Соҳта тариқатчиларга раддия
Тасаввуфнинг илм сифатида шаклланишига улкан ҳисса қўшган, кўплаб уламолар диёримиздан етишиб чиққан бўлиб, уларнинг ёзиб қолдирган асарлари ҳалқимизнинг маънавий меъроси ҳисобланади. Юртимизда кенг тарқалган “Нақшбандия” тариқатининг таълимотида устоз ва шогирдлар илм фарзлиги, ижтимоий фойдали меҳнат билан шуғулланиш зарурлиги, оилани унутмаслик ва ислом аҳкомларини мутаассибона талқин қилмаслик борасида ўта жиддий ва масъулиятли талаблар қўйилган.
Баъзи сохта тариқатчилар томонидан тасаввуфнинг мазмунини бузиб, уни таълимоти, шариъат аҳкомлари ва ижтимоий ҳаётдан узоқлашган ҳолда талқин этилмоқда, Исломда бирор-бир шайхга мурид бўлиш ҳеч кимга фарз қилинмаган. Тариқатчиларнинг “Пири йўқнинг пири шайтон” деган хато даъвоси ҳеч қандай шаръий далилга эга эмас. Баъзи ҳудудларда пирга эргашган тариқатчиларнинг қазо бўлган намозлари ва рўзаси соқит бўлиши ҳақидаги даъвоси исломга бутунлай зиддир. Суфийликни даъво қилаётган шахслар оиласини ойлаб маблағсиз, болаларини эса тарбиясиз қолдирган ҳолда пирнинг хизматини қилиб юришлари ва бировнинг эҳсони билан кун кечиришликлари ижтимоий иллат бўлиб, ислом таълимотига ва соф Нақшбандия таълимотига зиддир.
Тарихга назар соладиган бўлсак, ҳаттоки ўтиб кетган Пайғамбарларнинг ҳаммаси пайғамбар бўлсада тирикчилик учун оиласини боқиш учун ҳалол касб қилганлар. Масалан Одам (а.с) деҳқончилик, Идрис (а.с) темирчилик билан, Мусо ва Муҳаммад (а.с) лар чорвачилик қилганлар. Муҳаммад (а.с) кеинчалик тижорат билан шуғулланган. Пайғамбарлардан мерос қолган бу қадрият валийлик мақомига эришган аҳли уламо тамонидан муносиб давом эттирилган. Тасаввуф шайхлари ҳалқнинг маънавий раҳбарлари, руҳоний мураббийлари сифатида майдонга чиқиб, пайғамбар (а.с) фаолияти, ҳолатларини давом эттиришга жазм этганлар.
Пайғамбарлардан кейин тасаввуфни давом эттирган сиймолар жуда кўп бўлиб, биз айнан ўзимизнинг юртимиздан чиққан сиймолар тарихига назар ташлаймиз. Хожагон шайхлари ўзлари албатта бирор касб-ҳунар билан машғул бўлганлар. Масалан Хожа Али Ромитаний-тикувчи, Муҳаммад Бобойи Саммосий – боғбон, Саййид Амир Кулол – кулолчи, Баҳоуддин Нақшбанд – наққош, тўқувчи ва чорвадор бўлган, Амир Кулолнинг ўғли Амир Ҳамза – овчи, Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор – чорвадор ва савдогар бўлганлар. Мазкур сиймолар ҳатто ишсиз бирор касбу-ҳунарсиз кишиларни муридликка ҳам қабул қилмаганлар.
Нақшбандия таълимотида шундай олтин қоида бор: “Дилба ёру дастба кор”. Бу қоида бутун дунё аҳли эътироф этадиган олтин қоидага айланди. Унга ҳеч ким эътироз билдира олмади. Демак ким бўлишлигидан қатъий назар ҳалол касб билан оиласини ташлаб кетмасдан, тарку дунёчилик қилмасдан оиласига ва фарзандларига ғамхўр бўлишлик талаб қилинади. Ҳадиси шарифлардан бирида Пайғамбаримиз ( с.а.в) "Исломда тарки дунёчилик йўқ" дедилар.
Сохта тариқатчиларнинг ислом аҳкомларига нисбатан эътиборсизликлари яъни даъволари пирга қўл берганни қазо намозлари ва рўзалари соқит бўлади деганлари. Буларнинг даъволарига раддия сифатида қўйидаги далилларни келтирамиз; Ҳанафий уламоларидан Шайх Аҳмад Маъруф Мулло Живон Содиқийнинг “Нурул Анвар фий шарҳи рисолатил манор” китобида шундай сўзлар келтирилади; Буйруқ билан вожиб бўлган ибодатларнинг қазолари ҳам вожиб бўлади дейилди. Масалан: Тоҳа сурасининг 14-оятида роббимиз шундай марҳамат қилади; “Мени зикр этиш учун намозни тўкис адо эт” бу роббимиз тамонидан бўлган буйруқ ёки Бақара сурасининг 183-оятида шундай марҳамат қилинади; “Эй иймон келтирганлар сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки тақводор бўлсаларингиз” мана шундай буйруқлар билан келган ибодатларнинг қазоси ҳам вожиб дейлмоқда. Фатавоий ҳиндия китобининг “қазо бобиниг 134 - бетида” шундай дейилган: Намоз вожиб бўлгандан кейин қазоси ҳам вожиб бўлади. Қасдан ёки саҳван унутиб ёки ухлаб қолишлик сабабли бўлса ҳам, қазо бўлган намоз кўп бўлса ҳам оз бўлса ҳам, қазо бўлган намозлар вожиб бўлади.
Ақида масалаларига оид-Аллоҳни шу дунёда кўриш жоиз деган даъвони қилаётганлар билиб қўйсинларки, Аллоҳнинг жамолини фақат жаннатда кўришга мушарраф бўлажакмиз, иншааллоҳу таоло.
Қуръони каримда: “Аллоҳни бу дунёда ҳеч қандай зот кўра олмайди, балки у кўз эгаларини кўради," дейилган.
Бу жавобларга қаноат қилмаганлар бўлса, Қуръони карим, ҳадиси шарифлар ҳамда буюк салафларимиз ёзиб қолдириб кетган Ислом манбаларига мурожаат қилсинлар. Ҳар қандай кароматли эшон ёки шайхул-машойих бўлмасин, шариат аҳкомларига хилоф иш тутишга ҳаққи йўқдир.
Ривожитдин Насритдинов
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти
маънавий-маърифий масалалар
бўйича мудир ўринбосари