Ислом дини - эстремизмга қарши
Ислом дини мўътадил эканлигининг ўзи унинг ҳар қандай экстремизмга қарши эканлигининг яққол исботидир. Мўтадиллик дегани, ҳаддан ҳам ошмайди, сусткашликка ҳам йўл қўймайди, балки, ҳар бир ишнинг энг ўртасини, яъни адолат нуқтасини тутади. Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: Анас розияллоҳу анҳу айтадилар: Уч киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёлларининг уйларига У зотнинг қандай ибодат қилишлари ҳақида сўраш учун келишди.
Саволларига жавоб олишганидан кейин, гўёки ўзларича бу амалларни оз деб санашди ва: бизларга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга етишишга йўл бўлсин. Аллоҳ таоло У зотнинг аввалги ва кейинги гуноҳларини кечириб қўйган бўлса, дейишди ва улардан бири: мен бундан буён туни билан ухламай намоз ўқиб чиқаман, деди. Бошқаси: мен эса умрим давомида ҳеч нарса емай рўза тутиб ўтаман, деди. Учинчиси: мен аёлларга яқин йўламай, уйланмай ўтаман, деди. Шу вақт Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келиб қолдилар ва: “Сизлар-ми, фалон, фалон нарса деб айтаётган? Аллоҳга қасамки, мен сизлардан кўра Аллоҳдан кўпроқ қўрқаман, сизлардан кўра тақводорроқман, шундай бўла туриб рўза ҳам тутаман, оғзимни ҳам очаман. Кечалари намоз ҳам ўқийман, ухлайман ҳам. Аёлларга ҳам уйланаман. Бас, кимда ким менинг йўлимни тутишни хоҳламаса у мендан эмас”, дедилар.
Бошқа бир ҳадисда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Албатта, мен бағрикенг, мўътадил динни олиб келдим, бидъат бўлган роҳибликни олиб келганим йўқ. Билингларки, илгариги қавмлар ўзларича роҳибликни жорий қилиб олдилар, алалоқибат роҳиблик уларга фарз бўлиб қолди. Кейин эса, улар роҳиблик қоидаларига риоя қилмай қўйдилар. Бас, шундай экан сизлар гўштни ўзингизга ҳаром қилмасдан енглар, аёлларга уйланинглар, рўза тутинглар, ифторлик қилинглар, кечалари намоз ўқиб, вақтида ухланглар. Албатта, мен шунга буюрилганман”. (Табароний Абу Амомадан ривоят қилган).
Абдулазиз БОБАМИРЗАЕВ