Қурбонлик қилиш Аллоҳ таолони улуғлашдир.
Аллоҳ таоло Исломдан илгари ўтган умматлар зиммасига ҳам қурбонлик қилишни жорий этган. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
وَلِكُلِّ أُمَّةٍ جَعَلْنَا مَنسَكًا لِّيَذْكُرُوا اسْمَ اللَّهِ عَلَىٰ مَا رَزَقَهُم مِّن بَهِيمَةِ الْأَنْعَامِ ۗ فَإِلَٰهُكُمْ إِلَٰهٌ وَاحِدٌ فَلَهُ أَسْلِمُوا ۗ وَبَشِّرِ الْمُخْبِتِينَ )
Биз (сизлардан аввалги мўмин миллатлардан ҳам) барча миллатга (Аллоҳ) уларни ризқлантирган чорва ҳайвонларини (сўйиш-қурбон қилиш) устида Аллоҳнинг номини зикр қилишлари учун қурбонлик қилишни буюрганмиз. Бас, (барчаларингизнинг) илоҳингиз бир Илоҳдир. Бас, Унгагина бўйинсунингиз! Итоат қилгувчи зотларга хушхабар беринг! (ҳаж сураси 34 – оят)
Ҳамма ибодат Аллоҳ учун бўлганидек, қурбонлик ибодати ҳам Аллоҳ учундир. Қурбонлик қилиш бошқа ибодатлар каби Аллоҳ учун дейилсада, аслида фойдани инсон кўради. Қурбонлик қилинган ҳайвоннинг гўштидан сўйган одамнинг ўзи ва фақирлар манфаатдор бўлади. Аллоҳ таоло эса инсоннинг қалбидаги ниятига кўра муомала қилади. Қуйидаги оят шунга далолат қилади:
لَن يَنَالَ اللَّهَ لُحُومُهَا وَلَا دِمَاؤُهَا وَلَكِن يَنَالُهُ التَّقْوَى مِنكُمْ كَذَلِكَ سَخَّرَهَا لَكُمْ لِتُكَبِّرُوا اللَّهَ عَلَى مَا هَدَاكُمْ وَبَشِّرِ الْمُحْسِنِينَ
Аллоҳга (қилган қурбонликларингизнинг) гўштлари ҳам, қонлари ҳам етмас. Лекин У зотга сизларнинг тақво-ихлосингиз етар. Аллоҳ сизларни ҳидоят қилгани сабабли У зотни улуғлашларингиз учун (яъни, қурбонликларингизни сўяётган пайтингизда Аллоҳнинг исмини зикр қилишингиз учун) уларни сизларга бўйсундириб қўйди. Яхшилик қилгувчиларга хушхабар беринг. (Ҳаж сураси, 37-оят)
Дарҳақиқат, қурбонликка сўйилган ҳайвонларнинг гўштларини ҳам, қонларини ҳам Аллоҳ таоло олмайди. У зот уларга муҳтож эмас. Қурбонлик қилишдан мақсад банданинг Аллоҳ амрига итоатини ва тақвосини намоён этишдир. Банда ихлос билан қурбонлик қилиб, Аллоҳ йўлида жонлиқ сўймоқдами, демак, ўша банданинг Аллоҳ таолога тақвоси бор экан. Аллоҳнинг розилиги учун борини қурбон қилишга тайёр экан. Шу билан бирга қурбонлик қилиш банда учун Аллоҳни улуғлашга бир фурсатдир. Банда Аллоҳ таолони қанча улуғласа, шунча оз. Биргина ҳидоятга бошлаб қўйгани учун қанча такбир айтса,оз. Қурбонлик қилиш ҳам, Аллоҳ таолонинг йўлида ҳар қандай қурбонлик беришга тайёр эканини кўрсатиш ҳам ўша ҳидоят учун Аллоҳ таолони улуғлашдир.
Муҳитдинов Алишер
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти ўқитувчиси