Зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунлиги фазилатлари
Ислом динида вақт тушунчаси ва ундаги муайян мавсумлар алоҳида аҳамиятга эга. Аллоҳ таоло бандаларининг солиҳ амалларини кўпайтириб олишлари, гуноҳлардан покланишлари учун йил давомида турли фазилатли кун ва кечаларни жорий қилган. Ана шундай улуғ ва баракали даврлардан бири — Муҳаррам, Ражаб ва Зулқаъда билан бирга ҳаром қилинган тўрт ойнинг бири бўлмиш Зулҳижжа ойининг дастлабки ўн кунлигидир.
1. Қуръони Каримда Зулҳижжанинг ўн кунига берилган юксак мақом
Аллоҳ таоло Ўз каломида баъзи махлуқотлари ёки вақтлар билан қасам ичади. Тангри таолонинг бирор нарса билан қасам ичиши, ўша нарсанинг Ўз ҳузурида қанчалик улуғ ва қадрли эканига далолат қилади. «Фажр» сурасида бу ҳақда шундай марҳамат қилинади:
«وَالْفَجْرِ وَلَيَالٍ عَشْرٍ وَالشَّفْعِ وَالْوَتْرِ»
«1. Тонга қасам. 2. (Зулҳижжа ойидаги аввалги) ўн кечага қасам. 3. Жуфт ва тоққа қасам» (Фажр сураси, 1–3 оятлар).
Ушбу оятлар тафсирига тўхталадиган бўлсак, бу ердаги «ўн кеча» ва «жуфт ва тоқ» тушунчалари бевосита Зулҳижжа ойи билан боғлиқдир. Бу борада буюк муфассир Жалолиддин Ас-Суютийнинг «Ад-Дуррул мансур фит-тафсир бил маьсур» асарида шундай дейилади:
«Дуррул мансур»да бир неча санадлар билан ривоятлар келтирилган бўлиб, унда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам оятдаги “ўн кечага қасам”дан зулҳижжанинг ўн куни, “тоқ”дан эса, зулҳижжанинг тўққизинчи куни (Арафа), “жуфт”дан эса, зулҳижжанинг ўнинчи куни (Қурбон ҳайити куни) ирода қилинган, деганлар.
Бу тафсирий далил шуни кўрсатадики, сурадаги қасамлар бевосита мазкур ўн кунликнинг ва ундаги алоҳида кунларнинг (Арафа ва Наҳр) нақадар муқаддас эканини тасдиқлайди.
2. Зулҳижжа ўн кунлигидаги кундузги ва кечки ибодатларнинг қиймати
Суннати набавияда бу кунларда қилинадиган ибодатларнинг ажри йилнинг бошқа даврларидагидан кескин фарқ қилиши ва ниҳоятда юқори баҳоланиши таъкидланган. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қиладилар:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، أَنَّ النَّبِيَّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم، قَالَ: «مَا مِنْ أَيَّامٍ، أَحَبَّ إِلَى الله تَعَالَى، أَنْ يُتَعَبَّدَ لَهُ فِيهَا، مِنْ عَشْرِ ذِي الْحِجَّةِ، يَعْدِلُ صِيَامُ كُلِّ يَوْمٍ مِنْهَا...»
«Ибодат қилинадиган бирор кун зулҳижжанинг ўн кунидан Аллоҳ таолога маҳбуб эмас. Ундаги ҳар бир куннинг рўзаси бир йилга баробардир. Ундаги ҳар бир кечада туриш қадр кечасида туришга баробардир» (Ибн Можа, Термизий ривояти).
Ушбу ҳадисдан иккита муҳим хулоса келиб чиқади:
Кундузги рўзанинг фазилати: Бу кунларда тутилган бир кунлик нафл рўза оддий кунлардаги бир йиллик рўзанинг ажрига тенглаштирилмоқда.
Тунги бедорлик (Қиёмул-лайл): Бу кечаларда бажарилган ибодатлар, нафл намозлар ва зикрлар йилнинг энг улуғ кечаси бўлмиш Қадр кечасидаги ибодатга қиёсланмоқда.
3. Амалларнинг етти юз баробаргача кўпайтирилиши ва зикрнинг аҳамияти
Зулҳижжанинг илк ўн кунида нафақат рўза ва намоз, балки тил билан қилинадиган зикрлар ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадис мазкур кунлардаги амалларнинг ички ва ташқи қийматини янада кенгроқ очиб беради:
عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم: « مَا مِنْ أَيَّامٍ أَفْضَلُ عِنْدَ اللهِ...»
«Аллоҳ таоло наздида бирор кун ва у(кун)лардаги амал ушбу ўн кун (ва уларда қилинган амал)дан афзал (ва) Аллоҳ азза ва жаллага суюкли эмас. Бас, у(кун)ларда таҳлил ва такбирни кўпайтиринглар. Чунки, у(кун)лар таҳлил, такбир ва Аллоҳ таолога зикр (айтиладиган) кунлардир ва у(кунлар)дан бир кунининг рўзаси бир йилги рўзага баробардир. У(кун)ларда қилинган амал етти юз баробарга баробар бўлади» (Имом Суютий, «Дуррул мансур»; «Хитоботул аҳком»).
Ушбу ҳадисга кўра, мазкур даврда қуйидаги амалларга зўр бериш лозим:
Таҳлил айтмоқ: «Лаа илааҳа иллаллоҳ» калимасини такрорлаш.
Абдураҳмонов Муҳаммадхон
Таълим муассасаси ўқитувчиси