ЖАННАТ ТЎҒРИСИДА ТУШУНЧА
Жаннат луғатда – “боғ” маъносини билдиради. Бу ҳақида Қуръони Каримда шундай дейилган:
وَأَنزَلْنَا مِنَ الْمُعْصِرَاتِ مَاء ثَجَّاجًا لِنُخْرِجَ بِهِ حَبًّا وَنَبَاتًا وَجَنَّاتٍ أَلْفَافًا
“Ва сиқилган булутларда оқувчи сувлар туширдик. У сув билан дон ва ўсимликларни чиқаришимиз учун. Шунингдек, қалин (бир-бирига киришиб кетган) боғларни ҳам”[1].
Шаръий истилоҳда эса “Аллоҳ таоло ўзига иймон келтириб тақво қилган ҳолда буйруқларни бажариб, фазлу марҳаматга сазовор бўлган бандалари учун тайёрлаб қўйган жой – жаннат, деб аталади”.
أُعِدَّتْ لِلَّذِينَ آمَنُوا بِاللَّهِ وَرُسُلِهِ
“У (жаннат) Аллоҳга ва унинг пайғамбарларига иймон келтирганлар учун тайёрлангандир”[2].
أُعِدَّتْ لِلْمُتَّقِينَ
“У (жаннат) тақводорлар учун тайёрлангандир”[3].
Жаннат луғатда “боғ” маъносини билдирса ҳам, аслида “тўсилган” сўзидан олинган. “Жин”сўзи ҳам “тўсилган” маъносидадир. Чунки улар ҳам кўзлардан яширин ва тўсилган бўладилар. “Жиннилик” ҳам шу маънода бўлиб, бундай васфга эга инсоннинг қалби яхши ва ёмонни ажратиб олиш қобилиятидан тўсилганлиги учун шундай номланган. Мукофотлар диёри бўлган жойнинг “Жаннат” деб номланиши эса унга кирган кишиларни дарахтлар тўсиб тургани ёки у жойда бериладиган мукофотлар то унга киргунича тўсилган бўлганлиги учундир. Чунки жаннатда Аллоҳ таоло ўзининг солиҳ бандалари учун кўзлар кўрмаган, қулоқлар эшитмаган нозу неъматларни тайёрлаб қўйгандир.
Абу Ҳурайра р.а.дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ аъза ва жалла: “Солиҳ бандаларим учун уларга берган нарсаларимдан ташқари заҳира қилиб, кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган ва бирорта инсоннинг ҳаёлига ҳам келмаган нарсаларни тайёрлаб қўйганман”, деябти, дедилар, сўнг ушбу оятни ўқидилар:
فَلَا تَعْلَمُ نَفْسٌ مَّا أُخْفِيَ لَهُم مِّن قُرَّةِ أَعْيُنٍ جَزَاء بِمَا كَانُوا يَعْمَلُون
“Бас, уларнинг қилиб ўтган амалларига мукофот бўлсин, деб улар беркитиб қўйилган кўзлар қувончини бирор жон билмас”[4]. (Муслим ривояти).
Матнда جنات (Жаннатлар) дея кўплик шаклида келтирилди, чунки жаннатлар кўп бўлиб, уларнинг номлари Қуръони Каримда баён қилинган. Қуйида улар ҳақида келтирамиз.
- Фирдавс. (Боғ, бўстон).
إِنَّ الَّذِينَ آمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ كَانَتْ لَهُمْ جَنَّاتُ الْفِرْدَوْسِ نُزُلًا
“Албатта иймон келтирган ва эзгу ишларни қилган зотлар учун Фирдавс боғлари манзил бўлур”[5].
- Адн. (Ватан тутмоқ).
جَنَّاتُ عَدْنٍ يَدْخُلُونَهَا تَجْرِي مِن تَحْتِهَا الأَنْهَارُ لَهُمْ فِيهَا مَا يَشَآؤُونَ كَذَلِكَ يَجْزِي اللّهُ الْمُتَّقِينَ
“Улар остидан анҳорлар оқиб турадиган мангу жаннатларга кирурлар. Улар учун у ерда хоҳлаган нарсалари бордир. Тақводорларни Аллоҳ мана шундай мукофотлагай”[6].
- Наийм. (Ҳузур-ҳаловат).
إِنَّ لِلْمُتَّقِينَ عِندَ رَبِّهِمْ جَنَّاتِ النَّعِيمِ
“Албатта, тақводорлар учун Парвардигорлари ҳузурида неъмат боғлари бордир”[7].
- Хулд. (Мангулик)
قُلْ أَذَلِكَ خَيْرٌ أَمْ جَنَّةُ الْخُلْدِ الَّتِي وُعِدَ الْمُتَّقُونَ كَانَتْ لَهُمْ جَزَاء وَمَصِيرًا
“(Эй Муҳаммад! Уларга) айтинг: “Шу (дўзах) яхшироқми ёки тақводорларга ваъда қилинган мангулик жаннатими?!” улар учун (бу) мукофот ва натижа бўлур эди”[8].
- Маъво. (Турар жой)
أَمَّا الَّذِينَ آمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ فَلَهُمْ جَنَّاتُ الْمَأْوَى نُزُلًا بِمَا كَانُوا يَعْمَلُونَ
“Иймон келтирган ва солиҳ амалларни қилган зотлар учун қилган амаллари сабабли жаннат маскан(турар жой)лари манзил бўлур”[9].
- Дорус – Салом. (Омонлик диёри).
لَهُمْ دَارُ السَّلاَمِ عِندَ رَبِّهِمْ وَهُوَ وَلِيُّهُمْ بِمَا كَانُواْ يَعْمَلُونَ
“Улар учун Парвардигорлари ҳузурида Дорус – Салом (тинчлик уйи) бордир. Қилган (солиҳ) амаллари сабабли, У уларнинг дўстидир”[10].
Яъни, ибрат оладиган, мўмин-мусулмон бандаларга Аллоҳ таолонинг ҳузурида Дорус-Салом – жаннат бордир. Бу дунёда қилган яхши ишлари учун Аллоҳ таоло уларга дўст бўлур. Зотан, жаннатга эришиш ва Аллоҳ таолога дўст бўлиш ҳар бир мўминнинг олий мақсадидир.
[1] “Наъба” сураси, 14-15-16 – оятлар.
[2] “Ҳадид” сураси, 21-оят.
[3] “Оли-Имрон” сураси, 133-оят.
[4] “Сажда” сураси, 17-оят.
[5] “Каҳф” сураси, 107-оятлар.
[6] “Наҳл” сураси, 31-оят.
[7] “Қалам” сураси, 34-оят.
[8] “Фурқон” сураси, 15-оят.
[9] “Сажда” сураси, 19-оят.
[10] “Анъон” сураси, 127-оят.
Абдураҳимов Баҳромжон
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти ўқитувчиси