга Бокира қизни ташланса, унинг суви мўл-кўл бўлади, деб эътиқод қилардилар. Миср фатҳ қилинганидан кейин Амр ибн Ос уларни бундан қайтарди ва Умар розияллоҳу анҳуга бу ҳақда мактуб ёзиб юборди. Шунда Умар розияллоҳу анҳу Нил дарёсига қуйидагича мактуб битдилар: “Амирул мўъминин бўлмиш Умардан Миср дарёси Нилга. Аммо баъд: Сен аввал ўзинг оққан бўлсанг энди оқма. Агар Аллоҳ Воҳидул Қаҳҳор сени оқизган бўлса, Ундан сени оқизишини сўрайман”. Шунда, Амр ибн Ос мактубни дарёга ташлаганида, Аллоҳ таоло Нилни олдингидан ҳам мўл-кўл қилган.[1]

Ёки масалан, Умар розияллоҳу  анҳу Наҳовандга (Эронда) Сория ибн Ҳусайн номли кишини қўмондон этиб қўшин юбордилар. Жума куни минбарда ваъз қилаётганларида бирданига ваъзлари ўртасида: “Эй Сория! Тоққа, тоққа”, дедилар тоғнинг орқасидаги душмандан огоҳлантириб. Чунки тоғнинг орқасида душман пистирмаси бор эди. Шунда, қўшин хабарчиси келиб: “Эй Амирул мўъминин! Биз жума куни хутба пайтида жанг қилдик. Душман бизни енга бошлаганида, қаердандир: “Эй Сория! Тоққа, тоққа”, деган овоз келди. Шунда, тоққа орқамиз билан туриб олдик ва ушбу овознинг баракасидан Аллоҳ бизга ғалаба берди, ҳамда катта ўлжаларга эришдик”, дейди. 

Бу Умар розияллоҳу анҳунинг кароматлари ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мўъжизалари эди. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумоларга шундай деганлар: “Сиз иккингиз менинг қулоғим ва кўзим ўрнидадирсиз”. Умар розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кўзлари ўрнида эканлар, шундай узоқ масофада бўлаётган жангни кўришлари ҳам Пайғамбаримизнинг мўъжизаларидир.[2]

Бундан бошқа кўпгина ўринларда саҳобалар розияллоҳу анҳум ва авлиёлардан бир қанча кароматлар содир бўлган. Мўъжиза ва кароматнинг ҳар иккови ҳам “хориқул одот” (табиий қонун-қоидалар чегараларидан ташқарига чиқиш)дир. Лекин фарқ қуйидагичадир:

Биринчидан: Мўъжизада беллашувга чорлаш хусусияти мавжуд. Ҳеч бир инсон мўъжизага қарши чиқа олмайди ва унга ўхшашини келтира олмайди. Кароматда эса беллашувга чақириш хусусияти мавжуд эмас. Чунки кароматга Аллоҳ таоло Ўзининг авлиёларига бир ёки бошқа-бошқа замонларда туҳфа қилиши билан унга ўхшашини ва унданда кучлироғини беради. 

Иккинчидан: Пайғамбар ўз мўъжизасини билади ва ҳар сафар ундан сўралганида ёки эҳтиёж туғилганида уни кўрсата олади ва беллашувга чақиради. Аммо валий эҳтимол унинг каромати зоҳир бўлишидан аввал уни билмайди ва каромат тўсатдан зоҳир бўлади. Эҳтимол, кароматини билади. Аммо кароматини такрорлашга ундан илоҳий ҳикмат сабабли қайтиб тортиб олингани учун қодир бўлмай қолади.[3]
 

[1] Доктор Муҳаммад Ҳасан. Ал-муъжизатул Қуръания. Муассасатур рисала. – Байрут: – Б.18. 

[2] Муҳаммад ибн Умар Фахрур Розий. Тафсир ал-Фахр ар-Розий. 21 жуз. – Б. 421. 

[3] Доктор Муҳаммад Ҳасан. Ал-муъжизатул Қуръания. Муассасатур рисала. – Байрут:. – Б.20.

Хошимов Нуриддин 

"Ҳидоя" ўрта махсус ислом 
билим юрти мударриси