Яратилиш санаси 27.06.2021

Тасаввуф таълимотининг илк намоёндалари

Тариқат, (тасаввуф) аслида руҳий-маънавий покланишга даъват этадиган инсонпарварлик ғояларини тарғиб этувчи таълимотдир. Унинг намоёндалари узоқ асрлардан бери инсониятнинг маънавий тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келмоқдалар. Саодат асри ва ундан кейинги дастлабки вақтларда ҳам Ақоид, Фиқҳ, Ислом тарихи ва бошқа диний илмлар қатори Тасаввуф ҳам алоҳида ажраб чиқмаган эди.

Ўша даврдаги мусулмонлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлик чоғларида барча нарсада у зотнинг ўзига эргашар эдилар.

Кейинчалик эса саҳобалар ўзлари Қуръон ва суннатдан керакли ҳукм ва хулосаларни чиқариб олиб юрдилар. Ўша пайтда руҳий камолотга, зикр ва зоҳидликка мойил зотлар ўзлари учун керакли оят ва ҳадислардан далил топиб, мазкур ишларни ўз ҳаётларига татбиқ қилдилар.

Бу борада саҳобаи киромлар ичида тўрт рошид ҳалифа, Абу Зарр ал-Ғифорий, Абдуллоҳ ибн Амр, Абу Дардо, Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Умар, Салмон Форсий, Асҳоби суффа розияллоҳу анҳумлар ва бошқалар кўзга кўринган эдилар.

Тобеинлар авлоди эса бошқа барча илмлар қатори руҳий тарбия ва нафсни жиловлаш илмини ҳам саҳобалардан қабул қилиб олдилар. Улар орасидан тасаввуф йўналишини белгилашда ва унинг шаклланишида катта ҳисса қўшган зотлар етишиб чиқди.

Булардан Увайс ал-Қароний, Ҳасан ал-Басрий, Саъид ибн Мусаййиб, Жаъфар Содиқ, ва бошқаларни барча эътироф этиб зикр қиладилар. Уларнинг тутган тасаввуфи энг тўғри тасаввуф эканига ҳеч ким хилоф қила олмаган. 

Исломнинг кенг тарқалишида ҳам тасаввуфнинг ўрни беқиёс. Хусусан, юртимиздан етишиб чиққан  тасаввуф намоёндалари ва тариқат асосчилари ислом динини кенг ёйишда буюк хизматлар қилганлар. Ўрта Осиё халқларининг бой, маданий меросини ҳам тасаввуф тариқатларисиз тўлиқ тасаввур этиб бўлмайди. Ўтган асрларда  яшаган ва ижод этган кўпгина олимлар, ёзувчилар, ҳатто йирик давлат ва жамоат арбоблари ҳам тасаввуфнинг турли тариқатларига мансуб бўлганлар. Бу ўша даврларда ҳам тасаввуфнинг таъсири кучли бўлганидан далолат беради.

Абдулносир Бобамирзаев

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти ўқитувчиси