Мазҳабнинг таърифи
Луғавий таърифи: “مَذْهَبٌ” сўзи сулосий мужаррад феълининг бобларидан бири مَنَعَ يَمْنَعُ، فَتَحَ يَفْتَحُ бобидан бўлган ذَهَبَ يَذْهَبُ феълидан бўлиб, مَفْعَلٌ вазнидадир. ذَهَبَ феълининг масдари ذِهَابٌ ва ذُهُوبٌ бўлиб, ўзбек тилидаги бормоқ, юрмоқ, жўнамоқ, ўтмоқ каби маъноларни ифодалайди.
Бу маънолар араб тилида кўпинча ҳақиқий кўринишда қўлланилади. Масалан: ذَهَبَفُلانٌ مِنْ دَارِهِ اِلى الْمَسْجِدِяъни “фалончи ховлисидан масжидига борди” (юрди, жўнади, ўтди) каби. Баъзида эса мажозий ва киноя маъноларида қўлланилади Масалан: ذَهَبَ عَلَيَّ كَذَاяъни “Фалон нарсани унутдим”.فُلَانٌ يَذْهَبُ اِلى قَوْلِ اَبِى حَنِيفَة яъни “Фалон киши Абу Ҳанифани сўзини олди” каби.
Ва яна طَرِيقَة- йўл, маслак маъноларини ҳам ифодалайди. Масалан ذَهَبَ زَيْدٌ مَذْهَبَ فُلَانٍ яъни “Зайд фалончининг йўлида юрди”.
مَفْعَلٌ вазни масдари мимий ёки мафъуллик маъноси ирода қилинган масдар ёки зарфи замон ва макон. Демак “мазхабун” сўзи луғавий жихатдан умумий ҳолда масдарни ҳамда боришлик ўрни, замонини ва эргашилган йўл каби маъноларни англатади[1].
Истилоҳий таърифи: Уламолар истилоҳида “мазҳаб” қуйидагича таърифланади: “У зонний[2] далиллардан фойдаланилган ижтиходий, шаръий хукмлардан мужтахидгахосланган нарсадир”
Демак, мазкур таърифдан маълум бўладики китоб ва суннатда хукми келмаган ёки келган бўлса ҳам киноя, мажоз холларида келган ахкомларга бирор мужтахиднинг мазхаби дейилади. Аммо хукми китоб ва суннатда келган хукмлар бирор мужтахиднинг ижтиходи деб эътибор қилинмайди. Ва яна маълум бўладики “мазхаб” – "мужтахидликка хосланган нарсадир". Бундан мужтахидлик даражасига етмаган олимнинг йўли, маслаки мазхаб деб эътибор қилинмайди.
[1] Файруз Ободий. “Қомусул Муҳит” (ذهب ). Абдуррауф Мановий. “Ат-Тавқиф ала муҳиммотит-таориф”
[2] Зонн лафзи – усулий олимлар истеъмолида “гумон” маъносида эмас, балки “қатъий эмас” маъносида қўлланилади. Қаранг: Шайҳ Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Усулул фиқҳ” – Б 22
Абдулазиз БОБАМИРЗАЕВ