УХУД ЖАНГИДА БЎЛГАН МУҲИМ ВОҚЕА
Уҳуд ғазоти Бадр жанги каби маккалик мушрикларга қарши олиб борилган даҳшатли урушлардан эди. Мушриклар аввалги урушдаги мағлубиятлари аламини олиш учун жон-жаҳдлари билан жанг қилишарди. Қурайшийлардан Ибн Шиҳоб, Утба, Ибн Қомия, Убай ибн Халафлар қандай бўлмасин, ҳазрати Пайғамбарни (с.а.в.) ўлдиришга қарор бериб, у зотнинг қароргоҳларига бостириб киришди. Убай «Муҳаммадни ўлдираман», деб қасам ичди, аммо Расули акрам уни яралаб, маҳв этдилар. Бироқ Саъд ибн Абу Ваққоснинг мушрик укаси Утба отган тошдан Расули акрамнинг (с.а.в.) лаблари ёрилиб, тишлари синди. Ибн Ҳишом отган ўқ Пайғамбаримизнинг (с.а.в.) пешоналаридан яралади. Яна бир қурайший Ибн Камиа у зотни қилич билан яралаб йиқитди ва дарҳол Абу Суфёнга бориб, «Муҳаммадни ўлдирдим», дея мақтанди. Душман томони бу хабардан ниҳоятда қувонди.
Мусулмонлар орасида таҳлика, саросима бошланди. Баъзилар қоча бошлади, қўшин парокандаликка юз тутди. Аммо Анас ибн Надир каби «Муҳаммад ўлган бўлса, Аллоҳ боқийдир!» деб жангни давом эттирганлар ҳам бор эди. Ана шундай аламли, фожиали дамларда ҳам ҳазрати Умар (р.а.) Расули акрамнинг (с.а.в.) ёнларидан жилмади, у зотни жон-жаҳди билан душман ҳамласидан ҳимоя қилди.
Аммо мушрикларнинг етакчиси Абу Суфён ҳанузгача ҳазрати Муҳаммаднинг (с.а.в.) ўлик-тирикликларини билолмай гаранг эди. У шубҳасини йўқотиш учун Ислом қўшинлари томон қичқириб, уч бора «Ораларингда Муҳаммад борми?» деб сўради. Расули акрам (с.а.в.) огоҳлантириб қўйганлари учун мусулмонлардан ҳеч ким унга жавоб қилмади. Шунда Абу Суфён айни тарзда Абу Бакрни (р.а.) сўради. Яна жавоб ололмади. Кейин Умарни (р.а.) сўради. Бу гал ҳам ҳамма жимлигини кўриб, у севиниб кетди: «Демак, буларнинг учови ҳам ўлибди, ғалаба биз томонда экан!»
Боядан буён ғазабидан тўлғониб ўтирган ҳазрати Умар (р.а.) бу гапни эшитиб, чидолмай қолди. Бор овозда Абу Суфёнга қараб қичқирди:
– Товушингни ўчир, эй Аллоҳнинг душмани! Бу одамларнинг ҳаммаси тирик, мана қаршингда туришибди!
Абу Суфён Умарнинг гапидан бироз талмовсираб қолди. Душманларининг тирик эканидан ҳафсаласи пир бўлгани учун Каъбадаги энг катта бутларини эслашдан ўзга илож тополмади:
– Олий бўл, Ҳубал! Азиз бўл, Ҳубал!
Бунга жавобан эса ҳазрати Умар (р.а.) Расули акрамнинг (с.а.в.) амрлари билан шундай деди:
– Аллоҳ аъло ва ажалл! (Аллоҳ - энг жалил, энг устун!)
Абу Суфён ҳам жим туролмади:
– Бизнинг Уззоимиз бор, сизники йўқ!
Ҳазрати Умар (р.а.) ҳам бўш келмади:
– Аллоҳ бизнинг мавлоимиздир, сизники эса йўқ!
– Жанг навбати билан, ғолиблик навбати билан. Бугун биз Бадрнинг интиқомини олдик! – деди Абу Суфён болаларча ғурурланиб.
Аммо Ҳазрати Умар (р.а.) ҳам осонликча мағлуб бўладиганлардан эмасди:
– Тўғри, сизлар устун келдинглар. Аммо барибир тенг эмасмиз. Бизнинг ўликларимиз жаннатда, сизларники эса жаҳаннамдадир!
Абу Суфён бу гапга чидолмай, овозининг борича бақирди:
– Эй Умар, Аллоҳ учун тўғри гапир! Биз Муҳаммадни ўлдирдикми ёки йўқми?
– Валлоҳи, ўлдирмадинглар! Ҳозир Расули акрам сенинг бу гапларингни эшитиб ўтирибдилар.
Ҳазрати Умар (р.а.) билан Абу Суфённинг бу даҳанаки жангидан сўнг мушриклар ўз қўшинларини жанг майдонидан олиб кетишди. Улар бу жангда устун келган бўлса-да, бироқ зафар шаробини ичолмадилар, батамом мудофаасиз Мадинани истило қилолмадилар. Бирорта мусулмонни ҳам асир ололмай, Маккага қўрқув ва алам билан қайтишди. Ана шу жангдан сўнг ҳазрати Умар (р.а.) Пайғамбар алайҳиссаломга янада қаттиқроқ боғланиб қолганини ҳис этди.
Тарихда мусулмонларнинг биринчи бор имзолаган сулҳ шартномалари бўлмиш Ҳудайбия сулҳи шартларига кўра, мусулмонлар ва мушриклар ўн йилгача бир-бири билан урушмасликка, ўша йили мусулмонларнинг Каъба зиёратига келмаслигига, Каъба зиёратига қўшилган мусулмонлар Маккада уч кундан ортиқ қолмаслигига, улар Каъбани зиёрат қилаётганида қурайшийларнинг Маккадан ташқарига чиқиб туришига келишиб олинди. Яна сулҳ шартларига кўра, қурайшийлардан бирортаси мусулмонлар томонига ўтмоқчи бўлиб, валийсининг рухсатисиз Мадинага келса, мусулмон бўлса ҳам, у одам қабул қилинмайди, қайтариб юборилади, аммо бирор мадиналик мусулмон Қурайш тарафига ўтиб, Маккага кирадиган бўлса, қайтариб берилмайди, дея келишиб олинганди. Худди шу масалада ҳазрати Умар (р.а.) Расули акрамни (с.а.в.) тушунмай, хийла озор бериб қўйганларини муаррихларимиз ёзиб қолдиришган.
Муҳаммадбилол Комилов
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти талабаси