Яратилиш санаси 15.02.2023

ЖУМАНИНГ ФАРЗЛИГИ ВА ФАЗИЛАТИ (2-ҚИСМ)

Абу Жаъд аз-Зомрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким писанд қилмай уч жумани тарк этса, Аллоҳ унинг қалбига муҳр босгай», дедилар». Сунан эгалари ва ал-Ҳоким ривоят қилган.

Шарҳ: Ушбу ҳадиснинг ровийси Абу Жаъд аз-Зомрий кунялари билан машҳур бўлган, бу саҳобани исмлари Амр ибн Бакрдир. Бу зот Маккани фатҳ этиш ва Табук ғазотларида иштирок этдилар. Жамал воқеасида, Оиша розияллоҳу анҳо онамиз билан қатнашиб, мана шу урушда вафот этдилар. Ҳадисларни Салмон Форсийдан ривоят қилдилар. Бу кишидан Убайда ибн Суфён ал-Ҳазрамий ва бошқалар ривоят қилади. Ушбу ҳадиси шарифда Жума намозига эътиборсизлик билан қараш, уни оз бўлса ҳам тарк қилиб бўлмаслиги ҳақида сўз бормоқда. Уч Жума намозини узрсиз, эътиборсизлик ила тарк қилган одамнинг қалбига Аллоҳ муҳр босиб, яхшилик кирмайдиган қилиб қўйиши ўша одамнинг ўзи учун, оиласи учун, жамияти учун катта бахтсизликдир. Чунки Аллоҳ муҳрлаб қўйган қалбдан ҳеч қачон яхшилик чиқмайди. Бундан ортиқ бахтсизлик бўлиши мумкин эмас. Демак, аъзолари ичида Жума намози ўқийдиганлари кўп бўлган жамиятда яхшилик кўп бўлади. Ҳар бир жамиятнинг аъзолари ичида Жума намоз ўқимайдиганлари қанча кўп бўлса, ўша жамиятнинг ёмонлари, мусибатлари ва мушкиллари ҳам шунчалик кўпайиб бораверади. Ичимизда Жума ўқимайдиганларимиз бўла туриб, нега жамиятимиз яхшиликка эриша олмаяпти, деб ажабланмасак ҳам бўлаверади. 

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир Жумани заруратсиз тарк этса, ҳеч ўчирилмайдиган ва алмаштирилмайдиган китобга мунофиқ, деб ёзилур», дедилар». Шофеъий ривоят қилган. Абу Довуд ва Насаийнинг ривоятларида: «Ким бир Жумани узрсиз тарк қилса, бир динор садақа қилсин. Агар топмаса, ярим динор», дедилар». 

Шарҳ: Ушбу икки ривоятда, узрсиз бир Жума намозини тарк қилиш қанчалик катта гуноҳ эканлиги алоҳида таъкид билан баён қилинмоқда.

Бир одамнинг номи, ҳеч ўчирилмайдиган ва алмаштирилмайдиган китобга мунофиқ, деб ёзиб қўйилиши унинг абадий мунофиқ бўлиб қолиши ҳақидаги хабардир. Узрсиз Жума намозини тарк қилган одам, бу гуноҳни ювиш учун топса бир, топмаса ярим динор садақа қилиши ҳам бу гуноҳ қанчалар оғир гуноҳ эканлигини кўрсатиб турибди. Аввало, оғир гуноҳларгагина садақа ила каффорот берилади. Қолаверса динор, тилло пул бўлиб, ўша вақтда катта маблағ ҳисобланган.

Исмаилов Акрамхон 

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти ўқитувчиси