Ҳанафий мазҳабида фотиҳадан кейинги “омин” овоз чиқармасдан айтилади (давоми)
“Одамлар “Омин” дейишни тарк қилишди. Ваҳоланки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қачон “Ғойрил мағдууби алайҳим ва ладдоооллийн” десалар: “Аамийн”, дердилар. Ҳатто биринчи саф аҳли уни эшитар, у билан масжид ларзага келарди”.
“Омин”ни овоз чиқармасдан айтиш суннат деган уламолар бу ҳадисларга қуйидагича жавоб берганлар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: Қачон имом “Омин” деса, сизлар ҳам “Омин” денглар, деган гапларида очиқ-ойдин оминни овоз чиқариб айтишга далолат йўқ. Уламолар Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу ҳадисдаги: “Қачон имом "Омин” деса, сизлар ҳам “Омин” денглар, деган сўзларидан, “Имом “Омин” дейдиган ўринда “Омин” денглар” деган маънони тушуниш ҳам мумкин. Чунки юқорида айтиб ўтилган бошқа ҳадисда Набий соллалло алайҳи ва саллам: “Қачон имом: “Ғойрил мағдууби алайҳим ва ладдоҳоллийн”, деса: “Аамийн”, денглар”, деганлар. Бу икки ҳадиснинг ўртасини жамлайдиган бўлсак, имом “Ғойрил мағдууби алайҳим ва ладдоооллийн”ни айтиб, “Омин”ни айтадиган ўринда имомга иқтидо қилувчи ҳам “Омин”ни айтади, деганидир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Омин” деганларини биринчи саф эшитиб, масжид ларзага келиши ҳақидаги ҳадиснинг санадида ҳам, матнида ҳам муаммо бор. Унинг санадида Бишр ибн Рофеъ бўлиб, Имом Бухорий "Унинг ҳадисига эргашилмайди”, деганлар.
Ҳадиснинг матнидаги муаммога келсак, “У билан масжид ларзага келарди” деган жумла “Ҳатто, биринчи саф аҳли уни эшитар эди” деган жумлага зиддир. Чунки масжид ларзага келадиган даражада овоз бўлса, уни фақат биринчи сафдагилар эшитмаган бўлар эди, балки барча масжид аҳли эшитар эди.
Имомга яқин турган ёки унинг ёнида турган киши имомнинг махфий ўқиган нарсаларини гоҳида эшитиши мумкин. Бу билан "жаҳрий қироат қилди” дейилмайди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларга пешин намозини ўқиб берганларида, баъзан Фотиҳадан кейинги суранинг бир ёки икки оятларини эшиттириб қўярдилар.
Маълумки, махфийликнинг энг ками ўзи ва ўзига яқин турган кишининг эшитишидир. Агар бир ёки икки киши эшитса, у жаҳрий бўлавермайди (Манба: "Радд ул-муҳтор" китоби). Ҳанафий уламоларимиз наздида бу борадаги барча ҳадислар “Омин”ни таълими учун айтилгани ёки ровийнинг баъзи саҳобалар эшитган нарсани умумий қилиб ривоят қилгани эҳтимоли мавжуд.\
«Оминни овоз чиқариб айтиш афзал” деган уламолар юқоридагилардан бошқа далилларни ҳам келтирганлар. Ўз навбатида, ушбу далилларига «Омин”ни махфий айтиш суннат” дейдиган уламоларимиз бирма-бир жавоб бериб чиқганлар.
Олимхон Исақов
"Ҳидоя" ўрта махсус ислом
билим юрти ўқитувчиси