ЖУМАНИНГ ФАРЗЛИГИ ВА ФАЗИЛАТИ (1-ҚИСМ)
Аллоҳ жалла шаънуҳу: «Эй, иймон келтирганлар! Қачон Жума куни намозга нидо қилинса, Аллоҳнинг зикрига шошилинглар ва савдони тарк этинглар. Агар билсангиз, ана шундоқ қилмоғингиз сиз учун яхшидир», деган. (Жума: 9) Шарҳ: Ушбу ояти карима Жума намозининг фарзлигини баён қилувчи оятдир. Бунга Ислом умматидан ҳеч ким хилоф қилмайдир.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қуёш чиққан куннинг энг яхшиси Жума кунидир. Унда Одам халқ қилинди. Унда у жаннатга киритилди. Унда у жаннатдан чиқарилди. Қиёмат куни ҳам фақатгина Жума куни қоим бўлур», дедилар». Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
Абу Довуд қуйидагиларни зиёда қилган: «Унда унинг тавбаси қабул қилинди. Унда у вафот қилди. Унда қиёмат қоим бўлур. Жума куни ҳамма жониворлар тонг отгандан то қуёш чиққунча (қиёмат) соатини қўрқинч ила кутиб турурлар. Фақат жин ва инс бундан мустасно», дейилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда Ислом уммати учун ҳафтанинг энг яхши куни қилиб берилган, ҳафталик байрам куни, жамоат бўлиб алоҳида ибодат қиладиган кун, Жума кунининг қандоқ кун экани, у кунда нималар бўлгани ҳақида сўз бормоқда. Аллоҳ таоло мусулмонлар учун айнан шу кунни ихтиёр қилганига бир неча сабаблар бор экан.
«Қуёш чиққан куннинг энг яхшиси Жума кунидир». Зотан, қуёш чиқмаса кундуз ҳам бўлмайди. Аммо бу оддий ҳақиқатни айтиш маънони таъкидлаш учундир. Энди, нима учун қуёш чиққан кунинг энг яхшиси Жума куни эканини ҳадиси шарифдаги баён қилинган нарсалар ёғдусида ўрганиб чиқайлик:
1. «Унда Одам халқ қилинди». Инсониятнинг асли ҳисобланмиш, Одам алайҳиссаломни Аллоҳ таоло Жума куни яратган. Бу эса ушбу кун қанчалик фазилатли кун эканини билдиради. Ушбу ҳодисани тез-тез эслаб туриш учун, Жума куни ҳафтанинг байрам кунига айлантирилган.
2. «Унда у жаннатга киритилган». Аллоҳ Одам отани жаннатга киритган кун ҳам Жума куни. Демак, Одам алайҳиссалом жаннатдан ташқарида яратилганлар. У кишининг улуғлаб жаннатга киритилган кунларини, зурриётлари байрам қилишлари керак. Шунинг учун Жума куни, ҳафтанинг байрам куни қилингандир.
3. «Унда у жаннатдан чиқарилди». Яъни, Жума кунида Одам алайҳиссалом жаннатдан чиқарилди. Бошқа бир ривоятда, ерга туширилди, дейилган. Бу ҳам улуғ неъмат. Чунки Одам алайҳиссалом жаннатда гуноҳ қилиб ҳар қандай иқобга дучор бўлиш даражасига етган эди. Аллоҳ таоло эса у кишини мағфират қилиб, ерга Ўз халифаси қилиб туширди. Бу ҳам улкан неъматдир. Шунинг учун ҳам Одам алайҳиссаломнинг зурриётлари бу кунни ҳафтанинг байрам куни қилишлари лозимдир.
4. «Қиёмат куни ҳам фақатгина Жума куни қоим бўлур». Ана ўшанда мўмин бандалар асосий мақсадларига эришадилар. Роббилари жамолига мушарраф бўлиб, жаннати неъматга дохил бўлурлар. Ана шундоқ буюк хурсандлик бўладиган бир кунни, бу дунёда ҳафтанинг байрам куни қилиб олиш жуда ҳам зарур.
5. «Унда унинг тавбаси қабул қилинди». Яъни, Жума кунида Одам алайҳиссаломнинг тавбаси қабул қилинди. Тавбанинг қабул бўлиши улкан бахтдир. Тавба қабул қилинмаса, бадбахтлик бўлур эди. Иқобга қолинур эди. Шунинг учун ҳам, Одам алайҳиссаломнинг фарзандлари бу кунни ҳафталик байрам куни, қилиб олишлари маъқулдир.
6. «Унда у вафот қилди». Яъни, Жума кунида Одам алайҳиссалом вафот этдилар. Имом ал-Ҳоким келтирган ривоятда: «Ўлим мўминларнинг туҳфасидир», дейилган. Чунки ўлим ила мўминлар бу дунё ташвишларидан қутулиб, охират неъматларига эришадилар. Шунинг учун ҳам Одам алайҳиссаломнинг болалари бу кунни ҳафталик байрам куни қилишлари керак.
7. «Унда қиёмат қоим бўлур. Жума куни ҳамма жониворлар тонг отгандан то қуёш чиққунча (қиёмат) соатини қўрқинч ила кутиб турурлар. Фақат жин ва инс бундан мустасно». Жума куни қиёмат қоим бўлиши ҳақида юқорида гапириб ўтдик. Кейинги жумладан эса қиёмат Жума куни тонг отгандан то қуёш чиққунча бўлган муддатда қоим бўлишини билиб оламиз. Шунинг учун ҳар Жума куни ўша вақтни ҳамма жониворлар қиёмат қоим бўлиб қолармикан, деган қўрқинч ила ўтказар эканлар. Фақат одамлар ва жинлар ғафлат босиб, бу нарсани ҳис қилмас эканлар. Демак, инсоният тарихида шундоқ муҳим ҳодисалар бўлиб ўтган ва бўладиган кунни улуғлаш, байрам қилиш, тўпланиб ибодат, дуо ва илтижо билан ўтказиш жуда ҳам зарурдир.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Биз (дунёда) охиргиларимиз, қиёмат куни олдингилармиз. Фақат уларга биздан олдин китоб берилган, холос. У бизга улардан кейин берилган. Сўнгра, ушбу кун (Жума), Аллоҳ уларга (ибодатини) фарз қилган кундир. Бас, улар унинг ҳақида ихтилоф қилдилар. Сўнгра Аллоҳ унга бизни ҳидоят қилди. Одамлар унда Бизга эргашувчидирлар. Яҳудийлар эртага, насоролар индингга», дедилар». Икки шайх ва Насаий ривоят қилган. Имом Муслимнинг ривоятида: «Биз (дунёда) охиргилар, қиёмат кунида олдингилармиз. Биз жаннатга биринчи кирувчилармиз», дейилган.
Шарҳ: «Биз (дунёда) охиргиларимиз» деганлари бу дунёга охирги келган умматмиз. Бошқа умматлар дунёга биздан олдин келганлар, деганларидир.
«Қиёмат куни олдингилармиз» Яъни, қиёмат куни олдин тирилтириламиз, ҳисоб-китоб қилинамиз ва жаннатга киритиламиз. Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Ислом уммати дунёдаги охирги уммат эканлиги. Қиёмат қоим бўлгунча бошқа уммат пайдо бўлмаслиги. Исломдан кейин чиққан барча динлар сохталиги шундан маълум бўлади.
2. Қиёмат куни Ислом уммати олдинги уммат бўлиши. Бу Ислом умматининг барча умматлардан афзал эканини кўрсатади.
3. Бошқа умматларга Ислом умматидан олдин китоб берилгани.
4. Ислом умматига охирги китоб берилгани. Ундан кейин ҳеч кимга илоҳий китоб берилмаслиги.
5. Аллоҳ таоло олдинги ўтган умматларга ҳам Жума куни ибодатини фарз қилгани. Аммо улар бу илоҳий марҳаматга шукр қилиб, амрга бўйсуниш ўрнига Жума куни ҳақида ихтилофга тушганлар. Уни байрам ва ибодат куни қилиб олмаганлар. Яҳудийлар Мусо алайҳиссаломдан уни Шанба кунига алмаштиришни талаб қилганлари ва талаблари қондирилганлиги ҳақида ривоятлар бор.
6. Аллоҳ таоло Ўз ҳидояти ила Ислом умматини Жума куни ибодатига йўллаб қўйганлиги.
7. Ислом уммати қиёмат куни жаннатга биринчи бўлиб кириши.
8. Бу борада бошқа умматлар Ислом умматига тобеъ эканлиги. Ислом умматининг ҳафталик байрами – ибодат куни аввал келиб, эртасига яҳудийларнинг куни – Шанба, индинига насронийларнинг куни – Якшанба келиши. Ушбу ривоятлардан Жума куни улуғ кун эканлиги, у кунда улкан ҳодисалар бўлгани кўриниб турибди. Энг афзал куннинг ибодати ҳам афзал бўлади. Шунинг учун Жума намози мусулмонлар учун фарз қилинган. Келаси ҳадисларда айнан ана ўша намоз ҳақида сўз юритилади.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг минбарлари устида туриб: «Ёки қавмлар жумаларни тарк қилишдан тўхтарлар. Ёки Аллоҳ уларнинг қалбларига муҳр босур ва сўнгра ғофиллардан бўлурлар», дедилар». Муслим, Насаий ва Аҳмад ривоят қилган.
Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг ушбу ҳадисларида Жума намози ўқимаганларнинг қалбларига муҳр босилиб, ғофиллардан бўлиб қолишлари турган гап эканлигини таъкидламоқдалар.
Демак, барчамиз Жума намозини ўз ўрнида адо этишга ҳаракат қилмоғимиз лозим.
Исмаилов Акрамхон
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти ўқитувчиси