Яратилиш санаси 17.05.2023

АҚОИД ФАНИ ҲАҚИДА

Энди мен ҳам бу диплом лойиҳамда ислом динидаги билиниши лозим ва лобуд бўлган, энг зарур, ўта муҳим масалалардан бўлмиш ақийда илмидаги “Исломда тақдир ва инсон масъулияти” масаласига Аллоҳ муяссар қилганича батафсил тўхталаман. Аввало ақийданинг ўзи нима?, У қандай илм?, Унинг таърифи ва мақсади ҳамда номлари нималардан иборат? Келинг, шулар ҳақида озгина маълумот бериб ўтсак.

Аслида, бирор нарсага эътиқод қилиш учун уни ҳеч қандай шубҳа қолдирмайдиган даражада яхши билиш керак. Бунинг учун аввало ўша нарсани идрок қилиш керак. Кейин эса, ўша ҳиссий идрок илмий маърифатга айланиши лозим. Сўнгра доимий ўтиши, бошқа далилларнинг собит бўлиши ила ўша илмимиз тасдиқланади ва унга бўлган ишончимиз кучли бўлади. 

Мазкур илмга бўлган ишонч онгимизда мустаҳкам қарор топганидан сўнг у бизнинг ақлимизга ва қиладиган ишларимизга ўз таъсирини ўтказадиган  бўлади.

Қачонки маълум бир илм бизнинг фикримизга айланиб, ҳис – туйғуларимизни йўллайдиган ва ҳаракатларимизни бошқарадиган ҳолга етганда, ақийдага айланган бўлади. Демак, ақийда илмга асосланган бўлиши лозим.

Уламоларимиз ақоид илмини турлича таъриф қилганлар. Баъзи миссолларни келтирамиз:

Имом Ғаззолий ўзларининг машҳур “Иҳёу Улумид-дин” номли китобларида:

“Ақоид тавҳид идрок этиладиган, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг зоти ва сифатлари ҳақидаги билмни эгалланадиган илмдур”, деганлар.

Аш–Шариф Ал–Журжоний ўзининг “Ал-Мавоқиф”га қилинган шарҳида:

“Калом бир илмдирки, унда Ислом қонуни асосида Аллоҳ таолонинг зоти ва сифатлари ҳақида ҳамда бошланиш ва қайтарилиш каби мумкинотлар аҳволи ҳақида бахс қилинади”.

Таърифларнинг энг жамловчиси, энг осони, энг шомили ва энг қисқаси, Аллома Али Қорининг “Ал–Фиқҳул Акбар”га қилган шарҳининг такмилисида, 146–саҳифасида зикр қилган таърифидир:

“У бир илмки, унда эътиқод қилиш лозим бўлган нарсалар ҳақида бахс қилинади”.

Биз эса, ушбу таърифлар бир – бирини тўлдириб келади ва яна баъзи камчиликлар қолади, деймиз. 

Маҳмудов Калимуллоҳ

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти ўқитувчиси