«Энг яхши китобхон» танловининг саралаш босқичига старт берилди
Ўзбекистон Мусулмонлар идорасининг 01А/43-сонли буйруғига асосан жорий йилнинг май ойида ЎМИ тасарруфидаги диний таълим муассасалари талабалари ўртасида “Энг яхши китобхон” танловининг республика босқичи бўлиб ўтиши режалаштирилган.
Мазкур танловнинг Биринчи босқич — «Саралаш босқичи» таълим муассасалари кесимида ўтказилади. Бугун таълим муассасамизда ушбу босқичга старт берилди.
Танловни самарали, ҳамда кўтаринки руҳда ўтказиш учун Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасидан малакали мутахассислар жалб қилинди.
Талабалар саралаш босқичида қуйидаги 3 та шарт асосида ўзаро беллашадилар:
1-шарт. «Тест синови» шарти.
Ушбу шартда иштирокчилар бадий, илмий-оммабоп асарлар, буюк мутафаккир ва адибларимиз ҳаёти ва ижодига оид 50 та саволдан иборат тест синовидан ўтказилади. Бунда ҳар бир тўғри жавоб учун 2 балл берилади.
2-шарт. «Бадий асарлар билимдони» шарти.
Ушбу шартда танлов учун тавсия этилган асарларнинг мазмун-моҳияти, ғояси, мазмуни ва бугунги кундаги аҳамияти иштирокчилар томонидан қисқача гапириб бериш талаб этилади.
Иштирокчилар ушбу шарт бойича тайёрланган билетлардан бирини танлайди ва билетда кўрсатилган асарни қисқача гапириб беради. Тайёргарлик кўриш учун 1 дақиқа, жавоб бериш учун 3-5 дақига вақт белгиланади. Гапириб бериш жараёнида иштирокчига ҳакамлар ҳайъати томонидан асар бўйича қўшимча саволлар берилиши мумкин. Мазкур шарт 100 балли тизимда баҳоланади.
3-шарт. «Тезкор савол-жавоб» шарти.
Мазкур шартда тайёрланган билетлар асосида тавсия этилган адабиётлар бўйича 5 та савол берилади. Саволларга жавоб бериш тартиби тезкор савол-жавоб шаклида бўлиб, ҳар бир саволга ўйлаш учун 5 сония вақт берилади. Ҳар бир тўғри жавоб учун 5 балл берилади.
Ушбу танловда барча иштирокчиларга омад ва зафарлар тилаб қоламиз!
Билим юрти матбуот хизмати