Яратилиш санаси 24.06.2021

Сохта тариқатчиларни нотўғри фатволари

Илмсизлик бандани бидъатга, жамиятни эса таназзул сари етаклайди. Бугунги кунда илмсизлик оқибатида айтилаётган гаплардан бири пирга байъат қилинганда, қазо намозларининг соқит бўлиши хусусидаги бидъатдир. Тарихга назар соладиган бўлсак  аслида бундай ҳукмни аҳли илм уламолридан хеч ким айтмаган. Аксинча ҳадисларда қазо намозни ўқишга етарлича далиллар мавжуд. Абу Қатода (р.а) ривоят қилинади: Набий (с.а.в) га намоздан ухлаб қолишларини зикр қилдилар. Шунда у зот: “Ухлаб қолиш камчилик эмас. Камчилик  уйғоқликда бўлади”, дедилар.
Бас, шундай экан, пирга қўл берганлар қарзини бермай қўявериши мумкинми?! Албатта мумкин эмас. Тавба қилган одам бандани ҳаққини адо қилишлиги шарт бўлиб турганда, Аллоҳнинг  ҳаққи – қазо намозини нима учун адо этмайди?! Қолаверса тавба Аллоҳга қилинадими ёки пиргами?! Қўштирноқ ичидаги пирларнинг  сўзларини тинглар эканмиз гўёки Азроил (а.с) пирнинг изнисиз муриднинг жонини олмаслиги, Мункар ва Накир ҳам  пирнинг изнисиз савол жавоб қилмаслиги, муридини жаннат ёки дўзах аҳлидан бўлишлиги ҳам пирнинг қарорига боғлиқлиги, пирга қўл берган инсонни Аллоҳ онадан туғилгандек бегуноҳ қилиб қўйиши ҳақида даъво қилаётганлигига ҳар қандай соғлом ақидага эга бўлган мўмин- мусулмон ҳайрон қолмаслигининг иложиси йўқ. 

Тавбани қабул қилиш Аллоҳ таолонинг сифатларидан бир сифат эканини ёдимиздан асло чиқармаслигимиз зарур. Қолаверса Аллоҳ таоло ўзининг каломида шундай деб марҳамат қилади: “ Ким зулмидан кейин тавба қилса ва амали солиҳ қилса, Аллоҳ албатта тавбасини қабул қилади. Шубҳасиз, Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли зотдир” (“Моида” 39-оят) Аллоҳ таоло ҳақийқатдан ҳам тавбаларни қабул этгувчи зот эканиниг далили шуки, у бандалардан иймон даъвосини қилиб, амалда шайтоннинг йўлидан юрганларнинг ҳам дарҳол азобга гирифтор қилмайди, балки кечиримли бўлиб, яна уларга ўзларини ўнглаб олишларига имкон яратиб, тавба эшиикларини очиб қўяди. Аллоҳ таоло мўмин-мусулмон бандаларини севади ва уларнинг тавбаларини қабул қилишни хоҳлайди. Қуйидаги ояти карима айнан шу маънода нозил қилинган бўлиб, Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилади: “Аллоҳ сизнинг тавбаларингизни қабул қилишни хоҳлайди” ( “Нисо” 26-оят).

Умар (р.а) дан ривоят қилинган ҳадисда Расули акрам (с.а.в)  шундай деб марҳамат қилади: “Эй одамлар! Аллоҳга тавба қилинглар! Мен ҳар куни Унга юз марта тавба қилурман” - дедилар. Аллоҳ қурьони каримда“ Барчангиз Аллоҳга тавба  қилинг, эй мўминлар! Шоядки зафар топсангизлар”. (“Нур сураси 31-оят”) “Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга ҳолис тавба қилинглар!”- деб мархамат қилади.

Набий (с.а.в) нинг “Албатта, банда қачон қабрига қўйилса-ю, ундан соҳиблари қайтиб кетса, у уларнинг кавушларининг тақиллаганини эшитиб турганида олдига икки фаришта келиб уни ўтирғизишади ва (Муҳаммад с.а.в ни назарда тутиб) бу одам ҳақида нима дер эдинг ?”дейишади. Мўмин бўлса: “ Гувоҳлик бераманки, албатта у Аллоҳнинг бандаси ва Расулидир”, дейди.
Унга: “Дўзахдаги ўрининга назар сол, батаҳқиқ, Аллоҳ сенга уни Жаннатдаги ўринга алмаштириб берди” дейилади. У икковини ҳам кўради” деган сўзлари (Буҳорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насоий ва Анас (р.а) дан) ривоят қилинади.  Набий (с.а.в) дан бу ҳақида ўнлаб ҳадислар ворид бўлган. Мункар ва Накир фаришталарнинг ҳеч бир махлуқнинг изнисиз фақатгина  Холиқнинг изни ила савол жавоб қилинишлигини ҳар бир ақли етук инсон англаб олади. Пирнинг  изнисиз савол жавоб қилмайди деб даъво қилаётганларнинг нотўғри ақидаси  илмсизликдандир. Сўфи Аллоҳёр бобомиз “Ақида билмаган шайтона элдур, Агар минг йил амал қилса елдур” деб ақидани начоғлик зарур эканлигини таъкидлаб ўтганлар. Бугунги кунда ахли сунна вал жамоа ақидасидан адашмаслигимиз ҳамда амалларимизнинг ҳабата бўлишлигидан  асрашлигимиз учун тасаввуф ҳақида етарлик  илм ва маълумотга эгa бўлишликка интилмоқлигимиз ва  бу борада юртимиздаги уламоларимизга  эргашмоқлигимиз жуда зарурдир.

 

Рашидов Аброрхўжа 

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом 

билим юрти ходими