СОҒЛОМ ЭЪТИҚОД АСОСЛАРИ (Мотуридия таълимоти асосида)
Эътиқод деганда нимани тушунасиз - Маълумки, ҳар бир диннинг асосида эътиқод муҳим ўрин эгаллайди. Эътиқод – кишининг муайян мақсад, ғоя, таълимот, шунингдек бирор ҳодиса, борлиқ мавжудлиги ва унинг хусусиятлари ҳаққоний эканлигига ишончидир. Демак, ишонч эътиқоднинг асосини ташкил этади. Бироқ, ҳар қандай ишонч ҳам эътиқодга айланмаслиги мумкин.
Эътиқод билим билан боғлиқми? Эътиқод илмсиз ҳам вужудга келиши мумкин. Лекин у соғлом ва мустаҳкам бўлиши учун асосли билим зарур бўлади. Бунда билим ақлга, мантиққа таяниши ҳам, нақлий далиллар яъни, илоҳий манбаларга асосланиши ҳам мумкин.
Одатда, эътиқод деганда диний эътиқод тушунилади. Аслида, эътиқод диний ҳам, дунёвий ҳам бўлиши мумкин. Диний эътиқод ғайритабиий кучлар ва ҳодисаларга ишониш, сиғиниш орқали шаклланса, эътиқоднинг дунёвий кўриниши эса инсонни ўраб турувчи объектив оламдаги нарса ва ҳодисаларни ҳиссий тажриба ва илмий билиш асосида шаклланади.
Мотуридия ақидаси Қуръон, ҳадис ва ақл-идрок, мантиқ ва ҳақиқатга яқин экани билан бошқа таълимотлардан ажралиб туради. Абу Мансур Мотуридий ўз таълимоти билан боғлиқ аксарият фикрларини "Китоб тавҳид" асарида баён этган. Хусусан, ўзга тоифадаги фирқаларга қарши шундай сўзларни айтади: "Улар тафаккур ва тадқиқ билан қарасалар эди, Аллоҳ таоло ҳам бандаларини тафаккур ва тадқиқот, ибрат ва тажриба билан иш қилишга буюрганини тушунар эдилар, ибрат ва тафаккур эса илм манбаларидан биридир".
Бу таълимот муътазилийлар каби фақат ақлга суяниш эмас, балки нақлдан ҳам қўшиб фойдаланишни зарур деб билади. Ақида борасида қўшган яна бир ҳиссаси шуки, ўша даврларда жуда кўплаб фирқалар эътиқод борасида ўз фикрлари билан мусулмон аҳлини турли йўлларга бошлаган. Мотуридий шунга чек қўяди ва бу ўлкада ягона ақида тизимини яъни ҳанафийа мазҳаб асосида ўрнатади. У барча ақидалар орасидаги баҳсли мавзуларни ҳар бир фирқага далиллар асосида исботлаб беради. Натижада турли хилдаги майда оқимлар кўпайишининг олди олинади.
Абдулазиз Бобамирзаев
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти мудири