Яратилиш санаси 03.06.2021

Фиқхий масалаларда йўл ҳаракати одоблари

  Динимиз кўрсатмалари инсон ҳаётининг ҳамма жиҳатини ўз ичига қамраб олади ва унинг шахсий, оилавий ва ижтимоий ҳаётидаги ўрнини белгилаб беради. Мусулмон киши ўзгалар билан муомала қилишда чиройли хулқли бўлиши – айни динимиз талаби! Зеро Аллоҳ таоло Қуръони каримда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг гўзал хулқларини мақтаб, шундай дейди: яъни: “Албатта, Сиз буюк хулқ узрадирсиз!” (Қалам сураси 4-оят).

 Ҳадиси шарифда эса Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: яъни: “Мен улуғ хулқларни мукаммал қилиш учун юборилганман”, – деганлар. (Имом Баззор ривояти). 

Шунингдек, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам мўминларнинг чиройли хулқларга одатланиши Исломнинг шиори эканини эълон қилганлар. Жумладан, пиёда ва автомашиналарда юришнинг ҳам ўзига яраша қоидалари бор. Бу мавзунинг муҳимлиги шундаки, ҳозирги кунимизда транспорт воситалари сезиларли даражада кўпайди. Шу билан бирга йўл-транспорт ҳодисалари ва талофотлар ортмоқда. Бу эса ҳам ҳайдовчи, ҳам пиёдага қўшимча масъулият юклайди.

Мана шу нохуш ҳолатларни олдини олиш  мақсадида йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиш мавзусига тегишли бўлган баъзи фиқҳий аҳкомларни ўрганиб чиқсак, фойдадан холи бўлмайди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:

яъни: “Эслатинг! Зеро, эслатма мўминларга манфаат етказур” (Зориёт сураси 51-оят), – деб марҳамат қилади.

  1. Турли улов ва транспорт воситалари – Аллоҳнинг бизга берган неъмати

  Инсон зотига турли хил уловларнинг бўйсундирилиши, ҳаракатланиши учун қулай йўллар қилингани, кейинги асрларда янги-янги транспорт воситаларининг кашф этилиши Аллоҳ таоло томонидан ато этилган улуғ неъматлардир. 

Ҳар бир неъматнинг шукри – уни шариатга мувофиқ, гўзал ҳолатда ишлатишдир. Шунинг учун инсон уловда юрганида қўлидан келганича ўзи ва ўзгаларни хатарга қўймаслиги, пиёдалар, йўловчилар ва бошқа ҳайдовчилар ҳаётига хавф солмаслиги керак. Бунинг учун эса йўл ҳаракати қоидаларига, светофор чироқлари ишораларига риоя қилиши лозим бўлади. Қизил чироқда ўтиш – бошқа бир йўл ҳаракати иштирокчиси ҳаққини поймол қилиш ҳисобланади. Машинага минишни яхши ният билан бошлаш, йўл давомида ўзгалар билан чиройли муомала қилиш – юксак одоб намунасидир.

2. Йўл ҳаракати қоидаларига амал қилишнинг шаръий ҳукми

Ислом Фиқҳи Академияси ва Саудия Арабистони подшоҳлигининг илмий баҳслар ва фатво бериш бўйича доимий қўмитаси каби фатво ташкилотлари ва жумҳур уламолар йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиш вожиб эканини таъкидлашади. Улар ўз сўзларига “Маслаҳатул мурсала”ни далил қиладилар (“Маслаҳатул мурсала” – шариатда кўзда тутилган фойдани жалб қилиш).  Чунки йўл ҳаракати қоидалари шариатимизга зид эмас. Ундан ҳамма одамларнинг фойдаси кўзланади ва қоидаларга амал қилиш – бошлиқларга итоат қилиш қабилидан ҳисобланади. Демак, юқоридаги сабабларга кўра йўл қоидаларига амал қилишнинг лозимлиги ва уни бузганларга молиявий жазолар қўллаш мумкинлиги  келиб чиқади.

  Шуниси ачинарлики, айрим мутаассиб, жоҳил “фатво берувчилар”:  “Йўл ҳаракати қоидалари Қуръони каримда ҳам, суннатда ҳам ворид бўлмаган, у ислом шариатидан ташқаридаги нарса, демак, унга амал қилмаса ҳам бўлаверади” деган ўта аҳмоқона фатволарни бермоқдалар. 

3. Динимизда йўлдан фойдаланиш ҳаққи ва одоблари

Маълумки, динимиздаги кўчадан ўтиш ёки унда тўхтаб туриш ҳаққи – умумий. Ундан пиёда ҳам, автомашинада ҳам фойдаланиши мумкин. Бунда саломатлик, яъни ўзига ҳам, ўзгага ҳам зарар бермаслик шарт қилинади. 

Пайғамбаримиз алайҳиссалом одамларнинг йўлидаги азият етказувчи нарсаларни четга олишга тарғиб қилганлар:

яъни: “Бир киши йўлда кетаётиб, тиканли бутоқни кўрса ва уни четга олиб ташласа, Аллоҳ уни бу иши учун мукофотлаб, гуноҳларини кечиради” (Имом Бухорий ривояти). 

Лекин ҳар соатда автомашина ойнасидан турли нарсаларни ҳеч ўйламасдан ташлаб юборамиз, ҳатто баъзи вақтларда ўзимиз йўлда ўзгаларга азият берувчи “тўсиқ”, “тиканли бутоқ”қа айланамиз. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидаги нарсаларни йўлнинг ҳаққи деганлар:

яъни: “...Йўлнинг ҳаққи – кўзни тийиш, азият бермаслик, саломга алик олиш, яхшилика буюриш ва ёмонликдан қайтариш” (Муттафақун алайҳ).

  Ҳадиси шарифдаги “азият” кўп нарсаларни ичига олади. Энг ёмонларидан бири – ўзгаларга тил билан озор етказишдир, айниқса, ҳақорат, сўкиш – мусулмонлик одобларига мутлақо зиддир. Ҳадиси шарифда бу ҳақда шундай дейилади:

яъни: “Мусулмон кишини сўкиш – фосиқликдир. У билан урушиш – кофирликдир” (Муттафақун алайҳ).

  Гоҳида бўлар-бўлмасга сигнал чалиш, номаҳрамларга назар солиш ёки мусиқани баланд қўйиш билан ўзгаларга озор берамиз. Кечки пайтларда бошқа ҳайдовчиларнинг кўзини қамаштирадиган, тақиқланган ёритгичларни ёқиб юришдан “завқланамиз”. 

4. Транспорт воситаларини бошқариш одоблари ва унда мўътадил бўлиш

 Аксарият йўл транспорт ҳодисалари маст ҳолда машинани бошқариш, тезликни меъёрдан ошириш, телефонда гаплашиш сабабли юз беради. Маст қилувчи ичимликларни ичиш – катта гуноҳ, маст ҳолда рулга ўтириш – бунданда оғирроқ жиноят. 

яъни: “Ер юзида кибрланиб юрма! Чунки сен (оёқларинг билан) зинҳор ерни теша олмайсан ва узунликда тоғларга ета олмайсан” (Исро сураси 37-оят). 

  Юқоридаги ояти карима ҳайдовчиларни ҳам уловларида оғир-босиқлик ва сабр билан, шошмасдан юришга чақиради. Танганинг икки томони бўлгани каби, йўлларда жуда секин ҳаракатланувчи транспорт воситалари, бошқаларга ноқулайлик туғдиради, йўлда тирбандлик ҳосил қилади. Буни ҳам ҳисобга олиш керак.

5. Ҳайдовчининг зиммасидаги масъулият ва жавобгарлик 

  Жорий йилда “Дунёнинг энг нуфузли 500 мусулмони” рўйхатида биринчи ўринда турган ҳанафий олим, Муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиш ҳақида шундай дейдилар: “Асл қоида – транспорт воситаси ҳайдовчиси ҳаракат давомида машинаси билан содир қиладиган ҳар бир ҳодисага масъулдир. Чунки машина унинг қўлидаги восита ва ҳайдовчи уни бошқаришга қодир. Машина ўзича ҳаракатланмайди. Шунинг учун ҳайдовчи машинанинг олди, орқаси ва ён томонлари билан етказган зарарга зомин (жавобгар) бўлади. Ҳайдовчи йўл ҳаракати қоидаларини бузиш билан  ҳаддан ошиб ўзгага зарар етказса, жавобгар бўлишида шубҳа йўқ. Чунки ҳаддан ошувчи доимо жавобгар ҳисобланади. Лекин йўл қоидаларига амал қилиб юриб, ўзгага зарар етказган киши жавобгар бўлиши тўғрисида турли фикрлар бор. Йўл ҳаракати қоидаларига амал қилса, ҳайдовчига боғлиқ бўлмаган фавқулодда ҳолатларда жавобгар бўлмаслиги тўғри бўлади” (“Ислом фиқҳи академияси журнали”да нашр қилинган илмий мақоладан).

6. Пиёдалар ҳам йўл қоидаларига амал қилиши лозим

  Йўлнинг қатнов қисмида, шунингдек пиёдалар ўтиш жойларида ҳаракатланаётган пиёдаларга телефондан фойдаланиш, теле-видео маҳсулотларни кўриш, радио, аудио маҳсулотларни эшитиш, китоб ёки даврий матбуот ўқиш ҳамда эътиборни чалғитадиган бошқа электрон воситалардан фойдаланиш тақиқланди.

 Албатта, ҳар бир йўл ҳаракати иштирокчиси йўл ҳаракат қоидалари ва йўлда юриш одобларига риоя қилиб, бир-бирига нисбатан ҳурмат ва бағрикенглик билан муомала қилишса, ўзи яхши кўрганни ўзгаларга ҳам раво кўрса, яхши натижаларга эришамиз. Зеро, тез борган жойга секинроқ ҳам борамиз, вақт жиҳатидан ҳам бу катта фарқ қилмайди. 

 Яна бир муҳим жиҳати шуки, мўмин-мусулмонлар йўл ҳаракати қоидаларига ва йўл одобларига кузатув камералари ёки йўл патрул хизмати инспектори қараб тургани учунгина эмас, балки шариатимиз талаби, савобли бир иш деб, амал қилишимиз керак. Мана шунда йўлда юриш ҳам ибодатга айланади!

Абдулазиз БОБАМИРЗАЕВ

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти мудири