Яратилиш санаси 23.11.2022

Имом Абу Ҳанифа ва у кишининг мазҳаблари

Аллоҳ Таоло Куръони Каримда: “Аллоҳдан бандалари орасида уламоларгина қўрқурлар... ” (Фотир сураси 28-оят) деб хабар берган. [1]

Шунингдек, Пайғамбаримиз Муҳаммад (С.А.В): “Аллоҳ бирор бандасига эзгуликни истаса, уни динда фақиҳ (фиқх илми олими) қилади”, “Аллох хар юз йил бошида унинг динини янгилаб турадиган инсонни юборади”, - деганлар.

 Ушбу ояти карима ва ҳадиси шарифларда айтилган таъриф бизнинг мазҳаббошимиз, суннийларнинг пешвоси ва дунёнинг кўп мамлакатларида, хусусан, Ўрта Осиё жумҳуриятлари, Ироқ, Афғонистон, Покистон, Ҳиндистон, узок шарқдаги Индонезия, Малазия каби йирик мамлакатлардаги мусулмонларнинг диний иштимоий хаётларида 13 асрдан бери мусулмонлар тутиб келаётган ҳанафий мазҳабининг асосчиси Имоми Аъзам (Р.А) га ҳам тегишли десак, ҳеч муболаға қилмаган бўламиз.Бу зоти шарифнинг фиқҳ илми ривожига қўшган буюк ҳиссаларини таърифу тавсиф қилишга қалам ожиздир. Зеро, ҳижрий сананинг иккинчи юз йиллиги бошидаёқ етук олим бўлиб етишган Абу Ҳанифа шариат аҳкомларини исбот қилишга замондош уламоларнинг тафаккурига келмаган усулни ислом оламига тақдим қилдилар. У ҳам бўлса Қуръони Карим оятлари ва ҳадис шарифларда учрамайдиган ҳаётий масалаларни “Рай ва қиёс” усули билан ҳал этиш эди. Бу фиқҳ илмида оламшумул воқеа бўлди. Бутун дунё фуқоҳолари шу кунга қадар ўзларининг илмий, назарий ва амалий фаолиятларида ундан самарали фойдаланиб келмоқдалар. Фиқҳ фанининг тараққиётига муносиб ҳисса қўшган кўплаб аллома-ю уламолар Имоми Аъзам (Р.А) ни буюк устоз деб биладилар ва чукур ҳурмат ва эҳтиром билан тилга оладилар.[2]       

Нўъмон ибни Собит Абу Ҳанифа хиж. 80/мелодий 699-йили Куфа шаҳрида таваллуд топганлар. Хиж. 150./ мил. 767-йили ўша ерда вафот этганлар. Бағдод шахрининг “Аскар Маҳдий” номли мавзэида Ҳайзурон номли қабристоннинг шарқий томонида дафн этилганлар. А. Дехҳудо ёзишича унинг жанозасини Ҳасан Ибн Аммора имомлигида ўқилган. Бу буюк имомнинг асл исмларига кўпчилик эътибор бермай, ҳамма уни Имоми Аъзам яъни улуғ имом, катта имом деб номлайди. Ҳақиқатдан ҳам у киши бунга сазовор зотдирлар![3] 

У киши яна асл исмлари билан эмас, балки Абу Ҳанифа куняси билан ҳам дунёда ном таратгандирлар. Тариҳ китобларининг хабар беришича, боболари Зуто Афғонистонлик Форсийлардан бўлиб, ҳазрат Али каррамаллоху важхахуга (Аллоҳ унинг юзини мукаррам қилсин) инъом қилинган хизматкорлардан бири бўлган. Арабларнинг одати бўйича хурмат ва эҳтиромнинг ифодаси сифатида бир – бирларининг исмлари билан эмас, балки кунялари билан мурожаат қиладилар. Куня – “ота” ёки “она” деган 

сўз билан бошланади ва фалончининг отаси, фалончининг онаси деган маънони англатади,  у лақаб эмасдир. Демак, Абу Ҳанифа дегани Ҳанифанинг отаси деганидир.Абн Ҳанифа деб номланишларига яна бир сабаб, Ҳанифа - доимо ҳаққа мойил бўлган ва ҳақни изловчи деганидир.Шу сабабдан у кишини Абу Ҳанифа яъни ҳақнинг отаси деб номлангандирлар.   

 Маълумки, исломда халқларнинг тили, ирқи, жинси, миллати ва яшаш жойларининг турли бўлишдан қатий назар, мусулмонлар бир умумий билан яъни, Ҳанафий миллати (Ўз динида мустаҳкам турувчи миллат),  деб аталади. Имоми Аъзам шу миллатга мажозий ота бўлганликлари сабабли, у зотга “Абу Ҳанифа” деб куня берганлар. У кишининг вафотларидан сўнг мазҳаблари, мустақил мазҳаб шаклида шакилангач, уни ҳанафий мазҳаби ва унга тақлид қилган мусулмонларни “Ҳанафийлар” деб юрита бошлаганлар. Имоми Аъзам (Бузрук имом) номи билан шухрат қозонганликларига келсак сийрат фанининг мутаҳасисларининг сўзларига қараганда, Абу Ҳанифага замондош бўлган фуқоҳолар, уламолар ва ундан кейин ўтган йирик ва забардаст ислом олимлари у зотнинг ҳақиқий мужтахид эканликларини эътироф этиб, у зот шарифни бузрук имом деб атайдилар тарихчиларнинг ривоят қилишича Имоми Аъзамнинг илк устозлари имом Жаъфар Ас – Содиқ  бўлган. Нўмон Ибн Собит отадан эрта етим қолгач у зотнинг оналари имом Жаъфар Содиқга турмушга чиқганлар. Ёш Нўмон унинг хузурида таълим ва тарбия олган. 

Имом Содиқ шиа мазхабида эътиқод қилинадиган 12 имомнинг олтинчисидир. У ўз замонасининг йирик олимларидан бўлиши билан бирга Пайғамбаримиз (А.Ҳ) нинг набиралари яъни Ҳазрат Алининг ўғли имом Хусайнинг фарзанди бўлган. Унинг хузурида имоми Аъзам ва Моликий мазҳабининг асосчиси Имом Моликнинг дарс олганлари имом Содиқнинг чуқур илмга эга бўлганларидан далолатдир.[4]     

[1] Оятлар таржимаси қуйидаги манба асосида берилди: Қуръони карим маъноларининг таржимаси. Таржима ва изохлар муаллифа Абдулазиз Мансур. –Нашриёти Тошкент, 2001-йил.       

[2] Имоми Аъзам асарлар. Абдурашид Қори Бахрамов “ Моварауннахр” Тошкент 2003-йил 3-бет. 

[3] Ислом хуқуқшунослиги ҳанафий мазҳаби ва ўрта осиё фақиҳлари. “Тошкент ислом университети” нашриёти 2002-йил. 96-бет. 

[4] Имоми Аъзам асарлар. Абдурашид Қори Бахрамов “ Моварауннахр” Тошкент 2003-йил 3-бет. 

Абдураҳимов Баҳромжон

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти ўқитувчиси